Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Ҳамкорликни кенгайтириш – давр талаби

Ҳамкорликни кенгайтириш – давр талаби

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига Туркиянинг Денизли шаҳридаги Памуккале университети ректори, профессор, доктор Аҳмад Қутлихон раҳбарлигидаги делегация ташриф буюрди.

Меҳмонларни Марказ директори Шовосил Зиёдов ҳамда Ҳадис илми мактаби ректори Барот Омонов кутиб олди.

Ташриф асносида делегация аъзолари Марказ раҳбарияти ва илмий ходимлари, Имом Бухорий номидаги стипендиянинг туркиялик совриндорлари ҳамда Ҳадис илми мактаби ректори иштирокида давра суҳбати ташкил этилди.

Унда илмий муассасалар ўртасидаги алоқаларни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Икки илм даргоҳи ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш ташаббуси Марказ раҳбарининг 2021 йил ноябрь ойида Туркияга ташрифи давомида илгари сурилган бўлиб, ўшанда унинг йўналишлари, истиқболлари ва амалий жиҳатлари келишиб олинган эди.

2022 йил август ойида Марказ билан Университет ўртасида имзоланган Англашув меморандуми асосида ҳамкорликда кўплаб илмий лойиҳалар амалга оширилди. Жумладан, ўша йилнинг ноябрида Марказ директори Памуккаледа “XXI асрда ёшлар ва имон масалалари: тавофутлар” мавзусида ўтказилган халқаро симпозиумда иштирок этди. Декабрь ойида эса Марказнинг икки илмий ходими Университетнинг Ислом илмлари инстутида малака оширди.

2023 йил октябрь ойида Марказ делегациясининг Денизли шаҳрида Университет раҳбарияти билан ўтказган учрашувида қўшма лойиҳалар салмоғини янада ошириш масаласи кўриб чиқилди.

Давра суҳбати иштирокчилари ҳамкорлик алоқаларининг бугунги ҳолати ва истиқболи юзасидан фикр алмашиб, илмий йўналишда биргаликда амалга оширилаётган лойиҳалар кўламини янада кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди.

Ректор Аҳмад Қутлихон ўзи раҳбарлик қилаётган Университет юртимиз тадқиқотчилари учун ҳар доим очиқ эканини, илм йўлида борган изланувчилар учун барча шароитлар муҳайё этилганини таъкидлади.

Мулоқот чоғида Ҳадис илми мактаби билан ҳам ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, мазкур олий таълим муассасаси педагог-ходимлари ва талабаларини Университет томонидан ташкил этиладиган ёзги малака ошириш дастурларига жалб қилиш, ўз навбатида, Университетнинг Ислом илмлари институти олимлари учун Ҳадис илми мактабида илмий амалиёт дастурини ишлаб чиқиш бўйича билдирилган таклифлар маъқулланди.

Томонлар онлайн семинарлар туркумини йўлга қўйиш, фаолияти етарли даражада ўрганилмаган алломалар илмий меросини тадқиқ этиш йўлидаги куч ва имкониятларни бирлаштириш, Туркияда нафақат туркий давлатлар олимлари, балки бутун мусулмон ҳамжамияти вакиллари иштирокида I Халқаро Имом Бухорий конференциясини ташкил этиш масалаларини кўриб чиқди.

Давра суҳбати дўстона ва конструктив руҳда ўтди.

Имом Бухорий халқаро илмийтадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Марказда бадиий фильм суратга олинмоқда

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида индонезиялик бир гуруҳ киноижодкорлар томонидан “Ҳижрат орзуси” номли бадиий фильмнинг …