Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу хутба ўқиётган эди. У шундай деди:
– Жим бўлинглар, сизга гапимни эшиттирайин!
– Валлоҳи, сени тинглашни истамаймиз! – деди Салмони Форсий розияллоҳу анҳу.
– Нега? – деб сўради ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу.
– Сен ўзингни сенга эргашганлардан устун қўйяпсан, – деди Форсий розияллоҳу анҳу.
– Қандоқ қилиб? – деб сўради ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу.
– Устингда икки либос бор, ҳолбуки, бу ердагиларда ҳеч кимда йўқ, – деди Форсий розияллоҳу анҳу.
– Ёрдам эт, эй Аллоҳнинг қули, – деди ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ва сўнгра ўғлига юзланиб, – Эй Умарнинг ўғли Абдуллоҳ, айт, бу иккинчи либос кимники? – деди. Ҳазрати Умарнинг ўғли:
– Ямин этаманки, бу иккинчи либос меникидир, – деди. Шунда Салмон Форсий розияллоҳу анҳу:
– Мана, энди сени тинглаймиз ва сенга итоат этамиз, – деди.
***
Салмон Форсий розияллоҳу анҳу валий эди. Абу Қалаба унинг ҳузурига келганда, у хамир қораётган эди.
– Бу нимаси, сенинг хизматчинг йўқми? – деб сўради Абу Қалаба.
– Бор. Уни бир ишга йўлладим, хамирни эса ўзим қораяпман. Икки ишни ҳам унга буюришни ўзимга эп кўрмадим деди Салмон Форсий розияллоҳу анҳу.
***
Салмон Форсий розияллоҳу анҳу Мадинада валий экан, ёнига икки киши келди.
– Сен Салмонмисан? – деб сўрашди улар.
– Ҳа, – деди Форсий розияллоҳу анҳу.
– Сен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳобиданмисан, – дейишди улар.
– Буни билолмайман, – деб жавоб берди Салмон Форсий розияллоҳу анҳу.
– Биз янглиш келибмиз, шекилли. Ахтарганимиз киши сен эмассан, – дедилар икковлари.
Шунда Салмон Форсий розияллоҳу анҳу уларга:
– Сиз ахтарган киши менман. Аммо ҳозирча маълум эмас. Тўғри, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўрдим, унинг мажлисларига қатнашдим. Аммо ким у билан жаннатга кирсагина унинг асҳоби бўлган ҳисобланади.
***
Салмон Форсий розияллоҳу анҳу бир хаста кишини зиёрат қилди. Хаста ўлим тўшагида эди.
– Эй фаришта, бу хастага дўстона ва юмшоқ муомала эт, – деди Салмон Форсий розияллоҳу анҳу.
– Ҳозир фаришта менга “ҳар мўъминнинг юмшоқ муомала қилган бир дўсти бордир”, деб айтди, – деди ўлаётган одам.
***
Салмон Форсий розияллоҳу анҳуга Абуд Дaрдо розияллоҳу анҳудан бир мактуб келди. У мактубда “инсонларни қутлуғлаштирган маконга кел”, деб ёзган эди.
Салмон Форсий розияллоҳу анҳу унга шундай жавоб ёзди:
“Ҳеч бир жой (макон) инсонни қутлуғлаштиролмайди. Инсонни қутлуғ этган нарса – унинг амалидир. Эшитишимча, сен табиблик қилаётган экансан.
Хасталарга даво топаётган бўлсанг, не бахт сенга! Аммо табибликка ўйнаб, бир одамни ўлдира кўрма! У ҳолда жаҳаннамга кириш ҳам бор!”
***
Салмон Форсий розияллоҳу анҳу бир куни Абуд Дардо розияллоҳу анҳунинг уйига келди.
– Мезбон уйдами? – деб сўради.
– Ухлаяпти, – дейишди.
– Унинг одати шу, жума кечалари ибодат қилади, кундузлари рўза тутади,
– дейишди.
Салмон Форсий розияллоҳу анҳу овқат ҳозирлашларини буюрди. Овқат тайёр бўлганда, Абуд Дардорозияллоҳу анҳуни уйғотишди.
– Овқатга кел, – деди Форсий розияллоҳу анҳу.
– Ея олмайман, мен рўзаман, – деди Абуд Дардо розияллоҳу анҳу.
Лекин Салмон Форсий розияллоҳу анҳу унга овқатни мажбурлаб едирди. Кейин иккалови Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурига келишди. Масалани тушунтирдилар.
– Уваймир Салмон бу мавзуда сендан билимлироқдир. Кечалардан фақат жума кечасинигина ибодатга айирма, кунлардан эса фақат жума кунинигина рўза тутма, – деди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам.
***
Салмон Форсий розияллоҳу анҳу уйланган куни хонимига шундай деди:
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга “оиланг билан бирлашганингда Аллоҳга тоат устида бирлаш”, деб буюрган. Кел, аввал, биргаликда Аллоҳга ибодат этайлик, сўнгра ётамиз.
***
Абдуллоҳ бин Салом ҳазратлари Салмон Форсий розияллоҳу анҳуга:
“Мендан аввал ўлсанг у дунёда нима бўлганини менга билдир. Мен сендан олдин ўлсам, сенга билдирай”, – деди. Форсий розияллоҳу анҳу Абдуллоҳ бин Саломдан олдин вафот этди. Абдуллоҳ бин Салом марҳумни тушида кўрди ва “қандайсан?” деб ҳол сўради.
– Хайрли бўлди, – деди Форсий розияллоҳу анҳу.
– У ерда қайси амални энг яхши деб танидинг, – деб сўради Абдуллоҳ бин Салом.
– Таваккулнинг энг гўзал нарса эканини билдим ва унинг фойдасини кўрдим. Сенга таваккулни тавсия қиламан, – деди Форсий розияллоҳу анҳу.
Ибн Амир шундай хотирлайди:
– Салмон Форсий розияллоҳу анҳуни кўрдим. Бирoвлар уни кўпроқ овқат ейишга ундашаётган эди. Салмон Форсий розияллоҳу анҳу уларга шундай деди:
– Шу менга етади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалламдан эшитдим, дунёда қоринларини энг кўп тўйғазганлар Қиёмат куни энг оч қолганлардан бўларкан. У менга, эй Салмон, дунё мўъминнинг зиндони, кофирнинг жаннатидир, деди.
Салмон Форсий розияллоҳу анҳу ўз вафоти яқинлашганда йиғлади.
– Нега йиғлаяпсан? деб сўрашди ундан.
– Валлоҳи, ўлимдан қўрқиб йиғлаётганим йўқ. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Ҳар бирингизнинг дунёлигингиз бир йўловчининг озиғидан кўп бўлмасин”, деган эди. Шу атрофимдаги ёстиқларга қаранг! – деди у.
Атрофида бир кир лагани, бир катта чаноқ, обдаст олиш учун қумғон ва бир ёстиқ бор эди. Ёнидагилар ундан насиҳат исташди.
Салмон Форсий розияллоҳу анҳу шундай деди:
– Бир дардинг бўлса, жаноби Ҳақни зикр эт. Бир нарса ҳақда ҳукм бермоқчи бўлсанг Роббингни хотирла. Бир нарсани тақсим қилоқчи бўлсанг ақлингга Роббингни келтир.
Салмон Форсий розияллоҳу анҳунинг вафотидан сўнгра унинг нарсалари сотилди. Ҳаммаси 24 дирҳам кумуш пул бўлди.
Салмон Форсий розияллоҳу анҳу ўлими олдидан атрофидагиларга шундай бир насиҳат қилди:
“Ўлаётганингда, имконинг бўлса, шу учта ҳолдан биттасида бўл: ҳаж йўлида, Аллоҳ йўлида ёки масжиднинг таъмир пайтида.
***
“Олтин силсила”нинг иккинчи ҳалқаси бўлган Салмон Форсий розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг яқин улфати эди.
Салмон Форсий розияллоҳу анҳу “Ҳандақ жанги”да душманга қарши ҳандақ қазиш ғоясини ўртага ташлаган эди ва бу фикр Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тарафидан қабул этилган эди.
Бу ғоя – ўша замоннинг энг илғор ҳарбий тадбирларидан бири эди. Салмон Форсий розияллоҳу анҳу ҳазрати Умарнинг халифалиги даврида Мадоинда волийлик қилди.
Салмон Форсий розияллоҳу анҳу 150 ёшида, Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу хилофати даврида вафот этди. Аллоҳ ундан рози бўлсин.