Бухоро шаҳрида “Бухоро тарихи масалалари: тарихий-маданий меросимизни ўрганамиз” мавзуида илмий-амалий семинар бўлиб ўтди. Унда Фанлар академиясининг Тарих ва Шарқшунослик институтлари, Самарқанд археология институтининг Бухоро филиали ва бошқа илмий муассасалардан мутахассислар, археолог, манбашунос, тарихчи олимлар билан бирга Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ходимлари иштирок этди.
Бухорода сайёҳликни янада ривожлантириш, соҳанинг янги йўналишларини очиш ва вилоятнинг туризм салоҳиятини кенг тарғиб қилиш мақсадида ташкил этилган икки кунлик бу анжуман кўҳна Арк қўрғонида бошланди. Айни пайтда бу ерда ёдгорликнинг ҳам тарихий, ҳам археологик жиҳатдан муҳим бўлган илмий қийматини тиклаш мақсадида Археологик парк барпо қилиш ишлари жадал давом этмоқда. Қўрғоннинг шарқий қисмида Ўзбекистон-Франция қўшма илмий экспедицияси археологик тадқиқотларни амалга оширяпти.
Тадбирнинг амалий қисмида тарихчи олимлар, археолог ва манбашунослар 2,5 гектарлик ҳудудда Ўзбекистонда яратилаётган илк Археологик парк бўйича ўзининг фикр-мулоҳаза ва тавсияларини баён этди. Бу тарихий объект истиқболда сайёҳлар учун янги туризм йўналишига айланиши кутилмоқда.
Семинарнинг иккинчи қисми Бухоро давлат университетида давом этди. Унда университет ректори, иқтисод фанлари доктори, профессор Обиджон Ҳамидов тадбирдан кўзланган мақсад, ҳудуд тарихининг ҳали ўрганилмаган жиҳатларини тадқиқ этишга оид вазифалар ва вилоятнинг сайёҳлик соҳасидаги жозибадорлигини янада ошириш бўйича қилиниши лозим бўлган ишлар ҳақида сўзлади.
Ўз йўналиши бўйича сўзга чиққан машҳур археолог, реставратор ва манбашунослар қаторида Марказ илмий ходимлари Имом Бухорий ҳаёти ва илмий меросини ўрганиш юзасидан олиб борилаётган ишлар хусусида маълумот берди. Жумладан, Йўлдошхон Исаев Бухорий нисбаси билан ижод қилган аждодларимиз, уларнинг Марказ хазинасида сақланаётган китоблари, шунингдек, Имом Бухорийнинг дунё фондларидаги асарлари ҳақида сўзлади. Жонибек Жумаев зиёрат туризмини ривожлантириш, музейшунослик йўналишининг истиқболлари ҳақида сўзлади. Вилоятдаги музейлар фаолиятини янада такомиллаштириш, хусусан, Бухоро давлат музей-қўриқхонасидаги Имом Бухорий мемориал музейини янада кенгайтириш бўйича конструктив таклиф ва тавсиялар берди.
Илмий ходимлар анжуман ташкилотчиларига Марказ томонидан нашр этилган адабиётларни тақдим этди.
Семинарда Бухородаги маданий меросни ўрганиш ва тиклаш бўйича амалий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш билан боғлиқ муҳим вазифалар белгилаб олинди.
Тадбирнинг иккинчи куни вилоятдаги археологик ёдгорликлар – Вардонзе, Варахша ва Пойкент қўрғонларига экспедиция билан давом этди.