Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ходими, Россия Федерацияси Татаристон Республикасидаги Булғор ислом академияси магистранти Баёзхон Маҳмудов мазкур академияда “Миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик – бирдамлик омили” мавзусида ўтказилган конференцияда иштирок этди.
У ўзи таҳсил олаётган академия, шунингдек, Россия ислом институти ва Қозон Федерал университетининг илоҳиёт факультетлари магистрлари ҳамда аспирантлари учун онлайн тарзда ташкил этилган мазкур анжуманда “Ўзбекистонда диний бағрикенгликнинг келиб чиқиши ва ривожланиш босқичлари” мавзусида маъруза қилди.
Б.Маҳмудов маърузасида Марказий Осиё ҳудудида асрлар давомида шаклланиб келган диний толерантлик анъаналарининг туб илдизлари, моҳияти ҳамда тадрижий жараёнларига алоҳида тўхталди. Ҳудудда мовароуннаҳрлик алломалар хизмати боис Исломнинг янада кенгроқ ёйилиши, шу билан бир қаторда бошқа дин вакиллари эътиқодига кўрсатиб келинган эҳтиром борасида кўплаб илмий асос ва ҳаётий мисоллар келтирди.
Нотиқ, шунингдек, диний бағрикенгликни таъминлаш бўйича Ўзбекистонда олиб борилаётган амалий чора-тадбирлар ҳамда мамлакатимизда диний-маърифий жабҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида иштирокчиларга маълумот берди.