Маълумки, ёш авлод тарбияси ҳамма замонларда ҳам муҳим ва долзарб аҳамиятга эга бўлиб келган. Аммо биз яшаётган XXI асрда бу масала ҳақиқатан ҳам ҳаёт-мамот масаласига айланиб бормоқда.
«Тарбия қанча мукаммал бўлса, халқ шунча бахтли яшайди», дейди донишмандлар. Тарбия мукаммал бўлиши учун эса бу масалада бўшлиқ пайдо бўлишига мутлақо йўл қўйиб бўлмайди. Шавкат Мирзиёев[1]
Бугунги куннинг ёшлари ҳар томонлама баркамол ҳамда билимли, салоҳиятли бўлиб камол топишлари лозим. Зеро, оз фурсат мобайнида мислсиз ютуқларга эришган она диёримизниг келажаги ёшлар қўлида. Шундай экан, ҳар бир ота-она ўз фарзандини, устоз эса ўз шогирдларини чуқур таълим ҳамда намунали тарбиялаши зарур.
Бу кунга еткунга қадар халқимиз не-не оғир кунларни бошидан ўтказди. Бундайин ҳурриятга эришиш осонлик билан бўлгани йўқ демак, ҳар бир ёш вужудида шунга яраша масъулият бўлиши лозим.
Биз ёшларни Ватанга муҳаббат, халқига садоқат руҳида тарбиялашимиз муҳим вазифаларимиздан бири. Биз киммиз? Аждодларимиз ким бўлиб ўтган? Фарзандларимиз ким бўлиши керак деган савол ҳар бир инсон қаршисида гавдаланиши муҳим. Аждодларга муносиб авлод бўлиб камол топишлари учун ҳам диний ҳам дунёвий билимга эга бўлишлари, жисмонан соғлом, руҳан тетик қилиб тарбия қилишимиз лозим.
Ҳақиқатдан ҳам, фарзандларимиз келажакда ўз ўрнини эгаллаши учун, уларни ҳар томонлама етук қилиб тарбияли камол топиши учун етук маънавиятли қилиб тарбия қилишимиз лозим. Агар инсон маънавиятли, маърифатли бўлса, демак у оқ ва қорани, яхши-ёмонни, ҳақ ва ноҳақни, ҳалол ҳаромни ажрата олади. Ўзи ҳам тўғри йўлдан юриб, ўзгаларни ҳам шу йўлга чорлайди. Ҳар бир ота-она фарзандига чиройли одобдан афзал нарса бера олмаслиги Пайғамбар (с.а.в.)нинг муборак сўзларида таъкидланади. Инсоннинг кимлиги, қандай муҳитда тарбия кўргани одобида акс этади. Шунинг учун, аввало, уларнинг одобига эътибор қаратайлик. Болаларимиз ёш умрини турли хил клубларда, кўнгил очар барлар, муҳаббат майдонларида ўтказмай, дарсхоналарда, спорт машғулотларида, кутубхоналарда машғул бўлсалар, келажакда комил инсон бўлиб камол топадилар. Улар бизнинг юзимиз, меҳнатимиз самарасидир. Боғбон боғдан яхши ҳосил олишни мақсад қилгани каби, биз ҳам боғимиздан гўзал ҳосил олайлик. Дарахт – бу фарзандларимиз. Мевалари эса, улар эришган ютуқлар бўлмоғи даркор.
Хулоса ўрнида Президентимизнинг қуйидаги сўзларини айтмоқчимиз “Ҳақиқатан ҳам, биз, ота-оналар, устоз ва мураббийлар сизларни, бутун Ўзбекистон ёшларини Ватанимиз, жамиятимизнинг ҳал қилувчи кучи деб биламиз васизлар ҳамиша халқимизнинг мана шундай юксак ишончига муносиб бўласиз, деб ишонамиз.”