Обод юртнинг файзи, таровати ўзгача бўлади. Зотан, озодалик, поклик, саранжом ва саришталик юртимизнинг янада кўркам бўлишига замин яратади. Бунда халқимизнинг йиллар давомида шаклланган эзгу қадрияти – ҳашар муҳим ўрин тутади. Бугун бутун мамлакатимиз бўйлаб умумхалқ хайрия ҳашари ўтказилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 16 – 18 март кунлари Наврўз байрами арафасида хайрия ҳашари ўтказиш тўғрисидаги Қарорининг ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида ҳам умумхалқ ҳашари ташкил этилди.
Жорий йилнинг 17 март куни ҳам «Обод ва файзли маҳалла — юрт кўрки» шиори остида ўтказилаётган анъанавий умумхалқ хайрия ҳашарида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг илмий ва хўжалик ходимлари фаол иштирок этди.
Мазкур умумхалқ ҳашарида Марказга тегишли бўлган ҳудудлардаги манзарали дарахтларнинг таглари юмшатилди, кўкаламзор ҳудуд бегона ўтлардан тозаланди, манзарали дарахтлар безак берилди ва уларнинг тагини юмшатган ҳолда оқтошлар билан чиройли шаклга келтирилди, дарахтлар оқланди.
Зеро, қутлуғ Рамазон ойида бўлаётган умумхалқ хайрия ҳашари халқимиз меҳр-оқибати, бирдамлиги, аҳиллигининг яна бир амалий ифодасидир.