Бисмиллаҳир Роҳманир Poҳим.
Бутун ислом олами, хусусан, юртимизга ҳамжиҳатлик, бағрикенглик, хайр-саховат, шукроналик ва қувонч айёми — Қурбон ҳайити кириб келмоқда. Ҳақ таоло ислом дини ила бандаларини сийлаб, мукаррам этар экан, улар учун энг улуғ бўлган кунларни байрам қилиб берди. Мўътабар манбаларда ушбу саодатли онларда хурсандчилик қилиш ҳақида кўп тавсиялар келган. Имом Абу Довуд ривоят қилган ҳадиси шарифда Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қурбонлик кунини байрам қилишга амр қилиндим. Уни Аллоҳ бу уммат учун хос байрам қилиб берди”, дедилар.
Президентимизнинг 2023 йил 19 июндаги қарорига мувофиқ мамлакатимизда ушбу шукуҳли байрамни кўтаринки руҳда нишонлаш учун қатор чора-тадбирлар кўрилди. Мутасадди ташкилотлар томонидан Қурбон ҳайитини халқимизнинг миллий анъана ва қадриятларига мос равишда, тинч-осойишта ўтказиш учун кўплаб ишлар қилинди. Байрам кунларида мўътабар зиёратгоҳлар, тарихий қадамжоларга зиёратларни ташкил этиш мақсадида қулай шароит ва имкониятлар яратилди.
Ҳижрий зулҳижжа ойининг 10-кунида Қурбон ҳайити нишонланади. Аллоҳ таоло “Фажр” сурасида: “Тонгга қасам. Ўн кечага қасам. Жуфт ва тоққа қасам”, деб марҳамат қилган. “Ўн кечага қасам”дан мурод зулҳижжа ойининг дастлабки 10 кунидир, “жуфтга қасам”даги “жуфт”дан мурод зулҳижжа ойининг ўнинчи куни, “тоқ”дан мурод эса тўққизинчи кунидир.
Имом Нисобурий айтадики, Аллоҳ таолонинг ушбу ўн кечага қасам ичиши, бу кунларнинг нечоғли шарафли ва улуғ эканига далолат қилади ва унда дунёвий ҳамда ухровий манфаатлар борлигини билдиради.
Имом Термизий бобомиз ривоят қилган ҳадиси шарифда эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ учун ибодат қилишга зулҳижжанинг ўн кунидан севимлироқ кунлар йўқ. Унинг ҳар йиллик рўзага, ҳар тундаги ибодат Лайлатул қадрдаги ибодатга тенгдир”, деганлар.
Бошқа бир ҳадиси шарифда: “Бу кунларда таҳлил, такбир ва ҳамду санони кўпайтиринглар”, деб марҳамат қилинган. Демак, Аллоҳнинг зикрини қилиб, кўп ҳамдлар айтишимиз керак.
Юртимизда Қурбон ҳайити муносабати билан иш ҳафтасининг туридан қатъи назар, барча ходимлар учун 2023 йилнинг 29-30 июнь кунлари, олти кунлик иш ҳафтасида ишлайдиган ходимлар учун 1 июль куни қўшимча дам олиш куни сифатида белгилангани юртдошларимиз қувончига қувонч қўшди. Кетма-кет келадиган дам олиш кунларида ҳордиқ чиқариш билан бирга, улуғ айёмнинг моҳиятига мос равишда ота-оналар, яқинлар, узоқдаги қариндошлар ҳолидан хабар олиш, табаррук масканларни зиёрат қилишга имконият туғилди. Бу нафақат жамиятда меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлайди, балки туризм ривожига ҳам катта туртки беради.
Аллоҳга шукрки, кейинги йилларда барча соҳа қатори диний жабҳада ҳам улкан янгиланишлар амалга оширилди. Айниқса, илмий тадқиқот марказлари фаолият юритиши, Фатво маркази ташкил қилиниши, масжид-мадрасалар очилиши, Қуръон курслари таъсис этилиши, қадамжолар обод бўлиши ҳамда ҳаж-умра қилувчилар сони оширилиши ислоҳотларнинг яққол натижасидир.
Бугунги таҳликали дунёда халқимиз, айниқса, ёшларга ислом дини моҳиятини тўғри тушунтириш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш ҳар қачонгидан долзарб аҳамият касб этмоқда. Шу боис юртимизда ижтимоий-маънавий муҳитни яхшилаш, диний таълим сифатини янада ошириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Аллоҳ насиб этса, Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида ҳам магистратура ва докторантура йўналишида кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилади. Юртимизда етук уламолар иштирокида ҳар икки йилда халқаро илмий-амалий анжуманлар ўтказилади.
Дунёдаги нуфузли исломий ташкилотлар аъзоси бўлаётган уламолар сафи ҳам кенгайиб бормоқда. Бу ҳам бўлса, диний-маърифий соҳада олиб борилган ислоҳотларнинг халқаро эътирофи, халқимизнинг ислом дини ривожига қўшаётган ҳиссасига берилган юксак баҳодир.
Қувонч билан айтиш керакки, айни кунларда юртимиз тарихида илк марта 15 минг нафар ҳожимиз Маккаи мукаррама, Арафот ва Мино каби муқаддас жойларда жонажон халқимиз ҳаққига хайрли дуолар қилмоқда. Мана шундай дуолар шарофати билан юртимиз янада равнақ топаверади.
Ҳайит байрамлари қадимдан ўлкамизда халқимизга хос меҳр-мурувват ва саховат ифодаси бўлиб келган. Бу ҳақда Аллоҳ таоло каломида шундай баён қилади: “…кимки Аллоҳнинг шиорлари (қурбонликлар)ни улуғ деб билса, бас, албатта, бу дилларнинг тақвосидандир” (Ҳаж сураси, 32-оят).
Шунингдек, бу муборак кунлар динимизнинг улуғ шиорларидан ҳисобланади. Улуғ алломаларимиз: “Хайит кунлари шодликни изҳор қилиш диннинг шиорларидандир”, деганлар. Демак, Қурбон ҳайити кунларида қувончимизни, саховатимизни ҳар қачонгидан кўра кўпроқ намоён қилишимиз лозим.
Ушбу айём кунлари қилинадиган афзал амаллар ҳақида гап кетганда, бу кунларда энг улуғ ибодат, шубҳасиз, қурбонлик қилишдир. Имом Дайламий ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қурбонликларингизни каттароқ қилинглар, чунки улар Сирот кўпригида сизларга улов бўлади”, деб марҳамат қиладилар.
Қурбонлик ибодат бўлиши билан бирга, унинг ижтимоий аҳамияти ҳам беқиёс. Унда қилинадиган қурбонликлар жамиятда кишилар ўртасида инсоний фазилатларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилувчи восита. Чунки қурбонлик гўштидан ва таомидан эҳсон қилиш қалбларни юмшатиб, меҳр-муҳаббат ришталарини юксалтиради.
Эртага тонгда мўмин-мусулмонларимиз диёримиздаги жоме масжидларда ҳайит намозини адо этади. Шундан сўнг ота-она, аҳли оила, ёру дўстлар ва беморларни зиёрат қилиб, кўнгилларини кўтаради. Фарзанду аржумандлар ва меҳрга ташна кишиларга ҳадялар бериб, шодлик улашади.
Аллоҳнинг раҳмати ёғилиб турган ушбу фазилатли кунларда, қалбимиз юмшаб, ихлосимиз ортиб турган лаҳзаларда дуо қилайлик. Она Ватанимиз тинч-осойишта, хонадонларимиз файзу баракали ва фарзандларимиз бахту саодатли бўлсин. Ҳақ таоло кексаларимизга узоқ умр, ёшларимизга илму маърифат ва беморларимизга шифои комил берсин.
Қурбон ҳайитингиз муборак бўлсин!
Вассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳу.