Шу кунларда Россия Федерацияси Татаристон Республикасининг Қозон шаҳрида жойлашган Булғор ислом академиясида “Россия мусулмонларининг VI халқаро форуми” бўлиб ўтмоқда. Унда ўндан зиёд давлатдан олимлар, дин арбоблари ва мутахассисларнинг 100 дан ортиқ илмий маърузалари тингланиб, долзарб диний, ижтимоий ва маданий масалалар муҳокама қилинмоқда.
Мусулмон жамиятлари ўртасидаги ҳамкорлик ва ижтимоий хизматларни ривожлантириш, диний таълимни янада такомиллаштириш ва рақобатбардош кадрлар тайёрлаш, экстремизмга қарши курашиш ва ёшлар орасида соф исломий қадриятларни мустаҳкамлаш масалаларига бағишланган форумда диний ташкилотлар ва давлат идоралари ўртасидаги алоқалар ва исломий молия тизимларини равнақ топтиришнинг долзарб жиҳатларига ҳам кенг ўрин ажратилган.
Нуфузли тадбирда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходимлари Ш.Умаров ва Б.Турсунов Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар самараси, мусулмонлар бирдамлигини таъминлашда мазҳабларнинг етакчи омил сифатида тутган ўрни ва баркамол авлодни тарбиялашда маънавий мероснинг аҳамиятига оид маърузалари билан иштирок этмоқда.
Тадбир доирасида Булғор ислом академияси кутубхонасига Марказ томонидан нашр этилган китоблар тақдим этилди. Бу эса илмий жамоамизнинг аллома аждодларимиз илмий меросини ўрганиш ва халқаро миқёсда кенг жамоатчиликка етказишдек хайрли ишларга қўшаётган ҳиссасини яна бир бор намоён қилди.
Форум иштирокчилари халқаро илмий ҳамжамиятда ўзбекистонлик олимларнинг нуфузи ортиб бораётганини таъкидлаб, Марказнинг диний маърифатни янада юксалтириш йўлидаги фаолиятига юксак баҳо берди.
Қатнашчилар ўзаро илмий-маърифий ҳамкорликни кенгайтириш, диний таълим ва исломий маданиятни ривожлантириш борасида қатор таклифларни илгари сурди.