Хабар берилганидек, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ҳадис илми мактаби раҳбар ва ходимларидан иборат делегация Малайзия сафарида бўлиб турибди.
23 октярь куни делегация аъзолари пойтахт Куала-Лумпурда жойлашган Малайзия исломни англаш институтида учрашув ўтказди. Унда Институт ҳузуридаги Иқтисодий ва ижтимоий тадқиқотлар маркази ва Илмий тадқиқотлар маркази раҳбарияти иштирок этди.
Мулоқот чоғида Малайзия ва Ўзбекистоннинг диний-маърифий йўналишдаги таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари ўртасида ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Жумладан, конференция ва семинарлар ташкил этиш, илмий журналларда мақолалар чоп этиш, Институтнинг теле- ва радиодастурларида Мовароуннаҳрдан етишиб чиққан буюк алломалар илмий меросига бағишланган кўрсатув ва эшиттиришлар тайёрлаш, долзарб мавзуларга бағишланган монографиялар чоп этиш борасида келишувларга эришилди.
Институт раҳбари Муҳаммад Аъзам бин Муҳаммад Одил Ўзбекистонга сафари мазмунли кечгани, юртимизнинг қадим ва бой тарихи, ноёб маданий мероси, ўзига хос анъана ва қадриятлари, миллий таомлари катта таассурот қолдирганини таъкидлади. Ўз сўзида: “Ўзбекистонга сафарим давомида Амирсой дам олиш масканида бўлдим. У гўша Швецариядан қолишмайдиган мафтункор табиатга эга экан. Малайзияликлар бундай дам олиш манзилларига боришни хуш кўради. Бироқ уларда Ўзбекистондаги тоғли, қорли дам олиш зоналари мавжудлиги ҳақида етарли маълумот йўқ. Бундай масканлар тўғрисида малайзияликларни яхши хабардор қилсак, юртингизга бу ердан кўплаб сайёҳлар бориши шубҳасиз”, дея фикр билдирди.
Ташриф дастурига биноан Ўзбекистон делегацияси Ислом санъати музейида бўлди. Музей раҳбарияти Ўзбекистондаги маданий муассасалар билан ҳамкорлик алоқаларига эга эканини, Ислом цивилизацияси маркази музейи концепциясини шакллантиришда иштирок этаётганидан мамнунлигини таъкидлади. Делегация музей экспозицияси, хусусан, ундаги Ўзбекистонга оид тарихий ашё ва осори-атиқалар билан танишди.
Мулоқот давомида музейда Ўзбекистоннинг қадим ва бой тарихини, зиёрат туризми имкониятларини намойиш этувчи кўчма фотокўргазма ташкил этиш масаласи муҳокама қилинди.
Делегациянинг навбатдаги ташриф манзили Ислом илмлари университети бўлди. Унинг профессор-ўқитувчилари билан суҳбатда Малайзия томони Ўзбекистондаги диний соҳага оид таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари билан ҳамкорликдан манфаатдор эканини билдирди.
Делегация сафари давом этмоқда.