Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ходимлари Мусулмон жамиятларида тинчликни қўллаб-қувватлаш форуми билан ҳамкорликда “Ислом динида тинчлик” номли рисолани нашрга тайёрлашди.
Китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг хулосасига биноан, Бирлашган Араб Амирликларидаги Тинчлик форуми раиси, етук уламо Абдуллоҳ бин Байя таҳрири остида чоп этилган “Тинчлик” асари асосида яратилди.
Рисолада аҳли сунна вал жамоа уламоларининг Қуръон оятлари ва ҳадиси шарифлар асосида ислом динида тинчлик ва бағрикенглик тушунчаси, тинчликка тарғиб, мусулмонлар ва бошқа дин вакиллари орасидаги муносабатлар каби ижтимоий масалалар ҳақидаги қарашлар жамланган.
Жумладан, Тоййиб Ламинвар, Муҳаммад Мухтор Валд Умбола, Шафиқ Лома Саид Кифоятий, Абдуллоҳ ибн Шайх Маҳфуз ибн Байя, Мустафо Самадий ва Ҳасан Изкийт каби етук уламоларнинг мақолалари мазкур китобдан ўрин олган.
– Рисола кенг халқ оммасига тушунарли ва содда тилда ёзилган бўлиб, ундан бугунги кунда тинчликни сақлашнинг нақадар муҳимлиги ва бу борада инсоният олдида турган долзарб вазифалар ҳақида тўлақонли маълумот олишингиз мумкин, – дейди Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори бош маслаҳатчиси Бахтиёр Тўраев. – Жумладан, Саид Кифоятий “Ислом ва бошқа динлар: исломнинг марказлашуви ва тинчлик устуворлиги” номли мақоласида “Ҳозирги глобаллашув жараёнида тинчлик дини – исломни инсонларга нотўғри талқин қилаётган гуруҳлар унга туҳмат тошлари отилишига сабабчи бўлмоқда. Дин ниқоби остида фаолият юритаётган оқимлар, партия ва ташкилотлар муқаддас динимиз ва миллий қадриятларимизга катта зарар келтирмоқда” деб ёзади. Абдуллоҳ ибн Шайх Маҳфуз эса “Оятлар билан ҳукм қилмаганларни кофирга чиқариш” сарлавҳали мақоласида ислом дини инсонларни илм, ҳамжиҳатлик ва аҳилликка чорлаши, улар орасида жоҳиллик, фирқаланиш ва ўзаро келишмовчилик келтириб чиқарадиган ҳар қандай ғоя, қараш ва чақириқларни кескин қоралашини баён этади.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази раҳбари Шовосил Зиёдов масъул муҳаррирлигида чоп этилган рисолада тинчликни сақлаш ва урушнинг деструктив моҳияти ҳақида яна кўплаб маълумотлар, муқаддас манбалардан олинган насиҳатлар ўрин олган.