Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходимлари 1 декабрь куни Қорақалпоғистондаги учрашувларни Қораўзак туманида ташкил этди.
“Ата макон”, “Қутли макон”, “Есим” МФЙ ҳамда “Қораўзак” ШФЙ аҳли билан ўтказилган тадбирларда тарғиботчилар тинчлик ва осойишталикни қадрлаш ва асраш, омонлик ва фаровонлик учун миннатдор бўлиб яшаш, оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, фарзандлар тарбиясига жиддий эътибор қаратиш, улар онги ва қалбида мафкуравий ва маънавий иммунитетни кучайтириш муҳимлигини таъкидлади.
Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети ҳамда Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети Нукус филиаллларида, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Муҳаммад ибн Аҳмад Беруний ўрта-махсус ислом билим юртида ҳам шундай маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилди.
Шу билан Марказ ходимларининг Қорақалпоғистондаги тарғибот фаолияти ниҳоясига етди. Ҳафта давомида Республиканинг 5 та туманидаги 20 та маҳаллада ҳамда 10 дан зиёд олий таълим муассасасида жами 30 дан ортиқ тадбир ташкил этилиб, аҳоли ва ёшларнинг икки мингга яқин нафари қамраб олинди.
Маҳалла фаоллари фикрига кўра, жойларда ўтказилаётган бундай учрашувлар ҳам одамлар, ҳам давлат ва жамият учун бирдек манфаатли бўлиб, фарзандларимизнинг буюк аждодларга муносиб, юксак маънавиятли, миллий ўзлиги шаклланган, ўзи ва бошқаларнинг тақдирига бефарқ бўлмаган, эл-юрт келажаги учун масъулиятни зиммасига ола биладиган авлод бўлиб вояга етишига хизмат қилади.