Ибн Саканнинг ушбу ривояти Имом Бухорий ўзининг “Саҳиҳ”ида келтириб ўтган тарожумлар (боблар сарлавҳалари) борасида ҳам ўта аҳамиятлидир. “Саҳиҳул Бухорий”нинг Ибн Сакандан қилинган ривоятининг аҳамияти фақатгина ҳадисларда учрайдиган чигалликларни ечиш билан чекланиб қолмаган, балки бобларнинг сарлавҳаларини билишда ҳам ўз таъсирига эгадир. Жумладан, Савдо китобида «Боб: Қассоб ва гўшт сотувчи ҳақида келган ҳадислар» дейилган. Ундан олдин эса «Боб: (Ҳўл ва қуруғи) аралаштирилган хурмони сотиш» ҳақидаги боб, ундан кейин «Боб: Савдода ёлғонни ва айбини беркитиб сотишни ювиб юборадиган нарсалар» ҳақидаги боб, деб зикр қилинган. Кўпчилик ровийлар ҳам худди шундай йўл тутишган. Ибн Саканнинг ривоятида бу нарса бешта бобдан сўнг келган. Бу ҳақда Ибн Ҳажар ўзининг “ал-Фатҳ” номли асарида қуйидагиларни ёзади: «Ушбу сарлавҳа худди шу сингари мана шу ўринда келган. Ибн Саканнинг ривоятида эса бешта бобдан кейин келган. Касб-ҳунарлар ҳақидаги сарлавҳалар кетма-кет келганлиги боис (унинг тартиби) муносиброқдир».[10]
“Саҳиҳул Бухорий”нинг мисрликлар тарафидан қилинган ривоят йўллари
Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳнинг “Саҳиҳ”и кўплаб йўллар орқали ривоят қилинган:
Биринчиси: Абу Зар Ҳаравийнинг ривоят йўли. Бу йўл марокашликлар, икки ҳарам аҳли ва яманликлар орасида кенг тарқалган ва машҳур бўлган.
Иккинчиси: ироқликлар ва шомликлар орасида машҳур бўлган Абулвақт Абдул Аввал ибн Исо Сажазийнинг ривоят йўли.
Учинчиси: Абу Али Каттоний ва Мустағфирийнинг ривоят йўли бўлиб, у мовароуннаҳрликлар орасида тарқалган.
Тўртинчиси: Карима бинти Аҳмад Марвазиянинг ривоят йўли. Бу фақат мисрликларга хос бўлган йўлдир. Зеро “Саҳиҳул Бухорий” мисрликларга мана шу ривоят йўли орқали етиб келиб машҳур бўлган.[11] Карима Марвазия “Саҳиҳул Бухорий” асарини Кушмиҳаний орқали Фирабрийдан ривоят қилган.
У шайха, санад соҳибаси, зоҳида Уммулкиром Карима бинти Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Ҳотам Марвазиядир. Карима Марвазия Шоҳжоннинг Марвига мансуб бўлиб, катта Марв номи билан танилган бу шаҳар Хуросонда жойлашган шаҳарларнинг энг машҳуридир. Унинг отаси Кушмиҳанлик, онаси эса Сайёрийнинг авлодларидан. Отаси Байтил Мақдисга чиқиб кетган. У Абу Ҳайсам Кушмиҳанийдан “Саҳиҳул Бухорий”ни эшитгач, кейинроқ Маккага қайтиб келган.
Карима Марвазиянинг шайхлари ҳақида сўз юритадиган бўлсак, у Кушмиҳанийдан ташқари яна Зоҳир ибн Аҳмад Сарахсийдан (ваф.389/999), Абдуллоҳ ибн Юсуф ибн Бомуяҳ Исфаҳонийдан (ваф.409/1018) ҳам ҳадис эшитган.
Карима Марвазия вафот этгунига қадар Байтуллоҳнинг ёнида яшаб қолди. Шунинг учун унинг олдига турли юртлардан уламолар ташриф буюрар ва ҳаж амалларини адо этиш асносида ундан ҳадислар эшитишар эди. Абу Бакр Хатиб, Абу Толиб Ҳусайн ибн Муҳаммад Зийнабий, Муҳаммад ибн Баракот Саидий ва кўплаб шахслар Карима Марвазиядан ҳадис ривоят қилганлар.
Карима Марвазия “Саҳиҳул Бухорий”ни Кушмиҳанийдан эшитган. Кўпгина имомлар ҳам Карима Марвазияга уни ўқиб беришган. У ҳадис ривоят қилар экан, уларни ўзидаги асл билан солиштириб кўрган. У ибодатжўй ва яхши аёл бўлиш билан бирга билимли, тушунчаси кенг ҳам бўлган. У “Саҳиҳул Бухорий”ни жуда кўп марта ривоят қилган. Шулардан бирини унинг шогирди Абу Бакр Хатиб ҳаж вақтида одамларга ўқиб берган. Карима Марвазия умуман турмуш қурмай яшаган ва тўрт юз олтмиш бешинчи йили, айрим манбаларда олтмиш учинчи йили Маккада вафот этган. Айтишларича, у юз йил умр кўрган.
Карима Марвазия “Саҳиҳул Бухорий”ни фақат ўзида мавжуд аслидан олиб ривоят қилган. Ривоят қилган вақтда ҳам уни ўша асл билан солиштириб олган. Шунингдек, у “Саҳиҳул Бухорий”нинг ўзидаги нусхасига жуда ҳам эътиборли бўлган. Шунинг учун унинг ривояти машҳур бўлиб кетган. Карима Марвазия юз йил умр кўргани туфайли унинг санади олий санад ҳисобланган. Негаки, у 463/1071 йили вафот этгунига қадар ҳадис ривоят қилган.
Заҳабий бундай деган: «Абулғаноим Нарсий деди: «Карима Марвазия менинг олдимга “Саҳиҳул Бухорий”нинг бир нусхасини олиб чиқди. Мен унинг қаршисида ўтириб олиб, етти варақ ҳадис ёздим ва ўзига ўқиб бердим. Мен (ёзиб олган ҳадисларимни ундаги нусхага) бир ўзим солиштириб кўришни истар эдим. Аммо у: “Йўқ! Мен билан бирга солиштириб кўрмагунингча рози эмасман”, деди. Шундай қилиб, мен у билан бирга солиштириб кўрдим»».
“Саҳиҳул Бухорий”нинг Карима Марвазиядан қилинган ривояти турли юртларга кенг тарқалиб кетган, уламолар ҳадис эшитиш мақсадида унинг ҳузурига чопишган. Карима Марвазиядан “Саҳиҳул Бухорий” асарини ривоят қилганлар:
Араб тили шайхи Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Баракот Саидий, Абу Содиқ Муршид ибн Яҳё ибн Қосим Мадиний Мисрий, Абул Ҳасан Али ибн Ҳусайн ибн Умар ибн Фарро Мавсилий Мисрий, Имомул Ҳарамайн Ҳусайн ибн Али ибн Ҳусайн Абу Абдуллоҳ Шофиъий, Абул Қосим Халаф ибн Иброҳим ибн Халаф ибн Саид Муқрий Ҳассор, Абул Исбаъ Исо ибн Муҳаммад ибн Абул Баҳр ва Аҳмад ибн Халифа ибн Мансур.
Биринчиси: араб тили шайхи Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Баракот ибн Ҳилол ибн Абдул Воҳид Саидийдан “Саҳиҳул Бухорий”нинг Карима Марвазиядан қилинган ривоятини Абул Қосим Абдуллоҳ ибн Али ибн Масъуд Бувсирий (ваф.598/1201) эшитган. Кейинчалик бу ривоят машҳур бўлиб кетганидан уни Бувсирийдан жуда кўпчилик ровийлар ривоят қилишган. Жумладан:
- Ҳасан Али ибн Шужоъ Зарир. (ваф.661/1263). Ундан Шарафуддин Ювнийний (701/1301) ривоят қилган.
- Абу Аббос Аҳмад ибн Али ибн Юсуф Дамашқий Ювнийний. (ваф.622/1225).
- Абу Амр Усмон ибн Абду Раҳмон ибн Рашиқ Рубаъий.
- Абу Тоҳир Исмоил ибн Абдул Қавий ибн Абул Из ибн Азун. (ваф.667/1268).
Мазкур уч ровийнинг ривоят йўллари орқали Карима Марвазиянинг ривоят йўли “Фатҳул Борий” асарида Ибн Ҳажарга бориб туташган.
Иккинчиси: Абул Ҳасан Али ибн Ҳусайн ибн Умар ибн Фарро Мавсилий Мисрийдан “Саҳиҳул Бухорий”нинг Карима Марвазиядан қилинган ривоятини Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Аҳмад Артоҳий ривоят қилган. Ундан Абул Ҳасан Али ибн Шужоъ Зарир, Ибн Рашиқ Рубаъий, Ибн Марвон ва бошқалар ривоят қилишган.
Ибн Шужоъдан Ҳофиз Шарафуддин Ювнийний ривоят қилган. Қолганларидан эса “Саҳиҳул Бухорий”нинг Карима Марвазиядан қилинган ривоят йўли “Умдатул қорий” асарида унинг муаллифи Бадриддин Айнийга, “Иршод ас-сорий” асарида унинг муаллифи Қасталонийга бориб туташган.
Қолган ривоят йўллари ҳақида сўзлайдиган бўлсак, улар:
Абул Қосим Халаф ибн Иброҳим Муқрий Ҳассор. (ваф.511/1117).
Абул Исбаъ Исо ибн Муҳаммад Абул Баҳр.
Аҳмад ибн Халифа ибн Мансур.
Қози Иёз (ваф.544/1149) “Саҳиҳул Бухорий”нинг Карима Марвазиядан қилинган ривоятини мазкур ровийлар орқали нақл қилган.