Home / МАҚОЛА / ТАЪВИЛНИ ИНКОР ЭТМОҚ БИДЪАТДИР

ТАЪВИЛНИ ИНКОР ЭТМОҚ БИДЪАТДИР

Аллоҳ таоло банданинг ҳолатини ўзига кўрсатиб қўйиш учун уни Ўзи истаган тарзда имтиҳон қилади. Бадбахтнинг нима учун бахтиқаро бўлгани ёки ҳидоят топганларнинг нима учун тўғри йўлда экани шундан маълум бўлади. Бундай имтиҳонлардан бири шуки, Аллоҳ таоло Қуръони карим ва ҳадиси шарифдаги ибораларнинг баъзиларини муҳкам, баъзиларини муташобиҳ қилиб қўйди. «Муҳкам» деганда, маъноси аниқ ва равшан бўлиб, муҳкам (тушунарли) оятларга мувофиқ келадиган маънога буриб талқин қилиш учун билим ва тафаккурни ишга солиш керак бўлмайдиган ибора тушунилади. Бунга мисол Аллоҳ таолонинг: «У зотга ўхшаш ҳеч нарса йўқдир» (Шўро сураси, 11-оят), «Аллоҳга мисол келтирманглар» (Наҳл сураси, 74-оят), деган сўзларидир.

Муташобиҳ ибораларга келсак, улар араб тилида бир неча хил маънони ифодалайдиган, муҳкам оятларга мувофиқ келадиган маънога буриб талқин қилиш учун билим ва тафаккурни ишга солиш керак бўладиган жумлалардир. Мисол тариқасида қуйидаги оятларни келтириш мумкин: ﴿الرَّحْمَنُ عَلَى الْعَرْشِ اسْتَوَى﴾ – «(У) Арш узра «муставий» бўлмиш Раҳмондир» (Тоҳо сураси, 5-оят), ﴿وَهُوَ مَعَكُمْ أَيْنَ مَا كُنْتُمْ﴾– «Сизлар қаерда бўлсангиз, У сизлар билан биргадир» (Ҳадид сураси, 4-оят), ﴿وَاللَّهُ مِنْ وَرَائِهِمْ مُحِيطٌ﴾ – «Ҳолбуки, Аллоҳ уларнинг ортида (барча нарсани билиб) иҳота қилиб турувчидир» (Буруж сураси, 20-оят), ﴿وَاصْنَعِ الْفُلْكَ بِأَعْيُنِنَا﴾ – «Бизнинг кузатувимиз билан кемани ясагин» (Ҳуд сураси, 37-оят), ﴿وَلِتُصْنَعَ عَلَى عَيْنِي﴾ – «ва Менинг кўз ўнгимда (ҳимоямда) ўсишинг учун…» (Тоҳо сураси, 39-оят), ﴿أَمْ أَمِنْتُمْ مَنْ فِي السَّمَاءِ﴾ – «Ёки сизлар «осмондаги» зот (Аллоҳ)дан хотиржаммисиз?!» (Мулк сураси, 16-оят).

Муташобиҳ иборалари бўлган ҳадисларга келсак, улар жуда кўп. Бу ўринда улардан иккитасини келтириш билан кифояланамиз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одам болаларининг қалблари Раҳмоннинг бармоқларидан иккитасининг ўртасида бўлиб, У Зот уларни қандай хоҳласа, шундай ўзгартириб туради» (Имом Муслим ривояти), яна бирида: «Жаҳаннам нуқул: «Яна қўшимча борми?» деб айтади. Қодир Парвардигор оёғини унинг ичига қўйиб босганида, у қоришиб кетади ва: «Етарли, етарли», деб қолади» (Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилган), деганлар.

Муташобиҳ оят ёки ҳадисни зоҳирига қараб тўғридан-тўғри талқин қилиб бўлмайди, чунки бу зиддиятга олиб боради. Ваҳоланки, Аллоҳнинг каломида ҳам, Расулининг сўзларида ҳам зиддият бўлиши мумкин эмас. Буни яхшироқ тушуниш учун қуйидаги мисолларни келтириб ўтамиз: ﴿يَخَافُونَ رَبَّهُمْ مِنْ فَوْقِهِمْ﴾ – «Улар (фаришталар) ўзлари узра (кузатиб турган) Парвардигоридан қўрқурлар» (Наҳл сураси, 50-оят)ининг зоҳири олинадиган бўлса, «Аллоҳ таоло юқорида» деган маъно чиқади.  ﴿فَأَيْنَمَا تُوَلُّوا فَثَمَّ وَجْهُ اللَّهِ﴾– «Бас, юзингизни қайси томонга қаратсангиз, ўша томонда Аллоҳнинг «юзи» мавжуддир» (Бақара сураси, 115-оят)ининг зоҳири олинадиган бўлса, «У Зот паст томонда» деган маъно келиб чиқади. Шундай ҳолатларни ҳадиси шарифлар мисолида ҳам кўриш мумкин. Масалан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Банда Парвардигорига энг яқин бўладиган вақт – бу унинг сажда қилиб турган ҳолатидир. Бас, саждада дуони кўпайтиринглар» (Имом Муслим ривояти), деганлар. Ҳадиснинг зоҳири олинадиган бўлса, Аллоҳ таоло ерда экани тушунилади ва у ﴿أَمْ أَمِنْتُمْ مَنْ فِي السَّمَاءِ﴾ – «Ёки сизлар «осмондаги» зот (Аллоҳ)дан хотиржаммисиз?!» (Мулк сураси, 16-оят)ига зид келади. Шунинг учун муташобиҳ ибораларни таъвил қилишга эҳтиёж бор.

Таъвил икки хилдир. Биринчиси умумий бўлиб, сўзни бир қарашда ундан тушуниладиган маънодан буриш ва ҳеч қандай маънони тайин қилмасликдир. Таъвилнинг бу турига таъриф салафи солиҳларнинг муташобиҳ иборалар борасида айтган «улар қандай келган бўлса, ҳеч қандай ташбеҳсиз шундайлигича ўтказиб юборинг» сўзларида ўз аксини топган. «Ҳеч қандай ташбеҳсиз» иборасининг маъноси «Аллоҳ таолони У яратган нарсалардан ҳеч бирига ҳеч бир жиҳатдан ўхшатмаган ҳолда» деганидир. Бу гап замирида муташобиҳ ибораларнинг зоҳирини олмаслик лозим, деган маъно борлиги учун бу иш умумий таъвил деб аталган.

Таъвилнинг иккинчи тури – бу тафсилоти билан таъвил қилишдир. Бунинг жоизлигига ушбу ҳадиси қудсий далил бўлади: «Аллоҳ азза ва жалла: «Эй бандам! Хаста бўлдим, ҳолимдан хабар олмадинг», дейди. Банда: «Сен оламларнинг Рабби бўлсанг, мен қандай қилиб ҳолингдан хабар олишим мумкин?» дейди. У Зот: «Фалончи бандам ҳаста бўлди, сен унинг ҳолидан хабар олмадинг», деб айтади» (Имом Муслим ривояти). Бу ҳадисда Аллоҳ таолонинг «Хаста бўлдим» деган сўзи «Фалончи бандам ҳаста бўлди, сен унинг ҳолидан хабар олмадинг» деган сўзлари билан батафсил таъвил қилиб берилган.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу холаси Маймунанинг уйида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга эдилар. У зот тунги ибодат учун ўринларидан турдилар. Ибн Аббос таҳорат суви тайёрлаб берди. Пайғамбар алайҳиссалом уни мукофотламоқчи бўлиб, бағрларига босдилар ва: «Эй Аллоҳ, унга ҳикмат ва таъвилни ўргатгин!» деб дуо қилдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу дуолари таъвилнинг шариатда мавжудлигига ва у пайғамбарлар эъзозлаган гўзал иш эканига далолат бордир.

Таъвилнинг бу тури салафи солиҳларнинг илмий қарашларида ҳам кўп учрайди. Масалан, Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ ﴿كُلُّ شَيْءٍ هَالِكٌ إِلَّا وَجْهَهُ﴾ – «Унинг «юзи»дан бошқа барча нарса ҳалок бўлувчидир» (Қасас сураси, 88-оят)идаги «юзи»ни «Унинг мулки, яъни ҳукмронлиги», деб таъвил қилган. Суфён Саврий эса «Унинг мулки, яъни Аллоҳга яқинлик пайдо қиладиган амаллар», деб маъно берган. Имом Аҳмад «Фажр» сурасидаги ﴿وَجَاءَ رَبُّكَ﴾ – «Ва Раббингиз келганда» оятини «У Зотнинг қудрати келади, яъни қиёмат куни Аллоҳ таоло қудратининг зоҳирий аломатлари – жуда даҳшатли воқеалар намоён бўлади» деб таъвил қилган.

Муташобиҳ ибораларга салафи солиҳлар томонидан берилган бундай таъвиллар тафсир китобларида жуда кўп учрайди. Бинобарин, таъвилни инкор этиб, бидъатга чиқараётганлар унинг моҳиятидан бехабар, Аллоҳ таоло ҳақидаги эътиқодида ташбеҳ асорати бўлган кимсалардир. Улар дилида оғиш борлиги туфайли одамларни фитнага солиш учун кўпроқ муташобиҳ ибораларга урғу беради. Аслида таъвилни бидъат демоқнинг ўзи бидъатдир. Ваҳоланки, бандалар муташобиҳ оятларнинг маъносини билмагани учун қиёмат куни ҳисоб-китоб қилинмайди. Аммо Аллоҳ таолонинг сифатларини У яратган нарсалардан бирортасининг сифатларига ўхшатгани учун сўроққа тутилиши муқаррардир. Шунинг учун сохта билағонлар фитнага қўл уришдан олдин бунинг жавоби борлиги ва оғирлиги ҳақида яна бир ўйлаб кўрса, яхши бўларди.

Алоуддин НEМАТОВ
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ТОҒУТ ҲАҚИДА УЛАМОЛАР НИМА ДЕЙДИ?

Исломда пешволикни даъво қиладиган гуруҳ ва оқимлар диндаги айрим тушунча ва сўзларни ғаразли мақсадлари йўлида …