Наманган шаҳрида Буюк мутафаккир, адиб, олим, давлат арбоби ва саркарда Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 542 йиллиги муносабати билан “Ахсикент – Шарқ машъали” I халқаро илмий-амалий анжумани бўлиб ўтди.
Наманган вилояти ҳокимлиги, Ўрта Осиё халқлари тарихи институти, Турон фанлар академияси ва Аксикент тарихи ва археологиясини ўрганиш илмий-тадқиқот институти ҳамкорлигида юртимиз ҳамда Қозоғистон ва Қирғизистондаги олий таълим муассасалари тарихчи олимлари, профессор-ўқитувчилар, ёшлар ва нуронийлар иштирокида ташкил этилган анжуманда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директорининг Бош маслаҳатчиси, фалсафа фанлари доктори, профессор Бахтиёр Тўраев қатнашиб, “Махдуми Аъзамнинг конфликтологик методлари” мавзусида маъруза қилди.
Олим Бобурнинг Махдуми Аъзам билан мулоқотлари, уларнинг зоҳидлик, Ватанга садоқат ва адабий мерос борасидаги қарашларининг умумий жиҳатларини теран таҳлил қилиб, бунинг аҳамиятини замонавий қиёсда ёритиб берди.
Анжуманда Турон фанлар академияси олимлари, маҳаллий ва хорижлик мутахассисларнинг Бобур Мирзо ҳаёти ва ижоди, Аксикент тарихи ва Шарқ цивилизациясига оид маърузалари ҳам тингланди.
Тадбир якунида Марказ олими “Энг улуғ устоз” халқаро эсдалик нишони билан тақдирланди. Турон фанлар академияси томонидан таъсис этилган мазкур мукофот Ўзбекистон Республикаси ва халқаро миқёсда таълим ва тарбия соҳасида юқори натижаларга эришган, ёш авлодга илм ва маърифат улашган педагоглар, олим ва мураббийларга тақдим этилади. Мукофот устозларга ҳурмат-эҳтиром белгиси бўлиб, уларнинг меҳнатини муносиб қадрлаш ва шу орқали ёшларни илмга рағбатлантиришга хизмат қилади.