Динингизни Аллоҳ учун холис қилинг, шунда амалларнинг ози ҳам жаннатга киришингизга кифоя қилади(Имом Ҳоким ривояти)[1].
Аллоҳ таоло бандаларига кучи етмайдиган нарсани буюриб, уларни қийнаб қўйишни асло хоҳламайди. Банданинг ўзи ҳам кучи етмайдиган нарсага ўзини мажбурлаши шариатимиз мезонларига зиддир. Аллоҳ таоло бандаларига тоқати етадиган амалларни буюрган. Аллоҳ таоло буюрган ҳамма нарса бандага фарздир, яъни бажармаса гуноҳкор бўлади.
﴿هُوَ اجْتَبَاكُمْ وَمَا جَعَلَ عَلَيْكُمْ فِي الدِّينِ مِنْ حَرَجٍ﴾
“Сизларни (шу дин учун) У танлади ва динда сизларга бирор ҳараж (қийинчилик) қилмади”.[2]
Аллоҳ азза ва жалла бандага тоқати етадиган нарсаларнигина буюрган ва шунинг учун бу турдаги буйруқнинг амалда бажарилиши Аллоҳга яқинлаштирадиган энг севимли ишлардандир. Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда марҳамат қилади:
عن أبي هريرة -رضي الله عنه- قال: قال رسول الله -صلى الله عليه وسلم-: «إنَّ اللهَ قال: مَن عادى لي وليًّا فقد آذنتُه بالحرب، وما تقرَّب إليَّ عبدي بشيء أحب إليَّ مما افترضتُ عليه، وما يزال عبدي يتقرَّب إليَّ بالنوافل حتى أحبَّه،»
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло: “Ким Менга дўст бўлган кишини ўзига душман тутса, Мен унга уруш эълон қиламан. Бандамни Мен унга фарз қилганимдан кўра севимлироқ бирор нарса Менга яқинроқ қилолмайди. Бандам Менга нафл ибодатларни бажариб яқинлашишда давом этаверади, ҳатто Мен уни яхши кўриб қоламан….”, деди”, дедилар”.[3]
Аммо охирги чегараси бўлмаган нафл амалларга келсак, банда бу амаллардан қилганига яраша савоб олади ва улар сабабли фарз амалларни бажаришдаги айрим камчиликлари учун жавобгарлик ундан соқит бўлади. Аллоҳ таолонинг ҳадиси қудсийдаги: “Бандам уни яхши кўрмагунимча, менга нафл намозлар билан яқинлашаверади”, деган сўзи ҳам буни яққол далилидир. Бандадаги бу ишқ фарзнинг натижасими ёки нафлникими? Биз бу ҳақда сўз юритмоқчи эмасмиз. Биз ёритмоқчи бўлган мавзу нафл ибодатлар ҳам Аллоҳ таолонинг розилигига етказувчи восита бўлиб қолиши, нафл ибодатларнинг кўплиги ва уларнинг чегараси қаерда экани, бандасининг тоқати, имконияти эса чегаралангани ҳақидадир. Шу сабабли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
دَعُونِي ما تَرَكْتُكُمْ، إنَّما هَلَكَ مَن كانَ قَبْلَكُمْ بِسُؤَالِهِمْ وَاخْتِلَافِهِمْ علَى أَنْبِيَائِهِمْ، فَإِذَا نَهَيْتُكُمْ عن شيءٍ فَاجْتَنِبُوهُ، وإذَا أَمَرْتُكُمْ بِأَمْرٍ فَأْتُوا منه ما اسْتَطَعْتُمْ. متفق عليه
“Сизларга нимани бажаришни айтмасдан тарк қилган бўлсам, уни ўзимга қолдиринглар, чунки сизлардан олдинги умматлар пайғамбарларига (кераксиз ортиқча) саволлар беравергани ва қарши чиққани учун ҳалок бўлди. Шундай экан сизларни нимадан қайтарган бўлсам, ундан қайтинглар. Сизларга нимани буюрган бўлсам уни имкон қадар бажаринглар!”[4] дедилар.
Ҳадиси шариф матнидан англаб етганингиздек, унда “нимани буюрган бўлсам тўлиқ бажаринглар” ёки “нимадан қайтарган бўлсам имконларинг борича қайтинглар” дейилмади. Аксинча “сизларга нимани буюрган бўлсам уни имкон қадар бажаринглар!” дейилди. Чунки бир ишдан ман қилиш банданинг тоқатидан ташқари бўлиши мумкин эмас, аммо уни бажариш тоқат ва имкониятдан ташқари нарса бўлиши мумкин. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам буйруқларининг ҳар бирида умматга рафиқ ва меҳрибон бўлиб, уларни ҳеч қачон тоқатидан ташқари ишларга буюрмаганлар. У зот барча ишларида меҳрибонлик ва енгилликни ихтиёр этар эдилар. Ҳатто Абдуллоҳ ибн Аббосга Жамаротда шайтонга отиш учун тош териб келишни буюрганларида ҳам унга шундай деган эдилар:
«القط لى مثل حصى الخزف و إياكم و الغلو فإنما أهلك الذين من قبلكم غلوهم فى دينهم» .
“Менга (Жамаротда шайтонга отиш учун) майда тошлардан териб келгин. Аммо (бу ишингда) чуқур кетишдан (ғулув) сақлангин (яъни отиш учун катта тошларни териб олмагин). Чунки сизлардан олдингилар динда ғулувга кетганлари учун ҳалокатга юз тутди”.[5]
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мана шу сўзларини мушоҳада қилиб кўрсангиз, унинг қандай ҳам гўзал эканини англаб етасиз. Биз қуйида суюкли Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам қайтарган мана шу ғулув, унинг динга ва мусулмонлар жамиятига етказадиган зарари ҳақида сўз юритмоқчимиз.
Биз ғулув ва унинг сабаблари ҳақида сўз юритар эканмиз,Тарихга назар солсак, динда чуқур кетиш исломдан олдинги динларни таназзулга учратиб, ҳатто бу иллат ислом динига ҳам сизиб ўтганига, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида ҳам бу иллатнинг бўй кўрсатганига гувоҳ бўламиз.
Марҳум Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг ғулув ҳақидаги “Деярли барча мусулмон ўлкалари динда ғулувга кетганларнинг дастидан жонда, молда ва обрўда талофатлар кўрди ва кўрмоқда. Шунингдек, номусулмонлар ҳам бу балодан насибасиз қолмади. Иккинчилари дод солиб дунёни тўлдираётган бўлсалар ҳам, биринчилари асосий жафокашлар экани ҳаммага маълум. Ғулувга кетганларнинг “Динга амал қиламан” деб, ўзларича олиб борган фаолиятлари натижасида динимизга қарши руҳият дунёни босиб кетди. Бошқалар қолиб, баъзи мусулмонман деб юрганлар ҳам Ислом ҳақида ҳар хил бўлмағур гаплар айтишдан тоймайдиган бўлиб қолди. Ушбу ва яна айтиб ўтилмаган бошқа мусибатларга асосий сабаблардан бири ғулувга кетиш деб баҳоланмоқда. Шунинг учун динда ғулувга кетганлар кўтарган масалалар ва уларнинг оқибатлари ҳамда ечимлари ҳақида етарли маълумотга эга бўлишимиз жуда ҳам зарур” деган сўзлари ҳар доим биз мусулмонлар учун долзарб бўлиб қолаверади.