Home / МАҚОЛАЛАР / ИМОМ БУХОРИЙНИНГ ОТАСИ ҲАҚИДА МАНБАЛАРДА ҚАНДАЙ МАЪЛУМОТЛАР КЕЛТИРИЛГАН?

ИМОМ БУХОРИЙНИНГ ОТАСИ ҲАҚИДА МАНБАЛАРДА ҚАНДАЙ МАЪЛУМОТЛАР КЕЛТИРИЛГАН?

Имом Бухорийнинг отаси аллома Исмоил катта тижоратчи бўлиб, ўғлига кўп мол-мулкни мерос қилиб қолдирган. У ўз касбида ўта парҳезкор бўлган, ҳар қандай шубҳали нарсалардан сақланган.

Муҳаммад ибн Абу Ҳотим Варроқ Бухорий айтади: “Мен Муҳаммад ибн Хидошдан, у Аҳмад ибн Ҳафсдан эшитган. Аҳмад ибн Ҳафс бундай дейди: “Абу Абдуллоҳнинг отаси Абу Ҳасаннинг олдига ўлим тўшагида ётган пайтида кирдим. Шунда Абу Ҳасан: “Мен мол-мулким орасида бирор дирҳам ҳаром ё бирор дирҳам шубҳали нарса борлигини билмайман”, деди”. Аҳмад ибн Ҳафс бу гапни эшитганда: “Шунда ўзимнинг амалларим кўзимга арзимас бўлиб кўриниб кетди”, деди.

Имом Бухорий: “Сўзларнинг энг тўғриси кишининг вафот этаётган пайтдагисидир”, деди. Имом Бухорийнинг отаси Исмоилнинг куняси Абу Ҳасан бўлган.

Абу Ҳафс Кабир Бухорий ўлароқ танилган Аҳмад ибн Ҳафснинг бу гапдан ажабланиши Исмоилнинг ўта парҳезкор ва ҳар қандай шубҳали нарсалардан сақланишига ишорадир. Имом Бухорий отасидан жуда кўп мол-мулкни мерос қилиб олган ва уларни музорабага қўйган (Музораба – савдонинг бир тури бўлиб, унда бир киши сармоя ётқизади ва иккинчиси ишлайди. Фойдада иккаласи шерик бўлади), ундан келган фойдани ўз эҳтиёжлари учун сарфлаган ва бошқаларга хайру эҳсон қилган. Яъни, бойлик топиш ҳақида бош қотирмасдан, бор имкониятини илм олишга ва ҳадис тўплашга сарфлаган. Отаси ҳам аслида худди шуни хоҳлаган ва бунинг учун кўп мол-мулк қолдириб кетган эди.

Имом Бухорийнинг котиби Абу Жаъфар Варроқ Бухорий айтади: “Исҳоқ ибн Аҳмад ибн Халаф Бухорий бундай деган эди: “Мен Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийнинг: “Отам Имом Моликдан ҳадис тинглаган ва Ҳаммод ибн Зайднинг Ибн Муборак билан икки қўллаб кўришганини кўрган”, деганини эшитганман”.

Ибн Ҳажар Асқалоний “Тағлиқут таълиқ” асарида мана бу ривоятни келтиради: “Имом Бухорий “Тарихул кабир” асарида отаси Исмоил ибн Иброҳим ибн Муғийра Жўъфийнинг таржимаи ҳолида: “У киши Ҳаммод ибн Зайднинг Ибн Муборак билан икки қўллаб кўришганини кўрган”, деб ҳикоя қилган”. Имом Бухорий Абдуллоҳ ибн Салама Муродийнинг таржимаи ҳолида айтади: “Дўстларимиздан Яҳё ва бошқа бир киши менга отам Исмоил ибн Иброҳим ҳақида сўзлаб берди. Отам: “Мен Ҳаммод ибн Зайдни кўрдим. Ибн Муборак Маккага келганда, Ҳаммод ибн Зайд Ибн Муборак билан икки қўллаб кўришганди. Ўшанда Яҳё ибн Жаъфар Пойкандий ҳам менинг олдимда эди”, деган экан”.

Имом Бухорийнинг отаси фақатгина тижоратчи бўлиб қолмасдан, илм билан чуқур шуғулланган ва анча юқори даражага кўтарилган. У Ҳаммод ибн Зайднинг Абдуллоҳ ибн Муборак билан икки қўллаб кўришганини кўрган ва Имом Моликдан ҳадис ривоят қилган. Бу воқеа Абдуллоҳ ибн Муборак Маккага Ҳаммод ибн Зайднинг олдига борганда содир бўлган.

Тадқиқотчилар шу маълумотга таяниб Исмоилнинг Ҳижозга борганини айтади. Ҳижоз – Табук, Мадина, Жидда, Макка ва Тоиф каби катта шаҳарлар жойлашган ҳудуд. Эҳтимол, бу ҳаж сафари бўлган бўлиши мумкин. Унинг давомида Мадина шаҳрига бориб, Имом Моликдан ҳадис тинглаган. Манбаларда унинг Ироққа ҳам сафар қилгани айтилади. Бунга Ибн Ҳиббоннинг “Ас-Сиқот” китобидаги: “Имом Бухорийнинг отаси Исмоил ибн Иброҳим Ҳаммод ибн Зайд ва Моликдан ҳадис ривоят қилган. Ундан ироқликлар ҳадис ривоят қилган”, деган сўзлари далолат бўлади.  

Исмоил Бухорий ўз даврининг таниқли инсонларидан бири бўлган. Солиҳ ибн Муборак ва Абу Муовиядан ҳадис ривоят қилган. Яҳё ибн Жаъфар Пойкандий, Аҳмад ибн Ҳафс, Наср ибн Ҳусайн ва ироқлик бир қанча олимлар Исмоил ибн Иброҳим Бухорийнинг шогирди ҳисобланади.

Ибн Ҳажар Асқалоний: “Имом Бухорий отаси ҳақида унинг солиҳ кишилардан эканига далолат бўладиган маълумотларни келтирган”, деган.

Имом Бухорийнинг отаси Исмоил ибн Иброҳим Бухорий ҳақида бир ривоят бор. Уни Имом Заҳабийдан бошқа бирор киши келтирмаган. “Сияру аъломин нубало” асарида Абу Ҳафснинг таржимаи ҳолида бундай дейилади: “Шайх Муҳаммад ибн Абу Ражо Бухорий айтади: “Мен Аҳмад ибн Ҳафсдан эшитдим. У: “Тушимда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрдим. Бир аёл у кишининг олдиларида йиғлаб ўтирарди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлга: “Сен йиғлама. Мен вафот этсам, йиғлайсан”, дедилар. Тушимни таъбир қилиб берадиган бирор кишини тополмадим. Имом Бухорийнинг отаси Исмоил менга: “Албатта, суннат ҳануз мавжуддир”, деганидан сўнг тушимнинг маъносини англаб етдим”, деди”. 

Бу Имом Бухорийнинг отаси Исмоил фақиҳ Аҳмад ибн Ҳафснинг дўсти бўлганини билдиради. Шунинг учун Имом Бухорий ёшлигида унинг олдига бориб турган. Эҳтимол, Имом Бухорийнинг отаси ўғлини илмга қизиқтириш учун уни ўзи билан бирга ҳамроҳ қилиб олгандир. Имом Бухорийнинг отаси Исмоил у болалик пайти вафот этиб кетган. У тушларни таъбир қиладиган кишилардан эди. Фақиҳ Аҳмад ибн Ҳафс Бухорий тушини таъбир қилиш учун Имом Бухорийнинг отасидан бошқа кишини тополмаган.

Исмоил Бухорий тарихга эътиборли бўлган ва ўтмишдаги воқеаларни қайд этиб борган. Ибн Асокир ўзининг “Дамашқ тарихи” асарида бундай ёзади: “Абу Ҳасан Муваҳҳид бизга Ҳаннод Қозидан, у Муҳаммад ибн Аҳмад Ғунжордан, у Абу Наср Муҳаммад ибн Саид ибн Аҳмад ибн Саид Тожирдан, у Муҳаммад ибн Юсуф ибн Матордан, у эса Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Абу Ҳотим Варроқ Бухорийдан ривоят қилган: “Абу Амр Мустанир ибн Атиқ менга бундай деб айтди: “Мен Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоилдан: “Қачон туғилгансиз?” деб сўрадим. У отасининг: “Муҳаммад ибн Исмоил 194/810 йил шаввол ойининг ўн учинчи куни Жума намозидан кейин туғилди”, деган қайдномасини кўрсатди. У 256/870 йил Рамазон ҳайити кечаси вафот этди”.

* * *
Юқорида келтирилган маълумотлардан қўйидагиларни хулоса қилишимиз мумкин:
* Имом Бухорийнинг отаси ўта парҳезкор ва тақводор бўлган. Ҳар қандай шубҳали нарсалардан ўзини олиб қочган.
* Имом Бухорийнинг отаси илм талабида баъзи шаҳарларга сафар қилган. Сафари давомида кўплаб уламолар билан учрашган ва улардан ҳадис ривоят қилган.
* Имом Бухорийнинг отаси Исмоил катта тижоратчи ва айни пайтда ҳадис ровийларидан бўлган. Ироқликлар ундан ҳадис ривоят қилган.
* Имом Бухорийнинг отаси жуда кўп мол-мулкни мерос қилиб қолдирган ва ўғли уларни музорабага қўйган. У илмга қаттиқ меҳр қўйган, ўғлининг ҳам илм олиши учун замин ҳозирлаган.
* Имом Бухорийнинг отаси бойлигини фақат яхшилик йўлида сарфлаган. У ўғлининг таълим олиши ва илмдан бошқа нарсага чалғимаслиги учун катта давлатни мерос қилиб қолдирган.
Имом Бухорий шундай забардаст муҳаддис бўлиши учун буюк хизмат қилган отасининг ҳаёти ва илмий фаолиятини ўрганиш ғоят муҳим аҳамиятга эга. Чунки, бу ёшларимизни илм-маърифатли, хусусан, ҳадис илмига иштиёқманд бўлишига хизмат қилади.
Абдувоси ШОНАЗАРОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …