Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директорининг ўринбосари Отабек Муҳаммадиев ва Самарқандда меҳмон бўлиб турган Кувайт ислом санъати маркази доктори, моҳир хаттот Жосим Меърож ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Суҳбат чоғида икки томонлама илмий манфаатга асосланган ҳамкорлик истиқболларига оид қатор фикр-мулоҳазалар билдирилди ва қисқа фурсатларда Англашув меморандуми лойиҳасини тайёрлаш бўйича музокаралар ўтказиш юзасидан келишувга эришилди.
Ислом санъати – энг бой ва кенг тарқалган Шарқ санъатларидан бири ва ҳануз унинг янгидан янги қирралари кашф этилмоқда. Тимсолларга бой ислом санъати ғоят жозибадор бўлиб, борлиқнинг барча моддий ва номоддий жабҳалари орқали Холиқни ва Унинг буюклигини англашга ундовчи чуқур маънога эга.
Бу ўринда айтиб ўтиш керакки, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази бир неча бор ўтказилган кўплаб кўргазма ва амалий тадбирлар орқали ислом санъатини кенг тарғиб этиш бўйича катта тажриба тўплаган.
Мулоқот давомида мазкур йўналишдаги узвий ҳамкорлик амалга оширилаётган лойиҳалар самарадорлигини янада оширишга хизмат қилиши таъкидланди.
Меҳмон Марказ кутубхонаси учун Кувайт ислом санъати маркази томонидан нашр этилган ислом тарихи ва маданияти, хаттотлик намуналарига оид ҳамда ислом шаҳарларидаги тарихий обидалар битиклари акс эттирилган китобларни тақдим этди.