Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Янги Ўзбекистон дунё ислом маърифати марказларидан бирига айланади

Янги Ўзбекистон дунё ислом маърифати марказларидан бирига айланади

Самарқанддаги Ўзбекистон-Финляндия педагогика институтида “Туркистондан Онадўлигача туркий ислом тафаккури” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ўтказилди.

Анжуманда Туркия, Голландия, Буюк Британия, Германия, Бирлашган Араб Амирликларидан келган исломшунос олимлар, соҳа мутахассислари, илмий тадқиқотчилар ва юртимизнинг таниқли илм-фан арбоблари билан бирга, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директорининг Бош маслаҳатчиси, фалсафа фанлари доктори, проф. Бахтиёр Тўраев ҳам иштирок этиб, “Имом Мотуридий меросида инсоннинг ирода эркинлиги ва мантиқий таълимоти” мавзусида маъруза қилди.

Олим Янги Ўзбекистонда ҳадисшунослик ва ислом фалсафасини ривожлантиришга катта эътибор қаратилаётганини, ислом маънавий меросини чуқур ўрганиш орқали жамият аъзоларига тинчлик, маърифат ва эзгулик ғояларини етказиш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бирига айланганини таъкидлаб, Имом Мотуридий асарлари бу йўналишда алоҳида аҳамият касб этишини, алломанинг таълимоти муқаддас динимизнинг маънавий қадриятларни тўғри англашда муҳим ўрин тутишини қайд қилди.

Имом Мотуридий инсоннинг ихтиёр ҳуқуқини юқори баҳолаган. Унинг қарашларига кўра, инсон яратилган мавжудотлар орасида энг эркин ва иродага эга зот ҳисобланади. Инсоннинг ақл ва мантиққа асосланган танлови унинг тақдирини белгилайди.

Конференция қатнашчилари Ўзбекистонда Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари ва Ҳадис илми мактабининг самарали фаолияти орқали ёшларни маънавий камолотга етказиш йўлида улкан ишлар олиб борилаётгани, бу эса, албатта, юртимизни дунёдаги ислом маърифатининг етакчи марказларидан бирига айлантиришини эътироф этди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

“ИСЛОМ – ЭЗГУЛИК ВА ТИНЧЛИК ДИНИ” ХАЛҚАРО ИЛМИЙ-АМАЛИЙ КОНФЕРЕНЦИЯСИ ИШТИРОКЧИЛАРИГА

Ҳурматли анжуман қатнашчилари! Қадрли дўстлар! Аввало, сизларни азим Тошкент ва қадимий Хива шаҳарларида ўтказилаётган “Ислом …