Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига Истанбулдаги “Дорул махтутот” (“Қўлёзмалар уйи”) маркази Бош директори Др. Маҳмуд Мисрий ташриф буюрди.
Олим қатор нуфузли илмий нашрлар таҳрир ҳайъатларининг аъзоси, тиббиёт тарихи, қўлёзмалар таҳқиқига оид бир неча китоблар муаллифидир. Унинг “Қўлёзмаларни тадқиқ қилишнинг назарий асослари” номли китоби ўзбек тилига таржима қилинган.
Марказ директорининг ўринбосари Отабек Муҳаммадиев меҳмонни Марказ музейи билан таништирди. Туркиялик олимга Марказ кутубхонаси, манбалар хазинаси фаолияти ва қўлёзмаларни рақамлаштириш бўйича олиб борилаётган ишлар кўрсатилди.
Мулоқот чоғида ҳозирги глобаллашув шароитида ислом динининг асл қадриятларини асраб-авайлаш, Мовароуннаҳрдан етишиб чиққан буюк олимларнинг илмий асарлари ва соф башарий қарашларини кенг жамоатчилик, айниқса, ёшларга етказиш устувор масала экани қайд этилди. Исломнинг бағрикенгликка оид тамойилларига, ҳанафийлик ва мотуридийлик фиқҳига оид асарларни ўрганиш муҳимлигига эътибор қаратилиб, бу билан муқаддас динимизнинг асл моҳиятини кенгроқ тарғиб қилишга эришиш долзарб аҳамиятга эга экани таъкидланди.
Томонлар ўзаро ҳамкорлик истиқболларини ҳам муҳокама қилди.