Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Семинарнинг иккинчи куни: Ўрта Осиё қўлёзмаларига хос бўлган талаблар

Семинарнинг иккинчи куни: Ўрта Осиё қўлёзмаларига хос бўлган талаблар

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Маданий мерос агентлиги ҳузуридаги Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси билан ҳамкорликда «Ўрта Осиё қўлёзмалари кодикологияси элементлари» мавзусида ўтказилаётган семинар-тренинг бугун – 30 апрелда ҳам давом этди.

Мамлакатимизнинг турли бурчакларидан таълим, фан ва маданият муассасалари олим ва тадқиқотчилари, Марказ илмий ходимлари ва Франция, Туркия ҳамда Қирғизистондан келган олимлар иштирокида ўтган анжуманда мураббий Мари Эфтимию қадимий қўлёзмалар учун фойдаланилган қоғозларнинг тайёрланиши, бу жараён натижасида қолган излар, қоғоз таркиби, тикилиши, муқовалаш шакллари, қайси даврга мансублигини ўрганиш ҳақида маълумот берди. Шунингдек, Ўрта Осиё қўлёзмаларига хос бўлган талабларнинг тавсифи, уларнинг вужудга келиш тарихи ва бугунги кундаги реставрация ишларига ҳам алоҳида эътибор қаратди.

Куннинг иккинчи ярмида семинар ўз ишини Самарқанд давлат музей-қўриқхонасида давом эттирди. Унинг асосий қисмида музейнинг реставратор ходимлари қўлёзмаларни тиклаш бўйича тажрибаларини баён қилди. Иштирокчилар музей фаолияти ва унда сақланаётган экспонатлар ва қўлёзмалар билан яқиндан танишди.

Иштирокчиларга ташкилотчиларнинг тегишли сертификатлари топширилди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Бугунги руҳият: Имом Бухорий илмий-тадқиқот маркази

Қуйида Туркиянинг “SANATKıbrıs” газетасида чоп этилган мақоланинг тўлиқ таржимаси келтирилмоқда. Хулоса ва таассуротларни ўқувчининг ўз …