Малайзия халқаро ислом университети томонидан “Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларда маданий интеграция: миллий бирдамлик ва ижтимоий ҳамжиҳатлик” мавзусида халқаро вебинар ўтказилди.
Тадбирда Малайзия, Бруней, Малдив, Сомали, Озарбайжон ва Ўзбекистондан соҳа мутахассислари, эксперт ва илмий доира вакиллари иштирок этди.
Маълумки, миллатлараро тотувлик инсониятнинг олий мақсади бўлиб, миллати, тили, ирқи ва эътиқодидан қатъи назар, одамларга тенг ва адолатли шароит яратилган жамиятларда тинчлик, осойишталик ва фаровон ҳаёт ҳукмрон бўлиши тарихий тажрибада кўп бора синовдан ўтган.
Бугунги кунда дунёнинг турли минтақаларида миллий ва диний асосдаги низо ва зиддиятлар, турли қарама-қаршиликлар кузатилаётган бир шароитда миллатлараро тотувлик, диний бағрикенгликни таъминлаш масаласи янада долзарб аҳамият касб этаётир.
Халқаро вебинарни ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад ҳам Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар ўртасида миллий-маданий ҳамкорликни кучайтириш, турли миллат ва дин вакиллари ўртасида ҳамжиҳатликни таъминлаш, жамиятларда тинчлик ва барқарор тараққиётни мустаҳкамлашдан иборат бўлди.
Тадбирда Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори ўринбосари Шаҳзод Исломов маъруза қилиб, Янги Ўзбекистонда миллатлараро муносабатлар ва дин соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, мамлакатимизда турли миллат ва конфессия вакиллари учун яратилган имкониятлар ҳақида батафсил маълумот берди.
Иштирокчиларда жамиятда миллатлараро тотувлик ва динлараро бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш бўйича илгари сурилаётган ташаббуслар катта қизиқиш уйғотди.
Таъкидланганидек, этноконфессионал бирдамлик ва ҳамжиҳатликни таъминлашдаги илғор тажрибалар оммалаштирилади ва Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар учун намуна сифатида тақдим этилади.
Манба: uza.uz