Home / МАҚОЛАЛАР / ФАЙЗГА ТЎЛА ОЙ

ФАЙЗГА ТЎЛА ОЙ

Диёримизга ойларнинг султони, меҳр-шафқат ва саховат рамзи, Қуръони карим нозил бўлган, фазилати жиҳатидан бошқа ойлардан афзал, раҳмат, мағфират ойи саналмиш муборак Рамазон кириб келмоқда.

Муборак Рамазоннинг рўзаси исломнинг беш шартидан бири бўлиб, пайғамбар юборилган ҳар бир умматга фарз қилинган. Аллоҳ таоло ҳижратнинг иккинчи санасида бу ойни ибодатга хослаб, ушбу оятни нозил қилди: “Эй имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз” (Бақара сураси, 183-оят).

Аллоҳ таоло ушбу оятда бандаларга Рамазон рўзасини фарз қилиш билан бирга, тақво ҳосил қилишга, яъни, инсонни гуноҳлардан тийилишга, ўзини ҳар-хил ёмонликлар, ғийбат-бўҳтон ва хурофотга берилмасликка, барча амалларни Аллоҳ йўлида адо этмоққа чорлади.

Ҳадиси қудсийларнинг бирида: “Рўза Мен учундир ва унинг мукофотини Мен бераман” дейилиб, рўзанинг хос ибодат ва улуғ савобга эга эканига ишора қилинади.

Демак, муборак Рамазон ойи Аллоҳ таолонинг мўмин бандаларига берган улуғ неъмати экан. Бу ой рўзасини тутиш фарз, таровиҳ намозини ўқиш суннат, Қуръони каримни хатм қилиш эса фазилатдир. Рамазон ойида жаннат дарвозалари очилиб, жаҳаннам эшиклари ёпилади, шайтонлар занжирбанд қилинади.

Диннинг устуни намоз бўлса, жамиятники закот, руҳники рўзадир. Рўза – руҳ шифоси. Ҳар бир илоҳий амрда ўзига хос ҳикмат бор. Рўзанинг барча хусусияти ва ҳикмати ёлғиз Аллоҳга аён. Аниғи шуки, Рамазон – раҳмат ва мағфират ойи, ойларнинг султони ва энг улуғидир. Рўза танага ҳам, руҳга ҳам файз бағишлайди. Уни жонлантиради, моддий ва маънавий зарарлардан муҳофаза этади. Бошқа ойларга нисбатан бу ойда Аллоҳга яқинлашиш, улуғ ажру мукофотларга сазовор бўлиш имкониятлари кўпроқ.

Қадр кечасининг минг ойдан афзаллиги, бу кечада қилинган ибодатнинг ажри минг ойлик нафл ибодатнинг савобидан ортиқлигини бир тасаввур қилиб кўринг-а!

Қуръони карим шу ойда нозил бўлди, Аллоҳнинг Расули ислом динига даъватни шу ойдан бошладилар, шу ойдан бошлаб ислом дини зафарга, куч-қувватга, нурга тўлаверди. Шунинг учун ҳам Рамазон ойи ва Рамазон рўзаси бутун уммат томонидан буюк муҳаббат ва ҳурмат билан эъзозланади. Бу ойда Ернинг тўрт бурчагидаги мусулмонлар муштарак туйғу ва қарашлар билан бирлашади. Бир хил вақтда очиқади, чанқайди, жамоат бўлиб, тартибли ҳолда Аллоҳга таслим бўлади. Муҳаббат намунасини кўрсатади, яхшилик, хайру ҳасанот барчага баробар очилади. Ҳар бир мўмин Аллоҳнинг афв ва мағфират хазинасидан ўз улуш ва насибасини олишга ҳаракат қилади.

Мўмин-мусулмонлар рўза давомида руҳини сабр-қаноат, машаққат ва қийинчиликларда тоблайди. Аллоҳ берган неъматларнинг қадрига етиш ҳақида ўйлай бошлайди.

Шубҳасиз, рўза исломнинг бошқа аҳкомлари ва ибодатлари каби жамият ҳаёти ва тараққиётига ижобий таъсир кўрсатади. Хатми Қуръон, таровиҳ ва ифторликлар мусулмонларни янада жипслаштиради, уларда меҳр-оқибат, дину диёнат туйғуларини жунбишга келтиради.

Аллоҳ барчамизни рўза ибодатини мукаммал ва ихлос билан адо этадиган тақводор ва солиҳ бандаларидан айласин.

Отабек БАХРИЕВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

100 та сирли ибора

100 та СИР-АСРОРЛИ ИБОРА ёхуд ОДАМЛАР БИЛАН МУЛОҚОТ (оила, уй, ишхона, жамоат жойлари) ДАГИ 100 та “СЕҲРЛИ …