Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Халқимиз ҳаётида маънавий поклик, меҳр-оқибат, хайру саховат фазилатлари сайқалланадиган муборак Рамазон ойининг аҳамияти беқиёс. Юртдошларимиз ушбу муборак ойни доим катта қувонч ила кутиб олади. Оила ва маҳаллаларда ўзаро меҳр-оқибатни мустаҳкамлаш, ёш авлодни билим-маърифат соҳиблари этиб тарбиялаш, эҳтиёжманд инсонларга ёрдам кўрсатиш каби савобли амалларни ихлос билан адо этишга интилади.
Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 7 мартдаги “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида”ги қарори халқимиз учун эзгулик, бирдамлик, олийжаноблик ва шукроналик тимсоли бўлган қутлуғ Рамазон ойини юқори савияда ўтказиш, диний-маърифий, маданий қадриятларимизни асраб-авайлашга қаратилган муҳим чора-тадбирларни белгилаб бергани билан халқимиз руҳиятини янада кўтариб юборди.
Ушбу ойда халқимизнинг меҳр-мурувват, оқибат ва саховат, ўзгаларга кўмак қўлини узатиш, йиғилганни суяш каби фазилатлари ҳар доимгидан-да кенгроқ намоён бўлади. Бу Президентимиз томонидан мамлакатимизда олиб борилаётган ижтимоий ҳимоя сиёсатига ғоят ҳамоҳангдир.
Дарҳақиқат, кейинги йилларда мамлакатимизда кечаётган янгиланиш ва ўзгаришлар жараёнларида аҳолининг барча қатлами манфаатларини сўзда эмас, амалда ҳимоялашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Кам таъминланган оилалар, ногиронлиги бор шахслар, етим болаларга ёрдам кўрсатиш, уларни ўқитиш, касб-ҳунарга ўргатиш, ишга жойлаштириш борасида ҳам аниқ ва манзилли чоралар кўриляпти.
Президентимиз раислигида шу йил 20 февраль куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам ижтимоий ҳимоя соҳасидаги устувор вазифалар кенг муҳокама қилинди. Давлатимиз раҳбари бу тизимни тубдан ислоҳ қилиш, ижтимоий ёрдамнинг манзиллилиги ва натижадорлигини таъминлаш зарурлигини таъкидлади. Йиғилишда шу борадаги устувор вазифалар белгиланди. Аввало, ижтимоий хизмат ва ёрдамни маҳалла даражасида ташкил этиш масалалари кўриб чиқилди.
Ойларнинг султони саналмиш Рамазон ойида бундай эзгу амаллар ҳажми янада кенгаяди. Кексалар, беморлар, боқувчисини йўқотган инсонлар, ота-она меҳридан бебаҳра қолганлар ҳолидан хабар олиш борасидаги ишлар қамрови янада ортади.
Юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли инсонпарварлик сиёсатидан руҳланиб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси бу йилги Рамазон ойини “Меҳр-мурувват ва хайру саховат ойи”га айлантириш ташаббусини эълон қилди. Токи, қутлуғ ойда ҳар бир хонадон, ҳар бир кишининг қалбига хурсандчилик кириб борсин. Шунда мақсадларимиз ҳосил бўлади, Яратган биздан рози бўлади, инша Аллоҳ.
Азиз халқимиз, айниқса, саховатли дўсту биродарларимиз бу ойда имкон қадар хайрия ишларини кўпайтирса, юртимизда эҳтиёжманд кишилар янада камаяди, ҳар бир уйда шодлик, қувонч муҳити ҳукм суради. Бинобарин, инсониятга ибрат бўлган Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ойда бошқа ойларга қараганда янада сахийроқ бўлар эдилар. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг энг сахийси эдилар. Айниқса, Рамазон ойида янада сахий бўлиб кетар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яхшиликда шиддат билан эсаётган шамолдан-да учқурроқ эдилар” (Муттафақун алайҳ).
Шундай экан, умид қиламизки, қўли очиқ, саховатпеша инсонларимиз ногиронлиги бўлганлар, ёлғиз кексалар, боқувчисини йўқотган фуқаролар ҳамда кам таъминланган оилаларга меҳр-мурувват улашади, беморларнинг ҳолидан хабар олиб, кўнгилларини кўтаришда пешқадам бўлади.
Жамиятда меҳр-шафқатга, раҳмдилликка ва хайру эҳсонга муҳтож кишилар кўп эканини ҳисобга олсак, бу эзгу ташаббуснинг аҳамияти яна ҳам ортади. Рамазони шарифда ушбу тоифадаги фуқаролар ҳолидан хабар олиб, уларнинг кўнгилларига озгина бўлса ҳам, хурсандлик улашадиган бўлсак, Аллоҳ таоло бу муборак кунлардаги ажрларини зиёдаси билан беради. Зеро, Салмон Форсий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: “У ойда ким бирор-бир нафл амал қилса, бошқа ойда фарз амални адо қилган билан тенг бўлади. Кимда-ким бу ойда бирорта фарз амални адо этса, бошқа ойда етмишта фарз амални адо қилган билан тенг бўлади”, дея марҳамат қилганлар.
Ислом инсонлар ўртасида меҳр-оқибат, сахийлик, муҳтож кишига ёрдам қўлини чўзиш каби гўзал хислатларни кенг тарғиб этади. Инсон нафақат ўзи ҳақида ўйлаши, балки ўзгалар дарди билан ҳам ҳамнафас бўлиб яшаши керак. Аллоҳ таоло чин мўмин-мусулмонларни Қуръони каримда шундай таърифлаган: “Мўминлар ва мўминалар бир-бирларига дўстдирлар: (одамларни) яхшиликка буюрадилар, ёмонликдан қайтарадилар…” (Тавба сураси, 71-оят).
Бу борада Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз умматларини сифатлаб шундай деганлар: “Мўмин мўминга нисбатан бир-бирини мустаҳкам тарзда ушлаб турган бино сингаридир” (Имом Бухорий ривояти).
Жамиятда яшар эканмиз, ён-атрофимиздаги айрим кишиларнинг тақдир тақозоси билан бошига мусибат тушганига, оғир дардга учраганига, имконияти чекланиб, ёрдамга муҳтож бўлганига ва бошқа қийинчиликларга дуч келганига гувоҳ бўламиз. Бундай ҳолатдаги инсонлар дардига қулоқ тутиш ва имкон даражасида уларга кўмак бериш мўминлик вазифамиздир.
Исломда камбағалликни тугатишга, аввало, бундай тоифадаги кишиларни меҳнат қилишга ундаш, бирор касб-ҳунар билан шуғулланишга тарғиб этиш билан эришилади. Чунки меҳнат қилиш бу асосий вазифа ҳисобланади. Бироқ жамиятда меҳнатга ярамайдиган ёки муносиб иш топа олмаётган ёхуд иши бору, ундан оладиган даромади эҳтиёжини қоплашга етмайдиган ижтимоий ҳимояга муҳтож кишиларга нисбатан ҳам динимизда ўзига хос тарзда раҳнамолик қилиш айтилган. Масалан, закот, яқин қариндошларга берилиши вожиб бўлган нафақа, нафл садақа, хайрия, вақф мулки, назрлар, каффоратлар, қўшнилар ҳаққи, меҳмондорчилик ҳаққи, етимларга ғамхўрлик қилиш, шунингдек, давлат томонидан ижтимоий таъминот учун ажратиладиган маблағлар шу ишга йўналтирилади.
Муҳтож инсонларга ёрдам бериш жуда катта савобли амал бўлиб, динимиз унга тарғиб қилади. Бу борада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай марҳамат қиладилар: “Бир биродаримнинг ҳожатини (раво қилиб) юришим мен учун мана бу масжидда (Масжиди Набавийда) бир ой эътикоф ўтиришдан яхшироқдир. Ким биродарининг ҳожатини раво қилиб бергунигача у билан бирга юрса, Аллоҳ уни қадамлар тойиладиган кунда қадамини собит қилади” (Имом Табароний ривояти).
Динимиз боқувчисини йўқотган, ногиронлиги бор, ижтимоий кўмакка муҳтож бўлган инсонлар билан муомала қилишда қуйидаги уч асосга чақиради: уларнинг ҳурматини сақлаш; ҳақ-ҳуқуқларига риоя қилиш; жамиятдаги одамлар орасида тенглик ўрнатиш. Мана шу учта тамойил ҳам бугунги кунда юртимизда кенг қулоч ёзмоқда.
Меҳр-мурувват, ҳамжиҳатлик, бағрикенглик, сахийлик халқимиз ардоқлаган, асрлар оша амал қилиб келаётган гўзал фазилатлардир. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Аллоҳ йўлида молларини эҳсон қилувчилар (савобининг) мисоли гўё бир донга ўхшайдики, у ҳар бир бошоғида юзтадан дони бўлган еттита бошоқни ундириб чиқаради. Аллоҳ хоҳлаган кишиларга (савобини) янада кўпайтириб беради. Аллоҳ (карами) кенг ва билимдон зотдир” (Бақара, 261). Бошқа ояти каримада: “Садақаларингизни агар ошкора берсангиз, жуда яхши. Бордию, камбағалларга пинҳона берсангиз — ўзингиз учун янада яхшироқдир ва (У) гуноҳларингиздан ўтар. Аллоҳ қилаётган (барча) ишларингиздан хабардордир” (Бақара, 271).
Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки бир мусулмоннинг дунё қайғуларидан бирини кетказса, Аллоҳ унинг қиёмат кунидаги қайғуларидан бирини кетказади. Кимки дунёда бир қийналган биродарининг оғирини енгил қилса, Аллоҳ таоло унинг қиёматдаги оғирини енгил қилади. Бир банда бошқа бандага ёрдам қилса, Аллоҳ таоло унга ҳам ёрдам кўрсатади”, деганлар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги масжид имом-хатиблари ҳомийларни жалб этган ҳолда кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилаларга, Меҳрибонлик, Саховат, Мурувват уйларига, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва меҳнат фахрийларига моддий ёрдамлар кўрсатиш ишларини бошлаб юборди.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, ҳудудлардаги “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги “Вақф” хайрия жамоат фонди ҳамкорлигида аҳолининг кам таъминланган қатлами, хусусан, ногиронлиги бор шахслар уйларида ифторлик дастурхони ёзиб, кўнгилларини кўтаришга ҳаракат қилинади. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким рўзадор кишига ифторлик қилиб берса, у кишига ҳам рўза тутганнинг ажридек савоб берилади. Бу билан рўзадорнинг ажридан ҳеч бир нарса кам бўлмас”, дедилар (Имом Термизий ривояти). Ўз навбатида, жойларда аҳоли томонидан ўтказиладиган ифторликларни исрофсиз ихчам ўтказиб, зарур озиқ-овқат маҳсулотларини муҳтож оилаларга улашиш орқали кўплаб хонадонларга қувончу шодлик олиб кириш катта савобли иш экани кенг тарғиб қилинади.
Ижтимоий кўмакка муҳтож бўлган кишиларга моддий ёрдам кўрсатиш билан бирга маънавий кўмак бериш, уларни имконияти доирасида бирор касбга йўналтириш ҳам улкан савоб. Бу борада Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг имконияти чекланган саҳобаларга қилган тадбирлари ва ўтган азизларнинг ҳаётлари бизга ўрнак ва намуна. У зот Абдуллоҳ ибн Умму Мактум розияллоҳу анҳуни кўзи ожиз бўлишига қарамай муаззинлик вазифасига қўйганлар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Муоз ибн Жабални оқсоқ бўлишига қарамай, Яманга қози ва ҳоким қилиб юбордилар. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу жисмоний имкониятлари бироз чекланган бўлса-да, асри саодатдаёқ Қуръон ва фиқҳда устоз бўлган.
Машҳур саҳоба Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу ҳам оқсоқ эди. Шунга қарамай тижорат билан шуғулланиб, жуда катта бойликка эга бўлган. У зот барча бойлигини ёрдамга муҳтож инсонларга инфоқ-эҳсон қилган. У зот топган мол-давлатини хайрли ва эзгу ишларга сарф этиб, ислом тарихида ўчмас из қолдирган.
Катта тобеинлардан Муҳаммад ибн Сирин раҳматуллоҳи алайҳ кар бўлган. Буни кўпчилик билмайди. Бу зот ҳам илм ва тақвода ўз даврининг етук уламоларидан бири ҳисобланади. Шунингдек, ибн Сирин ҳазратлари замонасининг энг катта тижоратчиларидан бири бўлган.
Шуни ҳам айтиб ўтиш жоизки, исломдаги ижтимоий ҳимоя фақат моддият билан чекланиб қолмайди, балки ижтимоий ва руҳий қўллаб-қувватлаш билан ҳам ўзига хосдир. Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Биродарингнинг юзига табассум билан боқишинг ҳам садақа, яхшиликка буюришинг ҳам садақа, ёмонликдан қайтаришинг ҳам садақа, йўлдан адашган кишини тўғри йўлга солиб юборишинг ҳам садақа, кўзи ожиз кишига ёрдам беришинг ҳам садақа, йўлнинг юзида ётган тошни, тиканни, суякни четга олиб қўйишинг ҳам садақа, челагингдаги сувдан биродарингнинг челагига қуйиб беришинг ҳам садақадир” (Имом Термизий ривояти).
Рамазон ойида қилинган садақа энг яхши садақадир. Шунинг учун ҳам кам таъминланган оилаларга Рамазон қувончи ва сурурини олиб кириш ҳар биримиз учун ҳам қарз, ҳам фарздир.
Аллоҳ таоло ушбу ойни барчамизга муборак қилсин ва улуғ савоблардан барчамизни баҳраманд айласин!