Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Жонли эфирда: Марказнинг ютуқ ва янги мақсадлари

Жонли эфирда: Марказнинг ютуқ ва янги мақсадлари

2025 йил 17 март куни Миллий матбуот марказида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан “Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг 2024 йилги фаолияти якунлари ва жорий йилдаги режалари” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ва Миллий матбуот маркази ҳамкорлигида ташкил этилган анжуманда Марказ раҳбарияти ва миллий ОАВ ходимлари иштирок этди.

Дастлаб Марказ директори, тарих фанлари доктори, профессор Шовосил Зиёдов Марказнинг 2024 йилда халқаро алоқалар ва қўлёзмаларни ўрганиш соҳасида қилинган ишлар юзасидан маълумот берди.

Ҳисобот даврида хориждаги 5 та етакчи илмий тадқиқот маркази ва университет билан ҳамкорликка оид меморандумлар имзоланди. Долзарб мавзуларда 52 та халқаро конференция, илмий семинар ва давра суҳбати ташкил этилди.

Марказнинг 16 ходими хорижда ташкил этилган илмий анжуманлар, малака ошириш курсларида ва делегация таркибида илмий сафарларда иштирок этди. Жумладан, 1 илмий ходим Германиянинг Гамбург университети ҳузуридаги Осиё-Африка тадқиқотлари институтида малака оширди.

Франция, Туркия, Қирғизистон, Австралия, Малайзия каби давлатларнинг нуфузли илмий муассасаларидан 7 тадқиқотчи “Имом Бухорий халқаро стипендияси” совриндори сифатида Марказда илмий амалиёт ўтади.

Қўлёзмаларни ўрганиш соҳасида:

Марказ фондида 16 та қўлёзма, 8 та тошбосма китоб (жами 24 та манба) жамланди. Жумладан, аҳоли қўлида сақланаётган 6 та қўлёзма китоб ва 8 та тошбосма китоб (жами 14 та манба) ҳадя сифатида қабул қилинди, жисмоний шахслардан 10 та қўлёзма китоб харид қилинди.

Марказ қўлёзмалар фондида сақланаётган 120 та китоб (218 та асар)нинг 23 573 варағи сканер қилиниб, электрон нусхалари тайёрланди.

Марказ фондида сақланаётган 88 та қўлёзма асар аннотацияси www.bukhari.uz сайтига жойлаштирилди. Шунингдек, 178 та қўлёзма китоб саҳифалари чанг-ғубордан тозаланиб, консервация қилинди.

Марказ электрон базаси 1403 та қўлёзма ва тошбосма асарларнинг электрон нусхалари билан бойитилди.

Туркия қўлёзма асарлар бош бошқармасидан Имом Бухорий асарларининг 20 та электрон нусхаси олиб келинди.

“Саҳиҳул Бухорий” асари қўлёзмаларининг хориж фондларида сақланётган 864 та электрон нусхаси тўпланди.

Буюк аллома ва мутафаккирларимиз асарларининг хорижий фондларда сақланаётган 13 260 та қўлёзмаси рўйхати шакллантирилди.

Марказ бўлим бошлиғи, фалсафа фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Жонибек Жумаев ҳисобот даврида Марказдаги илмий-тадқиқот ва маънавий-маърифий ишлар таҳлилини келтирди.

Унга кўра, Имом Бухорий, Имом Доримий, Абдулҳамид Кеший, Абу Лайс Самарқандий каби буюк алломаларимизнинг 15 та ноёб асари ўзбек тилига таржима қилинди, 8 номдаги китоб ва монография нашр этилди, 12 номдаги китоб ва рисолалар нашрга тайёрланди.

205 та илмий иш нашр этилди. Жумладан, нуфузли илмий журнал ва тўпламларда 47 та, ижтимоий тармоқ ва сайтларда 97 та, босма ОАВда 10 та мақола эълон қилинди. Халқаро ва маҳаллий миқёсда ўтказилган анжуманларда 51 та илмий маъруза ўқилди.

Маънавий тарғибот йўналишида:

Маҳаллаларга кириб борган ҳолда аҳоли, хусусан, ёшлар билан “Жаҳолатга қарши – маърифат” мавзусида 176 та, буюк алломаларимиз илмий меросининг ёшлар тарбиясидаги аҳамияти тўғрисида 230 та (жами 406 та) маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.

20 та илмий ва таълим муассасасида ва 3 та халқаро анжуманда Имом Бухорий, Имом Термизий, Муҳаммад Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино каби аллома ва мутафаккирларимиз ҳақида Марказ томонидан тайёрланган халқчил рисолалар, Имом Бухорий қаламига мансуб китоблар тақдимоти бўлиб ўтди.

Юртимизнинг 161 та туман ва шаҳарида 44300 нафар давлат хизматчисини қамраб олган ҳолда “Ёшларимизни ёт оқимларнинг бузғунчи ғояларидан ҳимоя қилиш”, “Алломаларимиз меросида инсонпарварлик ғоялари” мавзуларида тарғибот учрашувлари ташкил қилинди.

Ислом дини ва ҳадислар моҳиятини бузиб талқин қилаётган радикал гуруҳларга қарши 69 та раддия, 159 та видеодарс, 953 та таҳлилий маълумот тайёрланди.

“Қайтарув гуруҳи” томонидан ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш мақсадида Самарқанд вилоятининг Ургут тумани, Самарқанд ва Катта Қўрғон шаҳарларидаги маҳаллаларда ўтказилган 35 та учрашувларда 3000 нафардан ортиқ фуқаролар билан якка тартибда суҳбатлар ўтказилди.

Марказ директори Бош маслаҳатчиси, фалсафа фанлари доктори, профессор Бахтиёр Тўраев 2025 йилдаги истиқболли режа ва лойиҳалар тавсифини келтирди.

Матбуот анжумани UzReport TV телеканали ва унинг Youtube ва Facebookдаги саҳифалари орқали тўғридан-тўғри намойиш қилинди. Бу билан интернет фойдаланувчилари тадбирда онлайн иштирок этиш ва савол, мурожаат, ариза ёки шикоятлар билан мурожаат қилиш имконига эга бўлди.

Анжуман давомида онлайн кузатувчилар, ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари ва матбуот соҳаси вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларига жавоблар олди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Илмий анжуман: тафаккур, жамият ва коинот ҳақидаги чуқур мунозаралар маркази

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги Малака ошириш …