Home / ХАЛҚАРО ЯНГИЛИКЛАР / ЎЗБЕКИСТОН ДЕЛЕГАЦИЯСИ ТУРКИЯ ТАЖРИБАСИНИ ЎРГАНМОҚДА

ЎЗБЕКИСТОН ДЕЛЕГАЦИЯСИ ТУРКИЯ ТАЖРИБАСИНИ ЎРГАНМОҚДА

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухаликов бошчилик қилаётган делегация музейларга бўлган ташрифини Туркия Республикасида давом эттирмоқда. Делегация таркиби Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари вакилларидан иборат. Делегациянинг 20 сентябргача давом этадиган ташрифидан кўзланган мақсад Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музейлари экспозициясини янги мазмун билан бойитишда Туркия тажрибасини ўрганиш ва Марказлар лойиҳаларини кенг тарғиб қилишдир. 

Тадбирлар Истанбул ва Анқарада бўлиб ўтадиган дастурларни ўз ичига олади. Хусусан, тўрт кунлик ташриф давомида делегация аъзолари “Панорама 1453” тарих музейи, “Истиқлол” Истанбул иллюзиялар музейи, Фуат Сезгин номидаги Илм-фан тарихи музейи, Турк-ислом санъати музейларининг инновацион тажрибалари, Истанбулдаги Йилдиз саройи ҳамда Тўпқопи саройидаги Ўзбекистон маданий меросига оид экспонатлари билан ҳам танишади. Айюб Султон мақбарасидаги Али Қушчи қабри зиёрат қилинади.    

ИҲТнинг Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ этиш маркази (IRCICA) директори, WOSCU Кенгаши аъзоси Маҳмуд Эрол Қилич, Текирдағ университети профессори ва Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази илмий маслаҳатчиси Ҳалит Эрен, Ислом тадқиқотлар маркази (ISAM) директори Муртаза Бедир билан бўладиган учрашув асносида мамлакатимизнинг қадимий ва бой тарихи, бетакрор маданияти ҳақида “Янги Ўзбекистон: Замон, макон ва маданий мерос” мавзусидаги фотокўргазма ҳам бўлиб ўтади.

Қолаверса, делегация кун тартибидан “Ўзбекистон – Туркия: туташ илдизлар ва умумий мерос” мавзусидаги давра суҳбати, “Ўзбекистоннинг буюк алломалари энциклопедияси” лойиҳаси тақдимоти, Ислом тадқиқотлар маркази (ISAM), Мармара университети, Истанбул тадқиқот ва таълим вақфи (ИСАР) ҳамда Ускудардаги Ўзбеклар теккеси, Туркия қўлёзма асарлар бошқармаси, Сулаймония ва Роми кутубхоналари, “Мега басин” нашриёт уйига ташриф ҳам ўрин олган.

Манба: cisc.uz

Check Also

ХАЛҚУ АФЪОЛИЛ ИБОД

📚 Китоб номи: ХАЛҚУ АФЪОЛИЛ ИБОД 👤Муаллиф: Имом Бухорий ✅️Ушбу китоб Имом Бухорийнинг “Халқу афъолил …