Имом Бухорийнинг “Саҳиҳул Бухорий” асари Қуръони каримдан кейинги манба ҳисобланади. Кўпчилик бу тўплам ва унга оид маълумотлардан хабардор бўлишга интилади. “Саҳиҳул Бухорий” ровийлари, уларнинг ҳаёти ва илмий фаолияти хорижлик олимлар томонидан мукаммал ўрганилган ва бу ҳақда китоб, рисола ва баҳслар ёзилган. Афсуски, юртимизда бу мавзу ҳануз тўлиқ ўрганилмаган. Ушбу ровийлар ҳаёти ва илмий фаолиятини ўрганиш ва тадқиқ қилиш ҳозирги кунда олдимизда турган муҳим вазифалардан биридир.
Ушбу ровий ҳаёти ва илмий фаолиятига оид маълумотлар ҳар хил манбаларда турлича берилган. Баъзи манбаларда таржимаи ҳоли баён этилган бўлса, бошқасида “Саҳиҳул Бухорий” ровийси эканига урғу берилган. Имом Заҳабийнинг “Тазкиротул Ҳуффоз” ва Абдулкарим Самъонийнинг “Ал-Ансоб” асарида таржимаи ҳоли баён этилган. Имом Заҳабийнинг “Сияру аъломин нубало” ва Исмоил ибн Умар ибн Касирнинг “Ал-Бидоя ван ниҳоя” асарида таржимаи ҳоли билан бирга “Саҳиҳул Бухорий” ровийси экани ҳақида маълумот берилган.
Имом Бухорий (810-870) “Саҳиҳул Бухорий”ни ёзиб бўлгач, уни одамларга етказиш учун кўплаб дарс ташкил қилган. Бу дарсларда “Саҳиҳул Бухорий”ни эшитишга муштоқ бўлган ва ривоят қилишга катта қизиқиш билан қарайдиган кўплаб одам тўпланган. Аҳли илм ўз китобини етказишда жорий қилган одатга мувофиқ Имом Бухорий ҳам “Саҳиҳул Бухорий” китобини айтиб ёздириш учун бир неча жойда дарс ҳалқалари ташкил қилган.
“Саҳиҳул Бухорий”ни Имом Бухорийнинг ўзидан тинглаган бу жамоа орасида китобни бошқалардан кўра кўпроқ эшитган ровийлар тоифаси машҳур бўлган. Улар китоб рўйхати ва ривоятини мукаммал ўрганган. Ўзидан кейинги ҳадис ва хабарларни ривоят қилувчи кишиларга бу китобни етказган.
Имом Бухорий “Саҳиҳул Бухорий”дан дарс берадиган мажлисларда ривоятларни тўғрилаш, эшитган нарсаларини ёзиб олиш ва лафзларни тузатиш учун меҳнатини сарфлайдиган ровийлар тўпланган. Абу Абдуллоҳ Фирабрий: “Имом Бухорийнинг “Саҳиҳул Бухорий” китобини муаллифнинг ўзидан мен билан бирга тўқсон мингга яқин киши эшитган”, деб айтган [3: Ж: 11. Б:28].
Бу катта жамоа орасидан дастлабки ровийлар табақаси машҳур бўлган. Одамлар улардан “Саҳиҳул Бухорий”ни эшитган ва қабул қилиб олган. Мана шу табақадаги ровийлар “Саҳиҳул Бухорий”ни Имом Бухорийнинг ўзидан эшитиб, ривоят қилганлардир.
Тарихдан Имом Бухорий шогирдлари орасидан бугунги кунгача исми ва ёзган асари нусхалари машҳур бўлган олимлар маълумдир. Улар: Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Маъқил Насафий, Ҳаммод ибн Шокир Насафий, Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Юсуф Фирабрий, Абу Талҳа Мансур ибн Муҳаммад Паздавий ва Абу Абдуллоҳ Маҳомилийдир.
Имом Бухорий “Саҳиҳул Бухорий”ни Фирабрда дарс бериб бўлгач, 255/869 йилда Насафга келган ва шу ерда бир муддат яшаган. Буюк муҳаддис ушбу шаҳарда яшаганида насафликлар “Саҳиҳул Бухорий”ни Имом Бухорийдан таълим олган. Улар: Ҳаммод ибн Шокир Насафий, Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Маъқил Насафий, Абу Фазл Тоҳир ибн Ҳусайн ибн Махлад, Абу Талҳа Мансур ибн Муҳаммад ибн Али Паздавий, Тубан қишлоғи бошлиғи Абу Фазл Жаъфар ибн Муҳаммад ибн Аббос Тубаний ва Халаф ибн Шоҳид ибн Ҳасан ибн Ҳошим ва бошқалардир.
Ушбу шаҳардаги энг машҳур ровий Насаф қозиси Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Маъқил ибн Ҳажжож ибн Хаддош ибн Худайж Насафий Сонжаний эди. У Насафнинг Сонжан қишлоғида туғилган. Унинг таржимаи ҳолини ёзганлардан бирортаси туғилган йилини келтирмаган. Барча манбаларда вафот этган йили кўрсатилган. Уламолар унинг Абу Исҳоқ деб куняланганига иттифоқ бўлган. Лекин таржимаи ҳоли баён қилинган манбаларнинг бирортасида унинг Исҳоқ исмли ўғли борлиги ҳақида маълумот келмаган. Унинг Саид исмли ўғли борлиги ва отасидан ҳадис ривоят қилгани маълум.
Уламолар Иброҳим ибн Маъқил Насафийнинг жуда кўп шаҳарларга сафар қилганини ва бир неча китоб ёзганини таъкидлаган. Имом Заҳабий “Сияру аъломин нубало” асарида: “У жуда кўп сафар қилган”, деган [4: Ж: 13. Б:493]. У сафари давомида ўз даврининг улуғ олим, талабалари билан учрашган ва улардан дарс олган. Аллома фиқҳ илмига жуда катта эътибор бергани учун фақиҳ деб номланган. У бир неча фанни мукаммал эгаллаган эди. Турли соҳада ёзилган китоблари илми кучли экани ва даражаси юқорилигидан далолат беради. У Хуросон, Ироқ, Шом, Миср, Ҳижоз ва бошқа шаҳарларга сафар қилган ҳамда у ердаги машҳур муҳаддислардан ҳадис эшитган.
У сафари давомида ушбу шаҳарларда яшовчи Абу Ражо Қутайба ибн Саид Бағлоний, Абу Ҳасан Али ибн Ҳужр Саъдий, Абу Валид Ҳишом ибн Аммор Дамашқий, Муҳаммад ибн Мусаффо Ҳимсий, Ҳаннод ибн Суро, Абу Курайб Муҳаммад ибн Ало Куфий, Абу Мусо Муҳаммад ибн Мусанно Басрий ва Ҳармала ибн Яҳё Мисрий каби муҳаддислар билан учрашган ва улардан ҳадис тинглаган. У машҳур имом ва муҳаддис Аҳмад ибн Ҳанбал билан ҳам учрашган. Лекин ундан ҳадис ривоят қилмаган. Чунки ўша пайтда Аҳмад ибн Ҳанбал фитнага дучор бўлгани учун ҳадис ривоят қилмаётган эди.
Албатта, унинг устозлари бошида Имом Бухорий туради. У “Саҳиҳул Бухорий”ни алломанинг ўзидан таълим олган ва бу китобни муаллифнинг ўзидан энг охири ривоят қилганлардан бири саналади. Лекин китоб охиридан ижоза билан ривоят қилган қисми йўқолган. Абу Фазл Солиҳ ибн Муҳаммад ибн Шазон Исфаҳоний Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Маъқил Насафийдан бундай ривоят қилади: “Албатта, Имом Бухорий тўпламнинг охирида менга Ҳукмлар китобининг аввалидан китобнинг охиригача ижоза берган эди”.
Иброҳим ибн Маъқил Насафий ривояти ривоятлар ичида энг ноқисидир. Албатта, унинг ривоятида Абу Абдуллоҳ Фирабрий ривоятига қараганда уч юзта ҳадис камдир.
Имом Хаттобий ўзининг “Саҳиҳул Бухорий”га ёзилган “Аъломул ҳадис” номли шарҳида: “Мен китобнинг кўпроқ қисмини Халаф ибн Муҳаммад Ҳайёмдан, у Имом Бухорийдан “Саҳиҳул Бухорий”ни эшитган машҳур шогирди Иброҳим ибн Маъқил Насафийдан Имом Фирабрий йўлидан бошқа йўл билан эшитдим”, деган. Демак, Имом Хаттобий “Саҳиҳул Бухорий”ни Иброҳим ибн Маъқил Насафий йўли орқали ривоят қилган ровийлардан саналади. У китобнинг кўпроқ қисмини Иброҳим ибн Маъқил Насафий йўли орқали, фақат китоб охиридаги ҳадисларни эса Фирабрий йўли орқали эшитган.
Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Маъқил Насафий ривояти Абу Солиҳ Халаф ибн Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий йўли орқали тарқалган. У мовароуннаҳрлик муҳаддис бўлиб, Иброҳим ибн Маъқил Насафий ва бошқа муҳаддислардан ҳадис ривоят қилган. Бошқа шаҳарларга сафар қилмаган. Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Маъқил Насафий ривояти Ер юзида кенг тарқалган.
Иброҳим ибн Маъқил Насафийдан ўз шаҳридаги кўп одамлар ривоят қилган [2: Ж: 5. Б:487]. Аҳли илмнинг кўплаб вакиллари уни мақтаган. Улардан бири Ҳофиз Абул Аббос Жаъфар ибн Муҳаммад Мустағфирий (ваф. 432/1041) бўлиб, у: “Иброҳим ибн Маъқил Насафий фақиҳ, ҳофиз, уламолар ихтилофини фарқловчи, фазилатли ва ҳимоячи олим эди”, деган [1: Ж: 2. Б:686].
Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Маъқил Насафий фиқҳ ва ҳадис илмини пухта эгаллаб, ҳадис тўплаш ва асар ёзишни мақсад қилган. У “Ал-Муснад”, “Ат-Тафсир” ва бошқа китобларни тасниф этган.
Ҳофиз Заҳабий (ваф.748/1348): “У ҳофиз, аллома, Насаф қозиси ва олими, Муснадул кабир, тафсир ва бошқа китоблар муаллифидир”, деган [1: Ж: 2. Б:686]. Демак, Имом Заҳабий унинг “Ал-Муснад”, “Ат-Тафсир” ва бошқа китоблари борлигини айтган. Ҳожи Халифа ҳам “Кашфуз зунун”да унинг “Тафсирул Қуръон” китоби бўлгани ҳақида маълумот берган.
Имом Каттоний санадлар ҳақидаги “Ар-Рисалатул мустатарафа” китобида: “Насаф қозиси ва олими Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Маъқил Насафийнинг муснади бор. У катта муснаддир”, деган. Демак, у насафликларнинг улуғ имоми бўлиб, Туфайл ибн Зайддан кейин Насафнинг қозиси этиб тайинланган. Унга таъриф берган уламоларнинг барчаси “Ал-Муснад” асари бўлганини таъкидлаган.
Хатиб Бағдодий “Ҳадятул орифин” асарида Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Маъқил Насафийнинг “Ал-Истиқсоот фин нукот” номли асари бўлган, деган.
Иброҳим ибн Маъқил Насафий 295/908 йил зулҳижжа ойида вафот этган [1: Ж: 2. Б:686]. У ўша пайтда саксон беш ёшда эди, дейилган. Имом Самъоний унинг вафоти 294/907 йил деб ёзиб қолдирган [2: Ж: 5. Б:487].
Мавзуга хулоса ва таклиф сифатида қуйидагиларни келтириш мумкин:
– Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Маъқил Насафий “Саҳиҳул Бухорий”ни Имом Бухорийнинг ўзидан эшитиб ривоят қилган биринчи табақа ровийларидан саналади;
– Мағриб ва Андалусия ўлкасига “Саҳиҳул Бухорий” асари Фирабрий ва Насафий ривоят қилган йўл орқали кириб борган;
– Имом Бухорийнинг ўзидан “Саҳиҳул Бухорий”ни ривоят қилган бошқа ровийлар ҳаёти ва илмий фаолиятини ўрганиш мақсадга мувофиқ;
– “Саҳиҳул Бухорий” ровийлари ҳаёти ва илмий фаолиятини ўрганиш орқали Имом Бухорий Мовароуннаҳрнинг қайси шаҳарларида яшаган ва таълим берганини ўрганиш лозимдир.
Таъкидланганидек, асарни муаллифга боғлаб ривоят қилган машҳур ва ишончли ровийларнинг айримлари санади бевосита ушбу алломага бориб тақалади. Шунинг учун ҳам ушбу ровий ҳаёти ва илмий фаолиятини ўрганиш ғоят муҳим аҳамиятга эга. Чунки бундай тадқиқотлар Имом Бухорий ҳаёти ва фаолияти, ҳадисшунослик илми ва тарихига оид янги маълумотларни омма эътиборига ҳавола этишга хизмат қилади.
-
Абу Абдуллоҳ Шамсиддин Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Усмон ибн Қоймаз Заҳабий. Тазкиратул Ҳуффоз: 4 жилдли. Абдураҳмон ибн Яҳё Муъаллимий таҳқиқи. – Ҳайдаробод: Даиротул маорифил Усмония, 1374/1955. 1760 саҳифали.
-
Имом Абу Саъд Абдулкарим ибн Муҳаммад ибн Мансур Самъоний. Ал-Ансоб: 13 жилдли. – Ҳайдаробод: Даиротул маорифил Усмония, 2016.
-
Исмоил ибн Умар ибн Касир. Ал-Бидоя ван ниҳоя: 15 жилдли. Устозлар жамоаси таҳқиқи. – Байрут: Дорул кутубил илмия, 1407/1987.
-
Шамсиддин Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Усмон Заҳабий. Сияру аъломин нубало: 25 жилдли. – Байрут: Дору муассасатир рисола, 1992.