Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази делегациясининг Саудия Арабистонига ташрифи давом этяпти.
Навбатдаги манзил маданий мерос объектлари сони кўплиги билан алоҳида ажралиб турувчи Жидда шаҳри бўлди. Делегация аъзолари Абдурауф Ҳасан Халил музейида бўлди.
Айтиш жоизки, ҳақиқий санъатнинг илдизи маҳорат ва донишмандликка бориб тақалади. Шу боис хоҳ у ўтмишда, хоҳ замонавий ҳаётда бўлсин, инсонга эстетик завқ бағишлайди, дунёқарашини кенгайтиради ва борлиқни моҳиятан англашига рағбат беради. Мазкур музейга ташриф буюрганлар ҳам инсон қўли билан яратилган шундай асарларнинг шайдосига айланиши шубҳасиздир.
Абдурауф Ҳасан Халил кўп йиллар Саудия Арабистонида ташқи ишлар вазири ёрдамчиси сифатида фаолият юритган ва мамлакатнинг бошқа давлатлар билан дипломатик алоқаларини мустаҳкамлашга ҳисса қўшган. Бу даврда тўплаган коллекцияси асосида хусусий музей шакллантирган.
Абдурауф Халил музейи Халқаро Тайбат илм-фан ва билимлар шаҳрининг бир қисми бўлиб, Жиддада бўлиши шарт бўлган музейдир. Музей ҳақиқатан ҳам ўзига хос шаҳар. У 12 бинодаги 300 хонада исломдан олдинги ва ислом тарихини жонлантиради. Музей Саудия Арабистони мероси уйи, Ислом мероси уйи, халқаро мерос уйи ва жамоат меросини ўз ичига олади.
Бу ерда Марказий Осиё тарихи билан боғлиқ кўплаб экспонатлар ҳам бор. Масалан, XIX асрда Тошкентда мис идишга ишланган миниатюра, XIV асрда Қуръон оятлари билан зеб берилган Темурийлар даврига оид чойнак, X асрда, Сомонийлар даврида ясалган сопол коса шулар жумласидан.
Делегация аъзолари ва музей ходимлари ўртасида кечган мулоқот жараёнида музейнинг ташкил этилиши, экспонатларни намойиш қилиш ва жараёнда замонавий технологиялардан фойдаланиш мавзулари муҳокама қилинди. Энг муҳими, экспонатда ёритилган мавзулардаги очиқлик, эркинлик ва исломдан бошқа маданиятларга нисбатан ҳурмат руҳидир.
– Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази – Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан маданий-гуманитар соҳада амалга оширилаётган мегалойиҳа. Шу боис унинг экспозициясини янги мазмун билан бойитиш масаласида изланишлар олиб бориляпти, – дейди делагация аъзоси, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шовосил Зиёдов. – Давлат раҳбари топшириғига асосан, нафақат ўзимизнинг ва хорижий олимлар, тарихчилар, мутахассис ва экспертлар фикри, балки халқаро тажриба ҳам ўрганиляпти. Саудия Арабистонига сафаримиз айрим ҳолларда дуч келинадиган нотўғри талқинларга барҳам бера олгани билан ҳам аҳамиятлидир. Чунки, Подшоҳликдаги музейларда исломдан аввалги давр ҳам ёритилган. Қолаверса, инсонларнинг, хусусан аёлларнинг сиймолари акс этган ҳунармандлик ва мусаввирлик ишлари ҳам намойишга қўйилган.
Дарҳақиқат, музей экспозицияси чин маънода маданиятлараро чорраҳа вазифасини ўтаяпти ва дини, эътиқоди, миллатидан қатъи назар, ташриф буюрувчиларга ҳайрат улашяпти. Энг муҳими, исломнинг бағрикенглик тамойилларини ўзида тўла акс эттирган. Намойишга қўйилган турли экспонатлар мисолида буни янада ёрқинроқ кўриш мумкин.
Абдурауф Ҳасан Халил музейида турли цивилизацияларга оид бадиий ва археологик асарлар, жумладан, Хитой, Европа ва ислом оламининг турли минтақаларига оид асарлар мавжуд. Одамлар ва ҳайвонларнинг ҳақиқий ўлчамдаги кўплаб макетлари, портретлар ва муайян бир воқеликни акс эттирган суратлар намоён.
– Мамлакатларимиз ўртасида масофа катта бўлса-да, музей экспозициясида бу у қадар кўзга ташланмайди. Бу ерда Қуръон оятлари билан зебланган Темурийлар даврига оид идишлар ва бошқа кўплаб экспонатларни кўриб, юртимиз тарихига юксак ҳурмат ва эътиборни яна бир карра ҳис қилдик, – дейди Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси директори Фирдавс Абдухолиқов. – Саудия Арабистонига сафар, айтиш жоизки, Президент Шавкат Мирзиёевнинг диний-маърифий соҳаларда олиб бораётган сиёсати, саъй-ҳаркатлари намуналаридан биридир. Бу илм аҳлига илҳом бериб, шу йўналишда олиб борилаётган ишларнинг янги босқичга кўтарилишига хизмат қиляпти.
Музейга ташриф давомида келгусидаги ҳамкорлик масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Делегация ўз ишини давом эттиряпти.