Home / МАҚОЛАЛАР / КАМТАРЛИК ВА ҲАЛОЛЛИКНИНГ ОЛИЙ НАМУНАСИ

КАМТАРЛИК ВА ҲАЛОЛЛИКНИНГ ОЛИЙ НАМУНАСИ

Бир ҳадис шарҳи

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам озга қаноат қиладиган энг зоҳид зот бўлганлар. Аллоҳ берган барча мол-мулкларини Аллоҳнинг йўлида фақир ва муҳтожларга эҳсон қилиб юборардилар. 

عَنْ أَنَسٍ رضى الله عنه قَالَ وَلَقَدْ رَهَنَ النَّبِيُّ صلى الله عليه وسلم دِرْعَهُ بِشَعِيرٍ، وَمَشَيْتُ إِلَى النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم بِخُبْزِ شَعِيرٍ وَإِهَالَةٍ سَنِخَةٍ، وَلَقَدْ سَمِعْتُهُ يَقُولُ ‏ «‏ مَا أَصْبَحَ لآلِ مُحَمَّدٍ صلى الله عليه وسلم إِلاَّ صَاعٌ، وَلاَ أَمْسَى ‏»‏‏.‏ وَإِنَّهُمْ لَتِسْعَةُ أَبْيَاتٍ‏.‏

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам қанчадир арпа эвазига совутларини гаровга қўйганлар. Мен Набий саллаллоҳу алайҳи васалламга арпа нон ва сал ҳидланган эритилган ёғ олиб борганман. У зотнинг “Муҳаммаднинг – соллаллоҳу алайҳи васаллам – оиласида эрталаб ҳам, кечки пайт ҳам бир соъдан ортиқ нарса бўлмайди”, деганларини эшитганман. Ҳолбуки, улар тўққизта хонадон эдилар”(Имом Бухорий ривояти).

Ушбу ҳадиси шарифда Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўта камтар зот бўлганларини сўзлаб берган. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламни бир яҳудий уйига таомга чақирган. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам чақириғини ерда қолдирмай борганлар. Ҳалиги яҳудий бисотидаги арпа нон ва сал ҳидланган эритилган ёғдан егулик тайёрлаган ва Анас розияллоҳу анҳу уни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига қўйган. Пайғамбар алайҳиссалом ундан еганлар.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйларида егулик қолмаганида бир яҳудийдан насияга арпа сотиб олган эканлар. Яҳудий гаров учун бирор нарса сўраганида, энг зарур буюмларидан бири бўлмиш совутларини гаровга қўйганлар. Шунда эгниларидаги яктак ва шипак билангина қолганлар, холос.

Анас розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Муҳаммаднинг – соллаллоҳу алайҳи васаллам – оиласида эрталаб ҳам, кечки пайт ҳам бир соъдан ортиқ нарса бўлмайди”, деганларини эшитган экан. Яъни, у зотнинг аҳли оилаларида на буғдой, на арпа қолган вақтлар ҳам бўлган. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бу гапларини аччиқланиб ё шикоят қилиб эмас, таомга чақирилганда жавоб бериб борганлари ва яҳудийга совутларини гаровга берганларидан узр сўраган ҳолда айтганлар.

Сўнгра Анас розияллоҳу анҳу: “Ҳолбуки, улар тўққизта хонадон эдилар”, дейди. Яъни, ўша пайтда у зотнинг тўққизта аёллари бор эди, уларнинг барчаси озиқ-овқатга муҳтож бўлган, албатта.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам нима учун айнан яҳудийга совутларини гаровга бериб, озуқа сотиб олганлар, деган табиий савол туғилади. Ахир, саҳобалар орасида у зотга гаровсиз, ҳатто насиясиз маблағ беришни орзу қилганлар кўп эди-ку? Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ишлари билан аҳли китоблар билан олди-берди қилишнинг ва улар билан савдода гаровнинг жоизлигини ўзларининг мисолида кўрсатиб берганлар.

Бу ҳадисдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам оилаларини нафақа билан таъминлаб қўйганлари ҳам маълум бўлади. Айни пайтда, у зот оилалари учун ҳам зуҳдни ихтиёр қилганлари тушунилади. Бироқ баъзан бир йиллик оилавий таъминотни қилиб қўйган ҳолатлари ҳам бўлган. Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Бану Назирнинг хурмосини сотар ва ўз аҳлларига бир йиллик озиқ-овқатни ғамлаб қўяр эканлар.      

Ҳадиси шарифдан хулоса оладиган бўлсак, насияга савдо қилиш жоиз экан. Камтарона таомга чақирилганда, таклиф қилган кишини камситмасдан бориб, унинг ҳурматини жойига қўйиш керак бўларкан. Ғайридин билан ҳам савдо-сотиқ қилиш ва унга бирор нарсани гаровга бериш мумкин экан. Бу исломнинг инсонпарвар дин эканидан яна бир далолатдир. 

Қодирхон МАҲМУДОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими 

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …