Ҳурматли анжуман қатнашчилари!
Қадрли дўстлар!
Аввало, сизларни азим Тошкент ва қадимий Хива шаҳарларида ўтказилаётган “Ислом — эзгулик ва тинчлик дини” мавзусидаги халқаро конференциянинг очилиши билан самимий табриклайман.
Биз дунёнинг узоқ ва яқин давлатларидан ташриф буюрган сиз, азиз меҳмонларни — нуфузли халқаро ислом ташкилотлари раҳбарлари, таниқли олим ва уламолар, жамоат арбоблари ва тадқиқотчиларни тинчлик ва тотувлик, дўстлик ва ҳамжиҳатлик элчилари, деб биламиз.
Сизларнинг муқаддас ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини очиб бериш, жаҳон илм-фани ва цивилизацияси ривожига улкан ҳисса қўшган буюк алломаларимиз меросини ўрганиш ва кенг тарғиб этиш борасида олиб бораётган ибратли фаолиятингизни барчамиз яхши биламиз ва юксак қадрлаймиз.
Ана шундай эзгу ишларингиз учун сизларга ўз номимдан, халқимиз номидан чуқур миннатдорлик билдираман.
Бағрикенг ва меҳмондўст Ўзбекистон диёрига хуш келибсиз!
Азиз дўстлар!
Хабарингиз бор, бугунги анжуманимиз Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 2023 йил 19 сентябрь куни Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган 78-сессиясида Ўзбекистон томонидан илгари сурилган ташаббус асосида ўтказилмокда.
Ушбу эзгу ташаббус халқаро ҳамжамият ва сизлар каби маърифатпарвар ва оқил инсонлар тарафидан бизга мамнуният ағишлайди.
Конференциямизнинг “Ислом — эзгулик ва тинчлик дини” деб номланиши ҳам албатта бежиз эмас. Ҳаммамиз яхши биламизки, ислом дини одамзод учун тинчлик ва омонлик дини сифатидаюборилган буюк таълимотдир. Муқаддас Қуръони каримнинг “Бақара” сураси, 208-оятида: “Эй, иймон келтирганлар, ёппасига тинчлик ишига киришингиз!” — дея даъват қилингани ҳам фикримизни тасдиқдайди.
Улуғ ватандошимиз Имом Термизий ҳазратлари ривоят қилган: “Аллоҳдан афв ва тинчлик-омонликни сўранглар. Чунки бирор кишига иймондан кейин тинчлик-омонликдан афзалроқ неъмат берилгани йўқ”, деган ҳадиси шарифда ҳам тинчлик ва барқарорликнинг инсоният ҳаётида қандай беқиёс аҳамиятга эга экани алоҳида таъкидланган.
Бугунги кунда Янги Ўзбекистонда ислом динининг эзгу қадриятлари, номлари дунёга машҳур мутафаккир олиму уламоларимиз меросини асраб-авайлаш, уларни илмий ўрганиб, халқимиз ва жаҳон аҳлига етказишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Сўнгги етти йилда мамлакатимизда Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари ташкил этилгани, илмий-маърифий жиҳатдан ғоят ноёб бўлган Ислом цивилизацияси маркази фаолияти йўлга қўйилгани бунинг ёрқин далилидир.
Айни вақтда Имом Бухорийнинг “Саҳиҳи Бухорий”, “Тарих”, “Халқу афъол ал-ибод”, Имом Термизийнинг “Сунани Термизий”, Имом Мотуридийнинг “Таъвилот ал-Қуръон”, “Тавҳид”, Абу Муин Насафийнинг “Табсиратул адилла”, Бурҳониддин Марғинонийнинг “Ҳидоя” каби ислом дунёсида нодир саналган асарлари ўзбек тилига таржима қилиниб, замонавий шарҳлари тайёрлангани ва бу каби хайрли ишлар изчил давом этаётганини таъкидлаб ўтмоқчиман.
Сўнгги йилларда жаҳонда кузатилаётган глобаллашув жараёнларининг ижобий жиҳатлари билан бирга, айрим нохуш ҳолатлар, жумладан, исломофобия кўринишлари мусулмон жамиятларининг тафаккур ва турмуш тарзи, маданияти, урф-одат ва қадриятларига ҳам таъсир кўрсатаётганига ҳаммамиз гувоҳмиз.
Шу маънода, мазкур конференцияда ер юзида тинчлик-осойишталикни мустаҳкамлаш, мўминмусулмонлар учун манфаатли бўлган азалий қадриятларни асраб-авайлаш, глобаллашув шароитида ислом динини замон билан уйғун ва ҳамоҳанг ҳолда ривожлантириш, маънавий поклик ва одоб-ахлоққа қарши ғоявий таҳдидларнинг олдини олиш, исломда ижтимоий ҳимоя масалалари каби муҳим мавзуларнинг муҳокама этилиши катта аҳамият касб этиши шубҳасиз.
Ишонаманки, анжуман жараёнида бўлиб ўтадиган қизғин муҳокамалар, билдириладиган ғоя ва ташаббуслар муқаддас ислом динимизнинг асл маъно-мазмунини, эзгулик ва тинчликка хизмат қиладиган олижаноб ғояларини очиб бериш ва оммалаштиришда муҳим қадам бўлади.
Халқаро конференция доирасида мамлакатимизда мўмин-мусулмонлар учун яратилган шароитлар, виждон эркинлигини таъминлаш, улуғ аждодларимизнинг табаррук хотираларини эъзозлаш, уларнинг илмий-маърифий мероси ва нодир қўлёзмаларни тадқиқ ва тарғиб этиш йўлида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишиб, бу борадаги ўзаро ҳамкорлигимизни янада ривожлантириш бўйича янги таклиф ва тавсияларни баён этасизлар, деган умиддаман.
Сизларни бугунги нуфузли анжуманнинг очилиши билан яна бир бор қутлар эканман, Яратган Роббимиздан барчангизга сиҳат-саломатлик, илмий ва ижодий фаолиятингизга барака тилаб қоламан.