Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / МАРКАЗ ИЛМИЙ ХОДИМЛАРИ ҚОЗОҒИСТОНДАГИ НУФУЗЛИ АНЖУМАНДА ИШТИРОК ЭТДИ

МАРКАЗ ИЛМИЙ ХОДИМЛАРИ ҚОЗОҒИСТОНДАГИ НУФУЗЛИ АНЖУМАНДА ИШТИРОК ЭТДИ

Жорий йилнинг 17-18 май кунлари Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида Нур-Муборак Миср Ислом маданияти университети ва Ислом ҳамкорлик ташкилоти ҳузуридаги Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ этиш маркази (ИРСИКA) билан ҳамкорликда “Ҳисомуддин Сиғноқийнинг ислом цивилизациясидаги мероси” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ўтказилди.

Қозоқ элининг атоқли олими Ҳисомиддин Сиғноқий таваллудининг 800 йиллиги муносабати билан ташкил этилган илмий анжуманда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходимлари, фалсафа фанлари доктори, профессор Бахтиёр Тўраев ва тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Мехрожиддини Амонов ўз маърузалари билан иштирок этди.

Маърузачилар Сиғноқий илмий меросининг аҳамияти, асарларининг Туркия, Бирлашган Араб Амирликлари ва Ўзбекистонда сақланаётган қўлёзма нусхалари, етук аллома даражасида етиштирган шогирдлари ҳақида батафсил маълумот берди.

Ҳисомуддин Сиғноқий Бухорода Ҳафизуддин Кабир Бухорийдан таҳсил олган. Унинг авлодлари насабномаларда Сиғноқ ота лақаби билан ҳам тилга олинган. Насаб ва ҳасаб жиҳатидан Бурҳониддин Марғиноний авлодидан бўлган Сиғноқий Қоҳира, Макка, Мадина ва Дамашқ каби шаҳарлар билан бирга Бухоро, Хоразм ва Самарқанддаги илмий мажлисларда ҳам қатнашган. Унинг “Ҳидоя”га ёзган “ан-Ниҳоя” номли шарҳи, Муҳаммад Насафий Макҳулийнинг “Шарҳ ат-тамҳид фи қавоид ат-тавҳид” китобига, “ал-Кофи фи шарҳ усул ал-Паздавий”га қилган таснифи, Ахсикатийнинг “Мунтахаб” китобига шарҳи ҳамда усулга оид “Шарҳ ат-Тамҳид”, сарфга тааллуқли “Нажоҳ” номли асарлари машҳур.

Конференция иштирокчилари маърузалар муҳокамасида Марказий Осиёда фаолият олиб борган алломалар илмий-маънавий меросини ҳамкорликдаги илмий лойиҳалар доирасида янада кенгроқ ўрганиш, нодир асарларни сақлаш ва реставрация қилиш ишларини тизимли йўлга қўйиш ҳамда Сиғноқий ва бошқа алломалар асарларини тадқиқ қилишда қўлёзма фондлари ўртасида илмий-амалий алмашувни тизимли йўлга қўйиш заруратини таъкидлади.

Марказ илмий ходимлари конференция доирасида “Қозоғистондаги қўлёзма фондлари: сақлаш ва тадқиқ қилиш” мавзусида ўтказиладиган халқаро илмий-амалий семинар ишида ҳам иштирок этиши режалаштирилган.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Мағрур ҳилпирайвер, юртим байроғи!

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида 18 ноябрь куни ходимлар иштирокида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул …