Ватан – инсон доимий истиқомат қиладиган, авлод-аждодлари яшаб ўтган, хотира ва қадриятлар билан боғлиқ муқаддас макондир. У фақатгина географик ҳудуд эмас, балки инсон қалбига муҳрланган, унинг шахсияти, эътиқоди ва ҳаёти билан чамбарчас боғлиқ улуғ неъматдир. Шу боис Ватанни асраш, обод қилиш ва ҳимоялаш ҳар бир фуқаронинг муқаддас бурчи ҳисобланади.
Мўмин-мусулмон инсон учун бу бурчнинг аҳамияти янада катта. Зеро, ислом дини Ватан шаънини юксак қадрлаб, уни ардоқлаш ва муҳофаза қилишни имон билан боғлайди. Ватанга беписандлик, унинг тақдирига лоқайдлик имон камолотига зид ҳолатдир. Чунки ислом таълимотида тинчлик, осойишталик ва хавфсизлик барча хайрли амалларнинг асоси ҳисобланади. Ватан тинч бўлмас экан, на ибодатда бардавомлик, на илм-маърифатда юксалиш ва на жамиятда тараққиёт бўлади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлари Ватанга муҳаббатнинг энг олий намунасидир. У зот ўзлари туғилиб ўсган Маккани тарк этишга мажбур бўлганларида: “Сендан кўра пок ва муқаддас шаҳар бирор жойда йўқ, мен учун сендан зиёда маҳбуб ва суюкли шаҳар ҳеч бир ерда йўқ. Қавмим мени чиқармаганида эди, сендан бошқа жойни маскан тутмаган бўлардим”, деганлар (Ибн Ҳиббон ривояти). Бу ҳадис Ватанга муҳаббат табиий ва шаръий туйғу эканини очиқ-ойдин кўрсатади.
Қуръони карим ва ҳадисларда Ватанни ҳимоя қилишнинг улуғ фазилати кўп баён қилинган. Хусусан, чегараларни қўриқлаш, юрт хавфсизлигини таъминлаш исломда энг улуғ ибодатлар қаторига киритилган. Салмон Форсий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир кеча-кундуз чегара ҳудудини қўриқлаш бир ой нафл рўза тутиб, тунларини ибодат билан ўтказишдан яхшироқдир”, деганлар (Имом Аҳмад, Имом Муслим ва бошқалар ривоят қилган). Бу эса Аллоҳ таоло наздида Ватан ҳимоясининг нақадар улуғ амал эканини кўрсатади.
Ватанни фақат қурол билан ҳимоя қилинмайди. Исломда бу айниқса яққол кўзга ташланади – муқаддас динимизда бу ҳимоя қалам билан, сўз билан, маърифат ва ҳақиқатни тарғиб қилиш билан ҳам амалга уқтирилади. Ватан шаънига ёғдирилган бўҳтон, унга қарши уюштирилган фитналарга қарши маънавий жиҳатдан курашиш ҳам муҳофазанинг муҳим кўринишидир.
Шу билан бирга, Ватанга хиёнат исломда энг оғир гуноҳлардан саналади. Ҳадиси шарифда: “Мўмин ҳар қандай хислатга мойил бўлиши мумкин, аммо хиёнат ва ёлғонга мойил бўлмайди”, дейилган (Абу Яъло ва Баззор ривояти).
Қуръони карим эса, юртни ҳимоя қилишда матонатли бўлиш қатъий амр этилган. Анфол сурасининг 15–16-оятларида: “Эй имон келтирганлар! Кофир бўлганлар тўдаси билан тўқнашганингизда, улардан ортга қараб чекинмангиз! Ким ўша куни улардан ортга чекинса – жанг иши билан четлаган ва бирор бўлинмага қўшилишга борганлар бундан мустасно – Аллоҳнинг ғазаби билан (бирга) қайтган бўлиб, жойи жаҳаннам бўлур. Қандай ҳам ёмон тақдирдир бу!” дейилади. Яъни, оятда душман билан тўқнаш келганда чекинмаслик, эл-юрт шаънини ҳимоя қилиш йўлида жасорат ва сабот кўрсатиш буюрилмоқда. Ислом тарихи мусулмонларнинг азму шижоатига кўп гувоҳ бўлган.
Хавфли вақтларда ўқиладиган намоз тартиби исломда ҳимоя ва эҳтиёт чораларига қанчалик аҳамият берилишини кўрсатади. Бир гуруҳ ибодат қилаётганида, иккинчиси қуролини яланғочлаб, қўриқлаб туради. Бу тадбир исломда ибодат билан Ватан муҳофазаси ўзаро уйғун эканига ёрқин тасдиқдир.
14 январь Ўзбекистонда Ватан ҳимоячилари куни сифатида нишонланади. Бу сана юрт тинчлиги, осойишталиги ва мустақиллигини асрашдек улуғ ва масъулиятли вазифани ўз зиммасига олган Ватан посбонларига чуқур эҳтиром ифодасидир. Тинч ҳаётимиз, барқарор тараққиётимиз айнан уларнинг фидокорона хизмати самарасидир.
Шу муносабат билан Ватан ҳимоячиларининг барчаси, бу ишга дахлдор бўлган ҳамма юртдошларимизни чин дилдан муборакбод этамиз! Аллоҳ таолодан уларга куч-ғайрат, сабр-матонат ва Ўз ҳифзу ҳимоясини сўраб қоламиз. Қодир Парвардигор доим Ватанимизни тинч, осмонимизни мусаффо, юртимизни обод айласин.
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz





