Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги Малака ошириш марказининг Самарқанд вилояти минтақавий филиали, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонаси, Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети, Жиззах давлат педагогика университети, Ўзбекистон-Финляндия педагогика институти, Ўзбекистон файласуфлари ассоциацияси ҳамкорлигида “Инсон, тафаккур, социум ва коинот: тараққиёти, муаммолари ва истиқболлари” мавзусида илмий-назарий конференция ўтказилди.
Анжуман Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директорининг Бош маслаҳатчиси, Турон Фанлар академияси академиги, фалсафа фанлари доктори, профессор Бахтиёр Тўраевнинг 75 йиллик юбилейига бағишланди.
Тадбирда мамлакатимиз илмий муассасалари ходимлари, олимлар, олий ўқув юртлари ректор ва профессор-ўқитувчилари, файласуф олим ва тадқиқотчилар иштирок этди.
Очилиш маросимида онлайн ва офлайн сўзга чиққанлар профессор Бахтиёр Тураевнинг илмий фаолиятини кенг ёритиб, фалсафа соҳаси ривожига қўшаётган ҳиссасини эътироф этди. Маърузачилар юбилярнинг юксак инсоний фазилатлари, унинг фан тараққиётида тутаётган ўрни, асарларида синергетика фалсафасининг ривожлантирилиши ва олимнинг янги назарий ёндашувлари масалаларига алоҳида тўхталди.
“Илм, маърифат ва рақамлашаётган дунёнинг ижтимоий-фалсафий масалалари”, “Онтология, гносеология, мантиқ масалалари ва дунёнинг синергетик манзараси”, “Илмий-маънавий мерос ва фалсафа тарихи масалалари, сунъий интеллект ва унинг синергетик моҳияти” номли шўъба йиғилишларида иш янада қизғин ва сермазмун кечди.
Илмий маърузалар асосан глобал муаммолар ва Ўзбекистоннинг халқаро жараёнлардаги ўрни, адолат ва тенглик масалалари, жамиятдаги ижтимоий муносабатларнинг мустаҳкамланиши, олам ва инсон тафаккури ҳақидаги чуқур фалсафий мунозаралар, илм-фаннинг келажакни белгилашдаги имкониятлари очиб берилди. Маърузачилар, шунингдек, инсон ва сунъий интеллект ўртасидаги тафовут ва ўхшашликларни қиёслаб, соҳадаги долзарб масалаларни муҳокама қилиш баробарида сунъий интеллектнинг инсон ҳуқуқлари ва ахлоқий меъёрларга таъсирини ёритди.
Анжуман ишида илмий мерос ва замонавий технологияларнинг фалсафий таҳлилига ҳам алоҳида аҳамият қаратилиб, тарихий илмий мерос ва унинг бугунги илмий жараёнларга таъсири муҳокамалар майдонидан жой олди.
Профессор Бахтиёр Тураев илмий фаолиятини ёритишга бағишланган тадбир илмий жамоатчиликнинг фалсафа, илм ва маънавият тараққиётига назарий жиҳатдан янгича ёндашиш имкониятларини ҳам оширди. Шўъбалар ишида кўтарилган масалалар, маърузаларда илгари сурилган фикрлар ва баҳс-мунозаралар илм аҳли учун улкан тажриба майдонига айланди.
Анжуман доирасида “Қалбимдаги ватаним” номли фотокўргазма ҳам ташкил этилди. Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси, фоторассом Фоторитм (Зафар Ўсканович Рўзиқулов) ва фарзанд-шогирди Лайло Ўсканова ҳаммуаллифлигидаги мазкур фотокўргазмада намойишга қўйилган 40 та бадиий фотосурат анжуман моҳиятини ўзида акс эттиргани томошабинлар қалбида ёрқин таассурот қолдирди.
Анжуманнинг юксак савияси, мазмундор илмий муҳокамалар ва билдирилган турфа фикрлар истиқболда янги тадқиқотларга йўл очиши шубҳасиз.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати