Home / ЯНГИЛИКЛАР / «Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ» асарининг араб ва индонез тилларидаги нусхаси тақдимоти

«Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ» асарининг араб ва индонез тилларидаги нусхаси тақдимоти

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот Марказида буюк муҳаддис олимнинг “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” асарининг араб ва индонез тилларидаги уч жилдли нусхаси тақдимоти бўлиб ўтди.

Унда исломшунос олимлар, марказ илмий ходимлари, Имом Бухорий стипендиясининг хорижлик совриндорлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари қатнашди.

Тадбирда мамлакатимизда диний-маърифий соҳада кенг кўламли ислоҳотлар амалга ошири­лаётгани таъкидланди. Президентимиз ташаббуси билан Самарқандда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ташкил этилгани буюк аждодларимиз мероси ва ҳаётини ўрганиш, асраб-авайлаш ҳамда тарғиб қилишда муҳим ўрин тутмоқда.

— Кейинги йилларда улуғ муҳаддис бобомиз илмий меросини ўрганиш ва кенг тарғиб этишда кўплаб давлатлар илмий муассасалари билан фаол ҳамкорликни йўлга қўйдик, — дейди Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шовосил Зиёдов. — Ислом оламида ғоятда қадрли манба ҳисобланувчи “Саҳиҳул Бухорий” асарининг араб ва индонез тилларидаги янги нашрининг марказимизга тақдим қилиниши бу борада муҳим ютуқларимиздан биридир.

Дарҳақиқат, ишончли ҳадислар тўпламининг турли тилларга таржима қилинаётгани дунё халқларининг буюк аждодимизга ҳурмат-эҳтироми нечоғли юксак эканидан далолат беради.

Таъкидланганидек, мусулмон дунёсида Қуръони каримдан кейинги муқаддас манба сифатида эътироф этилган “Саҳиҳул Бухорий” асарининг янги нашри ҳадисларнинг нотўғри талқин этилиши, бевосита Имом Бухорийга нисбатан илмсизлик ва нохолислик билан билдирилаётган нотўғри фикрларга қарши муҳим ва асосли илмий қўлланма бўлади.

Тантанали тадбирда асарнинг араб ва индонез тилларидаги уч жилдли нусхаси БМТ Бош котибининг ўринбосари, Осиё ва Тинч океани бўйича иқтисодий ва ижтимоий комиссияси ижрочи котиби Армида Алисжабана хоним томонидан марказ жамоасига топширилди.

Айтиш жоизки, олимлар юрти бўлган Ўзбекистондан ўрта асрларда 3 минг нафардан зиёд муҳаддислар етишиб чиққан. Ҳадис илми тамаддунига ўзининг маънавий мероси билан беқиёс ҳисса қўшган алломалар Имом Бухорий, Имом Доримий, Имом Термизий, Имом Кеший ва бошқа кўплаб муҳаддисларни бунга ёрқин мисол сифатида келтириш мумкин.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан юртимизда Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари ҳамда Ҳадис илми мактаби фаолияти йўлга қўйилгани ҳадис илми тарихи, буюк муҳаддислар ҳаёти ҳамда илмий меросини кенг ўрганиш, тарғиб қилишда катта аҳамият касб этмоқда.

Имом Бухорий ижодий фаолияти давомида тарих, ҳадис, ақида, тафсир ва фиқҳ йўналишларида йигирма тўртта асар ёзган. Уларнинг орасида энг машҳур асари “Саҳиҳул Бухорий” номи билан ҳам машҳур бўлган “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ”дир.

Тадбир иштирокчилари мажмуада ташкил этилган музей ва ундаги экспонатлар билан яқиндан танишиб, марказ фаолиятини янада такомиллаштириш, илмий-амалий ҳамкорлик кўламини кенгайтириш бўйича зарурий тавсиялар беришди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчилари Хайриддин Султонов ва Музаффар Комилов иштирок этди.

Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ,
Манба: “Халқ сўзи” газетаси 2023 йил 26 июль, 152(8495)

Check Also

Марказда бадиий фильм суратга олинмоқда

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида индонезиялик бир гуруҳ киноижодкорлар томонидан “Ҳижрат орзуси” номли бадиий фильмнинг …