Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига Ҳиндистоннинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Маниш Прабҳат ташриф буюрди.
Меҳмон Марказ музейида Имом Бухорийнинг ҳаёт йўли ва илмий фаолиятига оид экспонатлар ва нодир қўлёзмаларни катта қизиқиш билан кўздан кечирди. Элчига Имом Бухорий қолдирган бой илмий-манавий мерос хусусида батафсил маълумот берилди.
Ташриф чоғида юқори мартабали меҳмонга Марказ ва унинг бўлимлари, кутубхона фаолияти, илмий ходимлар учун яратилган шарт-шароит ва пировардида эришилаётган муваффақиятлар ҳақида сўзлаб берилди.
Маниш Прабҳат самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, мамлакатимизда диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар самарасини алоҳида эътироф этди ва ушбу йўналишда икки давлат ўртасидаги муносабатларни, хусусан, Марказнинг Ҳиндистондаги илмий муассасалар билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш ва ривожлантириш борасида бор куч-ғайрат ва имкониятларини ишга солишга тайёр эканини маълум қилди.
Меҳмонга Марказ томонидан нашр этилган адабиётлар тўплами тақдим этилди.