Ташқи алоқаларда ҳукумат сиёсатини амалга татбиқ қилиш ва ўз мамлакатини хорижий давлатларда намоён қилувчи элчилар араб маданиятида узоқ тарихга эгадир [4:22]. Ислом дини пайдо бўлганидан кейин мусулмонлар элчиларга буюк эҳтиром кўрсатган. Буни Расулуллоҳ (с.а.в.) сийратларидан ҳам билиш мумкин.
Аслида «Расулуллоҳ» калимаси «Аллоҳнинг элчиси» деган маънони билдиради. Ислом дипломатиясида элчилар мақоми ҳақида сўз юритганда, уларнинг ўрни беқиёслигини таъкидлаб ўтиш жоиз. Қуръони каримдаги элчиларга доир оятларга соф ақидавий жиҳатдан ёндашилса, элчи Аллоҳнинг каломини етказиш учун тайинланган шахс ёки фаришта экани аён бўлади.
Исломда элчи ибораси уч турдаги зотларга нисбатан қўлланилади:
- Фаришталар.
- Пайғамбарлар.
- Ақидавий аҳамиятга эга бўлмаган махсус вазифа юклатилган шахс ёки чопарга.
Юқоридаги уч кўрсатгичга мувофиқ Қуръони каримда элчи сўзи 27 та оятда келтирилган [3:13-14].
Элчилар дахлсизлигини таъминлаш борасидаги энг яққол мисолни исёнкор қабила вакилларининг пойтахт Мадина шаҳрига келганида уларга бўлган муносабатдан кўриш мумкин. Ушбу исёнкор қабилалар давлатга солиқ тўламаслигини, бунга муқобил бошқа диний ибодатларини адо қилишини, бу истакларининг қабул қилиниши бўйича давлат билан орасида сўровлар бўлмаслигини айтиб, вакилларини Мадинага жўнатади [2:32]. Келган элчилар баъзи саҳобалар уйлари ва давлатга оид мусофирхоналарда жойлаштиришни ва эртаси куни халифа ҳузурига киритишни талаб қилдилар. Абу Бакр (р.а.) уларни ғоят совуққонлик билан тинглар, гапини тамомлаганидан сўнг, бу сўзлари қабул қилинмаслиги, исёнчиларнинг ҳокимият билан савдолашишига изн берилмаслиги, давлатга итоатдан ташқари улар билан ҳеч бир сулҳ ҳақида сўз ҳам бўлмаслиги ва ҳокимият билан қарама-қарши чиқиш мавзусида эркин эканини айтади. Уларга бир кун ичида дарҳол Мадинани тарк этиши кераклиги, акс ҳолда элчилик сифатларини йўқотишини ва ҳукуматнинг уларга дахлсизлик кафолатини таъминламаслигини айтганида, элчилар дарҳол шаҳарни тарк этган.
Эътибор қилинса, келган элчилар ҳокимиятга исён қилган қабилалар вакиллари эди. Фақат уларда элчи сифати бўлгани учун Мадинада расмий меҳмон сифатида мусофир эди. Шу нуқтада ҳокимият билан шартлашишга киришган бу элчилар дахлсизлиги таъминлангани каби, қавлий ёки феълий босқинга ҳам учрамади.
Элчиларга нисбатан бу ёндашувдан нафақат давлат раҳбари, балки бошқа лавозимдаги шахсларнинг ҳам айни шаклда иш тутганини айтиш мумкин. Чунончи, Кинда қабиласи қўзғолончилари бошлиқларидан бўлган Ашъас ибн Қайс (ваф. 40/661) ва унинг тарафдорларини Икрима ибн Абу Жаҳл (ваф. 13/634) қалъада қамал қилган. Қутула олмаслигини билганидан сўнг Ашъас ўзи ва яқинлари номидан омонлик тилашга мажбур бўлган. Унинг истаги қабул қилиниб, музокара олиб борилган. Ашъас қўзғолончилар раҳбари бўлишига қарамай, элчи сифатида музокарага келгани учун унга ҳеч қандай зарар кўрсатилмасдан, яхши муомала қилинган [7:114].
Буларга қўшимча қилиб, халифа қўмондонларга хорижий элчиларга яхши муносабатда бўлишини, душман элчилари ҳузурига келганида уларга иззат-икром кўрсатишини, ҳол-аҳволини сўрашини қатъий талаб қиларди [6:4]. Шунингдек, хорижий элчилар давлат чегаралари ва қўшиннинг заиф нуқталарини ўрганишининг олдини олиш учун қароргоҳда узоқ бўлмаслигини ва аскарлар билан суҳбатлашишига йўл қўйилишига эътиборсиз қолмаслиги кераклигини таъкидлар эди.
Элчининг айбсизлиги ва ҳимояси билан боғлиқ бу ёндашувлар кейинги даврларда ҳам анъаналарга айланди. Ислом ҳуқуқшунослари бу борада кўплаб ҳуқуқий тамойилларни ўртага ташлади [5:211–215].
Исломнинг илк даврида элчилик муносабатлари, аввало, жанг олдидан хабар алмашиш кўринишида ҳам юзага чиқади. Масалан, Бани Назир жангида ҳам элчи юборилган.
Бани Назир қабиласи Адал, Қорра қабилалари ва Маъуна қудуғидаги қочиб кетганлар билан ўта разил битим тузди. Улар йиғилиб, Расулуллоҳ (с.а.в.)дан Қуръон ва ислом ҳақида эшитишни сўради. Бу борада фикрлашиб, агар қаноатлантирса, имон келтиришини айтади. Улар ўзаро келишиб, ҳар бир киши кийими остида ханжар олиб келишга қарор қилган эди. Улар Расулуллоҳ (с.а.в.)га бирданига суиқасд уюштиришмоқчи эди. Лекин Расулуллоҳ (с.а.в.) бундан хабар топиб, ҳожат талабида ташқарига чиқдилар ва Мадинага қараб йўл олдилар.
Амр ибн Умайя (р.а.) қайтганида Расулуллоҳ (с.а.в.)га Бани Килоб қабиласидан икки киши ўлдирилгани ҳақида хабар берилди. Расулуллоҳ (с.а.в.) бир неча саҳобийлар билан Бани Назирга шартномага мувофиқ товон тўлашга ёрдам бериш учун бордилар. Шунда улар: «Эй Абул Қосим, муаммони ҳал этиш учун ўтир бу ерга», дедилар. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.) девор ёнига ўтирдилар. Бир-бири билан ёлғиз қолганда шайтон аралашиб деди: «Сизлардан қай бирингиз шу тегирмон тошини кўтариб, унинг бошига ота олади?» Қариндоши Амр ибн Жиҳош тошни отадиган бўлди. Кейин Жаброил алайҳиссалом тушиб, уларнинг мақсадларини етказди. Расулуллоҳ (с.а.в.) Мадинага йўлга тушишга шошдилар. Сўнгра орқаларидан саҳобийлари етиб келди. Уларга Бани Назирнинг фитналари ва кейин шундай йўл тутганликлари ҳақида айтдилар. Сўнгра Набий (с.а.в.) уларга Муҳаммад ибн Масламани юбордилар. У бориб: «Араб диёрини тарк этишингиз учун сизларнинг ўн кун вақтингиз бор. Агар ўн кундан кейин бирор киши қолса, бўйнига қилич тортилади», деди. Кетиш учун тараддуд кўришни бошладилар. Сўнгра уларга мунофиқлар бошчиси Абдуллоҳ ибн Убай элчи жўнатиб: «Сизлар маҳкам бўлинглар ва ҳеч қаерга кетманглар. Албатта, менинг икки минг кишилик қўшиним бор, қалъаларингизга кириб сиз учун жон беради», деб, хабар етказди.
«…Қасамки, агар сизлар (Мадинадан) қувиб чиқарилсангиз, албатта, биз ҳам сизлар билан бирга чиқиб кетурмиз ва сизлар(га қарши ҳаракат)да ҳеч қачон ҳеч кимга итоат этмасмиз. Агар сизларга қарши жанг қилиша, албатта, биз сизларга ёрдам берурмиз» (Ҳашр сураси, 11-оятлар) [1:547].
Сизларга Қурайза ва Ғатафон қабиласи ёрдам беради деганида улар қувватни ҳис қилдида, Расулуллоҳ (с.а.в.)га: «Биз бу ердан чиқиб кетмаймиз, қўлингдан келганини қилавер», деди. Улар баланд байроқни олиб, Бани Назирни қамал қилиш учун юрди. Олти кечадан сўнг таслим бўлдилар. Бани Назирни Қурайза қабиласи ёрдамсиз қолдирди. Мунофиқлар сардори ва ўринбосарлари уларга хиёнат қилди:
«(Улар) худди шайтоннинг ўхшашидирлар. Қайсики, у инсонга: «Кофир бўл!» дейди. Бас, қачонки, (инсон) кофир бўлгач, (шайтон унга): «Мен сендан безорман», дейди» (Ҳашр сураси, 16-оят) [1:547].
Расулуллоҳ (с.а.в.) уларга ўзи билан қуролдан ташқари хоҳлаган нарсаси, юклари ва молларини олиб кетишга рухсат бердилар. Кучи етган нарсани олдилар ва ҳатто уйлари эшиги, деразалари, тахталари ва томлари ходаларини олиб кетишди.
«Улар уйларини ўз қўллари ва мўминларнинг қўллари билан бузар эди. Бас, эй, кўз эгалари! (Улардан) ибрат олингиз!» (Ҳашр сураси, 2-оят) [1:545].
Бундан ташқари, Бани Қурайза, Бани Қайнуқо ғазотларида ҳам элчилар юборилиб, томонлар хабар алмашган.
Ҳудайбия сулҳи воқеалари атрофида Мадина билан Макка, аниқроғи, Қурайш ўртасида ҳам элчи алмашиниб, Усмон ибн Аффон (р.а.) Қурайшга элчи қилиб юборилган.
Расулуллоҳ (с.а.в.) билан қурайшликлар ўртасидаги ҳодиса ҳақида сўз юритиладиган бўлса, Будайл ибн Варқо Расулуллоҳ (с.а.в.)га Қурайш жангга тайёргарлик кўраётганини ва Байтул Ҳарамга киритмаслик чораларини кўраётгани ҳақида хабар берди. Расулуллоҳ (с.а.в.) унга уруш учун эмас, фақатгина Умра зиёрати учун келганини айтдилар. Шунингдек, ярашув ва тинчликка тайёр эканликлари, агар Қурайш бундан бош тортса, улар жангда бошлари кесилгунича ёки Аллоҳ Ўз ишини амалга оширгунча курашишини айтдилар.
Будайл қайтганида Қурайшга бор гапни айтди. Улар Микраз ибн Ҳафсни элчи қилиб юборди. Расулуллоҳ (с.а.в.) Будайлга нима деган бўлсалар, унга ҳам шуни айтадилар. Сўнгра қурайшликлар ҳабашлар раиси Ҳулайс ибн Икримани юборади. У мусулмонларга яқин келганида Расулуллоҳ (с.а.в.) уларга: «Бу киши диний одатларни ҳурмат қиладиган кишидир. Қурбонликка аталган ҳайвонларни ҳайдаб уни қарши олинглар», дедилар. Уни «Лаббайка»ни айтиб кутиб олдилар. Ҳулайс бу ҳолатни кўрганида: «Субҳаналлоҳ, бундай одамларни Байтуллоҳ зиёратидан тўсмаслик керак. Лаҳм, Жизом, Ҳимяр қабилалари зиёрат қилишадию, лекин нега Абдул Мутталиб ўғлини зиёратдан тўсадилар. Каъба Раббига қасам, Қурайш ҳалокатга учрабди. Албатта, бу қавм Умра қилиш мақсадида келибди», деди. Сўнг Қурайш олдига қайтиб бу гапларни айтганида, улар: «Мана бу ерга ўтир. Сен саҳройисан ва сенда ҳийла-найранг йўқдир», деди.
Сўнг Қурайш аҳли улар олдига Урва ибн Масъуд Сақафийни юборди. Расулуллоҳ (с.а.в.) унга ҳам Будайлга айтган гапларини айтдилар. Урва: «Эй Муҳаммад, ҳар турли йиғинда кишилар сенинг атрофингда тўпланади. Сен уларга ишониб ўз қавмингни қириб ташлайсанми? Мен аниқ биламанки, бу кимсалар уруш бошланса, сени душман қўлига ташлаб қочади», деди. Абу Бакр (р.а.) унга ғазаб қилиб: «Эй Урва, бу гапингга сен Лот номли бутингни тишлабсан. Биз у зотни ташлаб қочамизми?!» деб жавоб берди.
Урва гаплашётганида Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг соқолларини ушлаб турар эди. Лекин Муғийра ибн Шуъба унинг қўлига қилич дастаси билан уриб: «Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг соқолларидан қўлингни торт!» деди.
Урва саҳобийларни Расулуллоҳ (с.а.в.)га кўрсатган ҳурмат-эҳтиромини кўрди. У Қурайш аҳлининг олдига қайтганида уларга: «Эй Қурайш қавми, Кисро, Қайсар ва Нажоший подшоҳларини олдига борганман, лекин Муҳаммадга саҳобийлари кўрсатган иззатни бошқасида кўрмаганман. Аллоҳга қасамки, агар тупурса унинг ҳурматидан тупугини ҳам ерга туширмасдан юз-қўлларига суришади. Агар бирор ишга буюрса, ўша ишга шошилишади. Агар таҳорат қилса, сув қуйиб бериш учун бир-бири билан тортишади. Унинг ҳузурида паст оҳангда гапиришади ва юзига тик қарамайди. У сизга тўғри таклифни қилди, уни қабул қилинг», деди. Бу музокаралар олиб борилаётган вақтда бир гуруҳ бемулоҳаза иш юритадиган ёшлар тунда сездирмай борди. Улар етмиш ёки саксонта бўлиб, Танийм тоғи олдига мусулмонлар тўхтаган жойда тўхтаб, мусулмонлар билан сулҳни бузишга ҳаракат қилмоқчи эди. Лекин мусулмонлар уларни қўлга олиб, Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳузурларига келтиришди. Расулуллоҳ (с.а.в.) уларни афв этдилар. Бу ҳолатда Қурайш қалбига қўрқув солиб қўйиш ҳам мумкин эди. Шу онда Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди:
«У (Аллоҳ) Макканинг ичкарисида (кечган жангда) уларнинг (Макка мушрикларининг) устидан сизларни ғалаба қилдирганидан кейин уларнинг қўлларини сизлардан, сизларнинг қўлларингизни улардан тўсган (жангни тўхтатган) Зотдир. Аллоҳ қилаётган амалларингизни кўриб турувчидир» (Фатҳ сураси, 24-оят) [1:514].
Бу вақтда Расулуллоҳ (с.а.в.) фақатгина умра мақсадида келганларини билдириш учун Қурайшга Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳуни элчи қилиб юбордилар. Унга Маккадаги мўмин ва мўминалар олдига бориб, фатҳ яқин экани ва Аллоҳ ислом динидагиларни қўллаб, Маккада имонли киши яширинмаслигини айтиб уларни хурсанд қилишни буюрдилар.
Усмон розияллоҳу анҳу Абон ибн Саъд ҳимояси остида Маккага кириб, хабарни Қурайшга етказганида, унга Байтуллоҳни зиёрат қилишни таклиф этишди. У эса Расулуллоҳ (с.а.в.) ман қилинган бўла туриб тавоф қилишдан бош тортди.
Қурайшликлар Усмон розияллоҳу анҳуни ҳибсга олди. Сўнгра рад жавобини юборишганида мусулмонлар орасида Усмон розияллоҳу анҳуни қатл қилингани ҳақида гап тарқалди. Элчининг ўлдирилиши – бу уруш дегани. Расулуллоҳ (с.а.в.) бундан хабар топганларида: «Бу гап рост бўлса, Қурайш билан жанг қилмасдан кетмаймиз», дедилар.
Исломнинг илк даври, хусусан, Расулуллоҳ (с.а.в.) даврлари ўзгалар билан олиб борилган алоқалар фақат тинчлик мақсадида бўлгани, эътиқоди, келиб-чиқишидан қатъи назар, ҳар бир тараф ҳурмат қилингани, бу эса, кейинги давлат раҳбарлари учун ҳам асос бўлиб хизмат қилгани билан характерланади.
-
Абдулазиз Мансур. Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. –Т.: Тошкент ислом университети, 2021.
-
Абу Убайд. Китоб ал-амвол. – Қоҳира: Дорул китабил арабий, 1975.
-
Ибрагимова Н. Исломнинг илк даврида элчилик муносабатлари. – Т.: Тошкент ислом университети нашриёт-матбаа бирлашмаси, 2017.
-
Муҳаммад Нодир Аттор. Адабул лиқоя фи ҳаятид диблумасий ва ҳулулиҳа фит туросил исломий. – Ар-Риёд: Дор ал-Майман.
-
Ahmet Yaman, İslâm Hukukunda Uluslararası İlişkiler. – Ankara, 1998.
-
Воқидий. Футуҳуш Шом. Ж.1. – Қоҳира: Дорул китобил арабий, 1978.
-
Воқидий. Китобур ридда. (Ҳамидуллоҳ таҳқиқи). – Париж, 1989.