Home / МАҚОЛА / ДИНИЙ ЭКСТРЕМИЗМ ВА СОФ ИСЛОМ

ДИНИЙ ЭКСТРЕМИЗМ ВА СОФ ИСЛОМ

Дин – арабча сўз бўлиб, “эътиқодга эҳтиёжли ҳар бир инсоннинг талабини қондиришни ўзида мужассам этувчи” деган маънони англатади. Ислом динининг ақидавий асоси Аллоҳ таолога, пайғамбарларга, фаришталарга, муқаддас китобларга, охиратга, барча яхшилик ва ёмонлик Яратганнинг иродаси билан бўлишига ишонмоқдир.

Мутлақ олганда, дин эзгулик манбаи ҳисобланади. Аммо соф исломий эътиқод нотўғри талқин қилиниши ёки баъзи бир сиёсий кучларнинг ўз манфаати йўлида диндан фойдаланиши оқибатида турли экстремистик кучлар вужудга келиб, тарихда ҳам муқаддас динимизга соя солмоқчи бўлган, ҳозир ҳам дунё аҳлига катта зарар келтирмоқда. Ҳатто мусулмон оламида ҳам ислом динини бузиб кўрсатиш ҳаракатларни кузатилмоқда.

Аслида исломда бундай фирқаларга қандай қаралади? Асл исломий моҳият нималардан иборат ўзи?

Диний экстремизм – муайян конфессия ва ташкилотлардаги ашаддий мутаассиб унсурлар мафкурасининг натижасидир. Фундаментализм тарафдорлари ўз ақидасининг тўғрилигига шак-шубҳасиз ишониб, бошқа фирқа ва мазҳабларни бутунлай рад этган ҳолда, диний асосларни бузишда айблаб, уларга қарши уруш очишга чақиради. Диний экстремизм ва терроризмнинг асл манбаи мутаассиблик ва соф исломий эътиқоддан бехабарликдир.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга итоат қилинг, Пайғамбарга ва ўзингиздан бўлган ишбошиларга итоат қилинг. Бирор нарса ҳақида тортишиб қолсангиз, агар Аллоҳ ва охират кунига иймон келтирган бўлсангиз, уни Аллоҳга ва Пайғамбарга қайтаринг. Ана шундай қилиш хайрли ва оқибати яхшидир”[1].

Яъни, Аллоҳ таоло бандаларга Ўзига ва Расулига ҳамда ўз ораларидан чиққан мусулмон бошлиқларга итоат этишни амр этмоқда. Бирор муаммоли масала чиққудек бўлса, ечимини “Аллоҳ ва Пайғамбарга” ҳавола этишни – Қуръон ва ҳадисга мурожаат қилишни буюрмоқда.

Хўш, ояти карималарда экстремизм ва терроризм ҳақида нима дейилади?

Қуръонда бундай масалаларнинг чиройли ечими бор. Аввало шуни айтиш керакки, ихтилоф вақтида фирқаларга ажралишнинг олдини олиш зарур. Бунинг учун эса мусулмон киши Қуръони каримда буюрилганидек, Аллоҳ таолонинг Китоби ва Расулининг суннатига эргашиши, Ҳақ таоло ва Пайғамбарга ҳамда ўзларидан бўлган ишбошига итоат этиши шарт. Мусулмон киши дуч келган нарсага кўр-кўрона тақлид қилиб эргашмаслиги, ақидавий ва шаръий масалаларни билишга илми етарли бўлмаса, ишончли, тақводор олимлардан сўраб билмоғи ва амалга татбиқ этишда фитна келиб чиқишидан эҳтиёт бўлмоғи керак.

Шундан кейин ҳам кимки тўғри йўл аниқ бўлиб, сўнг ўз ҳавойи хоҳишига эргашса, залолатга янада чуқур киради ва бунинг учун охиратда Аллоҳ таолонинг аламли азобига дучор бўлади: “Ким ҳақ йўлни аниқ билганидан кейин Пайғамбарга хилоф иш қилса ва мўминларнинг йўлларидан бошқа йўлга эргашиб кетса, биз уни кетганича қўйиб берамиз. Сўнгра жаҳаннамга дохил қиламиз. Нақадар ёмон жойдир у!”[2]

Ҳақ таоло Мусҳафи шарифда “…ва барчангиз Аллоҳнинг арқони (Қуръон)га боғланингиз ва фирқаларга бўлинмангиз”[3], деб буюради.

Яна айтади: (Эй мўминлар, Аллоҳ) сизлар учун ҳам диндан Нуҳга буюрган нарсани ва Биз сизга (яъни, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга) ваҳий қилган нарсани, (шунингдек) Биз Иброҳим, Мусо ва Исога буюрган нарсани — шариат (қонун) қилди, «Динни барпо қилинглар ва унда фирқа-фирқа бўлиб бўлинманглар!»”[4]

Ушбу муборак оятларда Аллоҳ таоло барча пайғамбарларга бир нарсани, яъни ёлғиз Аллоҳнинг динини барпо қилиш ва турли фирқаларга бўлиниб кетмасликни буюргани баён этилмоқда. Уларга хилоф қилиб, фирқаларга бўлиниш Аллоҳ ва Расулига тўғридан-тўғри исёндир.

Жумладан, рисолат соҳиби Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан муқаддас динимизга хилоф бўлган бундай гуруҳлар ҳақида бир қатор ҳадислар ворид бўлган.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Менинг умматимдан бир тоифа инсонлар пайдо бўлиб, динда илмни жуда тез эгаллайди (шариат илмини жуда тез ўрганади) ва Қуръон ўқийди (яъни, Қуръон оятларини ўзларича тафсир қилади). Улар: Бошлиқларимизнинг олдига бориб, уларнинг молу давлатини босиб оламиз, ўзларини динимиздан четлатамиз (кофир деб эълон қиламиз), дейди. Бу тўғри эмас. Қатода (тиконгул – алоэ)дан тикандан бошқа нарса олинмаганидек, у тоифа кишиларга яқин бўлишдан фақат хатоларни жамлаш мумкин бўлади”, дедилар (Ибн Можа ривояти[5]).

Аллоҳ таоло муқадас Каломида айтади: “Имон келтирган ва савобли ишларни қилганлар учун, агар ширкдан сақланиб, имонда ва савобли ишларда давом этсалар, сўнгра (май ва қимордан) сақланиб, (ҳаромни ҳаром деб) имон келтирсалар, сўнгра (барча ҳаром ва шубҳалардан) сақланиб, (одамларга) эзгулик қилсалар еб-ичган (олдинги ҳаром) нарсаларида гуноҳ йўқдир. Аллоҳ эзгулик қилувчиларни яхши кўради”[6].

Aллoҳ тaoлo eр юзидa ёвузлик қилмaсликкa буюрaди ҳaмдa нoҳaқлик, aдoлaтсизлик, зўрaвoнлик, қотиллик, қoн тўкишни тaқиқлaб, зулмнинг ҳар қандай кўринишини қаттиқ қоралаб, унинг жазосиз қолмаслигидан хабар беради: (Аллоҳ) иймон келтириб, яхши амаллар қилган зотларга эса ажрларини комил суратда берур. Аллоҳ зулм қилгувчиларни яхши кўрмас”[7]Яъни, Ўзи ҳам ҳеч кимга зулм қилмайди ва ҳар кимга қилган ишига мувофиқ равишда жазо ёки мукофот беради.

Бу мазмундаги оятлар бисёр: “Aллoҳ сeнгa эҳсoн қилгaни кaби сeн ҳaм (Aллoҳнинг бaндaлaригa) инфoқ-эҳсoн қил. Ердa (зулму зўрaвoнлик билaн) бузғунчилик қилишгa уринмa. Чунки Aллoҳ бузғунчи кимсaлaрни суймас”[8]“Яxшилик вa тaқвo йўлидa ҳaмкoрлик қилингиз, гунoҳ вa ҳaддaн oшиш йўлидa ҳaмкoрлик қилмaнгиз! Aллoҳдaн қўрқингиз! Шубҳaсиз, Aллoҳнинг aзoби қaттиқдир!”[9]

Кўриниб турибдики, Aллoҳ тaoлo oдaмлaргa яxшилик вa ҳурмaт-эҳтирoм кўрсaтишгa, сoлиҳ aмaллaр қилишдa бир-биригa ёрдaмлaшишгa, бaдниятлик вa жaнжaл-ғaвғoлaрдaн чeкинишгa буюряпти.

Эзгуликнинг ёрқин намояндаси ва дунёдаги ҳар бир мўмин-мусулмоннинг буюк устози бўлган жаноб Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир мусулмон кундалик фаолиятида ишлатиши лозим бўлган, ҳаётида ҳамиша татбиқ этиши даркор саналган қуйидаги тавсияларни марҳамат қилганлар: “Аллоҳ Таолога фарз ибодатлардан кейин энг суюкли иш – мусулмон кишини хурсанд қилмоқдир”[10]. “Чин мусулмон мусулмонлар унинг қўли ва тилидан саломат бўлган кишидир. Чин мўмин инсонлар ўз қонлари ва молларида ундан амин (хотиржам) бўлган кишидир”[11].

Тил ва қўл энг кўп ишлатиладиган аъзолар бўлиб, яхши ишлар ҳам, ёмон ишлар ҳам асосан шулар билан бажарилади. Ён-атрофдагиларга аксар ҳолларда тил билан сўкиб ёки қўл билан туртиб, уриб озор берилади. Шунинг учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам шу икки аъзони хослаб зикр қилдилар. Демак, бировга, у ким бўлишидан қатъи назар – диндошми, ғайридинми – озор беришдан ўзни сақлаш лозим, айниқса, тил ва қўлга хушёр бўлиш керак. Ислом таълимотида нафақат инсонларга эзгулик қилиш, балки чор-атрофдаги табиат ва барча жонзотларга нисбатан ҳам меҳр-шафқатли бўлиш буюрилган.

Ислом, айниқса, бизнинг заминимизда эзгулик дини бўлиб келганига асрлар гувоҳдир. Абдурауф Фитрат бундай дейди: “Ҳеч шубҳа йўқки, одамлар ҳар хил дин ва мазҳабдан, ҳар хил қабила ва миллатдан бўлсалар ҳам бир отанинг ва ягона жинснинг фарзандларидир. Бошқача қилиб айтганда, бир-бирининг ака-укаларидир. Шундай экан, улар ўзаро умумий биродарликни юзага келтиришлари керак”[12].

Исломнинг асл моҳияти ва диний экстремизм ҳақидаги мухтасар сўз шулардан иборат. Барчамиз яхши англаб етмоғимиз керакки, ҳaр қaндaй ҳолат ва кўринишдаги жиноят, ҳар қандай шиор остидаги зулм вa зўрaвoнлик ислoм aқидaси ва таълимотига мутлақо зиддир. Мусулмoн киши ўзи жинoят саналган амалларни сoдир этмаслиги баробарида бoшқa oдaмлaрни ёмон ишлардан қaйтaришгa ҳам мaсъул саналади. Имoн-эътиқоди мустаҳкам бўлган ҳaр бир инсонннинг бурчи ер юзида фаровонлик ва осойишталикни қарор топтириб, бузғунчилик ва фасод ишларга қарши курашмоқдир.

[1] https://ru.quranacademy.org/quran/4?page=3
[2] Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. Таржима ва тафсир муаллифи Шайх Абдулазиз Мансур. Нисо сураси, 115-оят таржимаси.
[3] Қуръони карим маъноларининг таржимаси. Таржима ва тафсир муаллифи Шайх Абдулазиз Мансур. –Т.: Шарқ, 2004. Оли Имрон, 103-оят таржимаси.
[4] Қуръони карим маъноларининг таржимаси. Таржима ва тафсир муаллифи Шайх Абдулазиз Мансур. –Т.: Шарқ., 2004. Шўро 13-оят таржимаси.
[5] Мишкатул масобиҳ. Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Табризий. Казань. Лито-Типография “Братья Каримовы”, 1908. –Б 61.
[6] Қуръони карим маъноларининг таржимаси. Таржима ва тафсир муаллифи Шайх Абдулазиз Мансур. –Т.: Шарқ, 2004. Моида сураси, 93-оят таржимаси.
[7] Қуръони карим маънолари таржимаси. Таржима ва тафсир муаллифи Шайх Абдулазиз Мансур. –Т.: Шарқ, 2004. Оли Имрон сураси, 57-оят мазмуни.
[8] Қуръони карим маъноларининг таржимаси. Таржима ва тафсир муаллифи Шайх Абдулазиз Мансур. –Т.: Шарқ, 2004. Қасос сураси, 77 оят таржимаси.
[9] Қуръони карим маъноларининг таржимаси. Таржима ва тафсир муаллифи Шайх Абдулазиз Мансур. –Т.: Шарқ, 2004. Қуръони карим. Моида сураси, 2-оят таржимаси.
[10] Шайх Абдулазиз Мансур. Минг бир ҳадис. 2 жилд, 166-бет, 857 рақам. Ўзбек маскани.  – Т.: 1991.
[11] Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Табризий. Мишкатул масобиҳ. Казань: Лито-Типография “Братья Каримовы”, 1908. – Б. 19.
[12] Терроризм – жаҳолат ўчоғиМетодик-библиографик қўлланма Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонаси. – Т.: 2003 –Б. 4.
Нодир ҚОБИЛОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …