Home / МАҚОЛАЛАР / ВАТАН ОСОЙИШТАЛИГИНИ ҚЎРИҚЛАШ МУҚАДДАС БУРЧ

ВАТАН ОСОЙИШТАЛИГИНИ ҚЎРИҚЛАШ МУҚАДДАС БУРЧ

Барчамизга маълумки, ҳар қандай тараққиёт – у хоҳ диний, хоҳ ижтимоий, хоҳ иқтисодий, хоҳ оилавий  бўлсин, барчасининг негизида бир нарса – тинчлик, хотиржамлик ётади.

Бобо-момоларимиз дуо қилганларида: “Тани-сиҳатлик, хотиржамлик, дили беғамлик бергин”, деб айтишади.  Чунки тинчлик – Аллоҳ таолонинг инсониятга берган улкан неъматлардан биридир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам муборак ҳадисларида тинчлик-хотиржамлик улкан неъмат эканлигини таъкидлаб бундай дейдилар:

يقول النبي نعمتان مغبون فيهما كثير من الناس: الصحة، والفراغ

“Икки неъмат борки, кўпчилик одамлар ундан маҳрумдирлар: сиҳат-саломатлик ва тинчлик-хотиржамлик”

Албатта, ҳар бир ҳурфикр инсон бу неъмат шукрини қилмоғи лозим. Айрим неъматлар борки, уларнинг шукри “Алҳамдулиллаҳ” дейиш билан адо бўлади, аммо тинчлик неъматининг шукри “Алҳамдулиллаҳ” дейиш билан адо бўлмайди. Бу неъматни асраб туриш учун ҳар бир жабҳада, аввало маърифат соҳасида курашмоқ керак.

Тинчлик-хотиржамликни бизга таъмин қилиб берадиган, осойишта яшашимизга ўзининг беқиёс ҳиссасини қўшаётган касб эгалари борки, уларнинг хизматларини, ён давлатлар билан яхши қўшничилик муносабатларини тиклаб, дунёнинг сиёсий майдонида моҳирона дипломатик муносабатларни амалга ошириб келаётган ҳукуматимиз раҳбарларининг хизматини алоҳида эътироф этмоғимиз керак.

 Алҳамдулиллаҳ, Ватанимиз сарҳадларини, ҳудудий яхлитлигини, аҳолининг тинч ҳаёти ва хавфсизлигини кеча-ю кундуз таъминлаб турган Миллий Армиямиз – Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари мавжуд. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

رسول الله صلى الله عليه وسلم يقول:  رباطُ يومٍ فى سبيل الله أفضلُ من شهْرٍ صيامه و قيمه

 “Аллоҳ розилиги учун бир кеча-кундуз Ватан сарҳадини қўриқлаш бир ойлик кундузлари рўза тутиб, кечаларини ибодат билан қоим ўтказганнинг савобидан афзалроқдир”, деганлар.

أنَّ رَسولَ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عليه وسلَّمَ قالَرِبَاطُ يَومٍ في سَبيلِ اللَّهِ خَيْرٌ مِنَ الدُّنْيَا وما عَلَيْهَا

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ розилиги учун бир кеча-кундуз Ватан сарҳадини қўриқлаш дунё ва ундаги барча нарсадан яхшироқдир”, дедилар.

Шунингдек, бошқа ҳадисда:

رسول الله صلى الله عليه وسلم يقول:  عَيْنَانِ لَا تَمَسُّهُمَا النَّارُ: عَيْنٌ بَكَتْ مِنْ خَشْيَةِ الله، وَعَيْنٌ بَاتَتْ تَحْرُسُ فِي سَبِيلِ الله

 “Дўзахда азобланмайдиган икки кўз (эгалари) бор: Аллоҳ таолодан қўрқиб йиғлайдиган кўз ва Аллоҳ розилиги йўлида мижжа қоқмай кечани қўриқчилик қилиб ўтказган кўз”, деб Аллоҳ йўлида фуқаролар тинчлигини, Ватан сарҳадларини қўриқлашнинг ажр-савоби нақадар буюк эканини, бу хизматда тунни бедор ўтказганлар учун улкан ажр – дўзах ўтидан омонлик берилишини мужда бердилар.

Афсуски, мамлакатимизнинг тинчлигини кўролмайдиган тоифалар ҳам бор. Уларнинг айримлари сиёсий мақсадларини амалга ошириш учун “инсон ҳуқуқлари”, “демократия” каби сўзларни ўзларига қалқон қилиб, мамлакатда фитна қўзғашга ҳаракат қилсалар, айримлари муқаддас динимизнинг муқаддас шиорларини ўз мақсадлари учун қалқон қилиб, жамиятда фитна уруғини сепишга ҳаракат қилмоқда. Ҳолбуки, Аллоҳ таоло Ўзининг Каломи шарифида бундай марҳамат қилади:

﴿وَالفِتْنَةُ أشَدّ مِنَ القَتْل

“Фитна одам ўлдирмоқдан кўра гуноҳи оғирроқдир”. (Бақара сураси, 191-оят.)

Бир ҳудудда фитна оловини ёқишнинг гуноҳи одам ўлдирганнинг гуноҳидан оғирроқ экан. Чунки қотилнинг зарари бир инсоннинг умрини завол қилиш билан тўхтайди, аммо фитначининг фитнаси ортидан келадиган зарар йиллар ўтса-да тўхтамайди. Шунингдек, бошқа оятда:

﴿إنَّ الصَّلاةَ تَنْهَى عَنِ الْفَعْشَاءِ وَ الْمُنْكَرِ

“Намоз фаҳш ва мункар (гуноҳ) ишлардан қайтарур”, (Анкабут сураси, 45-оят.) деб марҳамат қилади.

Агар иймонимиз, ибодатларимиз бизларни фаҳш-мункар саналган амаллардан, жамият ичида фитна қўзғайдиган ҳаракатлардан қайтармас экан, унда имонли эканлигимизда, ибодатларимизнинг мақбул бўлишида шубҳа бор.

Дарҳақиқат, мамлакатимиз тинчлик ва ўзаро ҳурмат сиёсатини олиб бориб, ўз ҳудудида ва қўшни давлатлар ҳудудида тинчликни асраш учун улкан ишларни амалга оширмоқда. Бугунги кунда Ўзбекистонда истиқомат қилаётган аҳоли тинч-тотув умргузаронлик қилиб, ўз кундалик ташвишлари билан банд.

Улуғ шайх Алихон Тўра Соғуний раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: Тўрт нарса инсонийлик шарафи ва унинг иқболи бутунлигидан далолатдир: 1) Озодлик, ҳурлик ва эркинлик; 2) Меҳнат билан топилган бойликка ўзи эгалик қилиши; 3) Туғилиб ўсган она ватанида истиқомат қилиши; 4) Покиза ва муқаддас ҳақ дин Исломга эътиқод қилмоғи.

Алихон Тўра Соғунийга кўра мана шу тўрт нарса кимда бўлса, демак ўша инсон бахтлидир, саодатлидир. Ушбу мезонга кўра Ўзбекистон халқи ҳам том маънода бахтлидир. Азиз ватандошлар, 14 январь – мамлакатимиз учун энг муҳим байрам – Ватан ҳимоячилари куни. Бу байрам билан Ватан ҳимоясига ўз ҳиссасини қўшаётган барча юртдошларимизни муборакбод этамиз. Аллоҳ таоло Ватанимиз ва дунёда тинчлик-хотиржамликни, осуда ҳаётни барқарор қилсин!  

Нодир ҚОБИЛОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ХХ АСР 20-ЙИЛЛАРИДА ЎЗБEКИСТОН ТАЪЛИМ ТИЗИМИ ТАРИХШУНОСЛИГИ

Кириш. Дунёнинг кўплаб илмий-тадқиқот марказларида Ўзбекистон маориф тизимининг ХХ аср 20 йиллари тарихини ўрганиш бўйича …