Home / МАҚОЛАЛАР / ҲАЙЗ КЎРГАН АЁЛ БИЛАН МУНОСАБАТ ҚАНДАЙ БЎЛАДИ?

ҲАЙЗ КЎРГАН АЁЛ БИЛАН МУНОСАБАТ ҚАНДАЙ БЎЛАДИ?

Аллоҳ таоло одамзодни ҳар доим дин орқали тарбиялаб келган. Уни етказишни Пайғамбарлар зиммасига юклаган.

Динларнинг энг мукаммали бўлган исломни етказишда Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни танлаб олган. Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳар бир сўзлари, феъллари ва турмуш тарзлари биз учун ҳаёт дастуридир. У зотнинг ҳаётлари инсониятга икки дунё саодат йўлини кўрсатиб берган.

Ислом дини турмушда учрайдиган барча масалаларга жавоб берган. Ҳаттоки, эр-хотин ўртасидаги жинсий муносабатлар қандай бўлиши, ҳайз вақтида жоиз ва ҳаром бўлган ҳолатлар ҳақида ҳам таълим берган.

Имом Бухорийнинг “Саҳиҳул Бухорий” асарида бундай ҳадис келган:

حَدَّثَنَا قَبِيصَةُ قَالَ حَدَّثَنَا سُفْيَانُ عَنْ مَنْصُورٍ عَنْ إِبْرَاهِيمَ عَنِ الأَسْوَدِ عَنْ عَائِشَةَ قَالَتْ كُنْتُ أَغْتَسِلُ أَنَا وَالنَّبِىُّ – صلى الله عليه وسلم – مِنْ إِنَاءٍ وَاحِدٍ ، كِلاَنَا جُنُبٌ.

وَكَانَ يَأْمُرُنِى فَأَتَّزِرُ ، فَيُبَاشِرُنِى وَأَنَا حَائِضٌ

وَكَانَ يُخْرِجُ رَأْسَهُ إِلَىَّ وَهُوَ مُعْتَكِفٌ ، فَأَغْسِلُهُ وَأَنَا حَائِضٌ

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

“Мен ва Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам икковимиз жунуб ҳолимизда бир идишдан ғусл қилар эдик”.

“Менга буюрар эдилар, изор тутиб олар эдим ва ҳайзли ҳолимда мен билан мубошарат қилар эдилар”.

“У зот эътикоф  ўтирган ҳолларида менга бошларини чиқарар эдилар, мен эса ҳайзли ҳолимда уни ювиб қўяр эдим”.

Бу ҳадиси шарифдан эр-хотиннинг бир идишдан ғусл қилиши жоизлиги ривоят қилинмоқда. Эр-хотин орасида бўладиган шариат ишларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам завжалари орқали бизга етказганлар. Бундан жунуб бўлган инсон ҳаром ҳисобланмаслигини ҳам билишимиз мумкин.

 “Менга буюрар эдилар, изор тутиб олар эдим ва ҳайзли ҳолимда мен билан мубошарат қилар эдилар”.  “Мубошарат” сўзига эътибор қаратадиган бўлсак, мубошарат – эр ва хотин баданининг тўсиқсиз бир-бирига тегиши (қучоқлашиш). Бунда бутун тана ҳам, унинг бир қисми ҳам назарда тутилади. Ҳадис матнидан ҳайз вақтида жинсий яқинлик қилмасдан эр-хотин бир-бирини қучоқлаш маъноси маълум бўлмоқда. Чунки мубошарат фақат жинсий алоқага нисбатан ишлатилмайди. Мулла Али Қорийнинг “Мирқотул мафотиҳ” асарида, юқоридаги ҳадис шарҳида мубошаратга “Мен билан бирга ётардилар, мени қучоқлардилар ва изордан юқори баданлари баданимга тегар эди”, деб шарҳ берган.

 “У зот эътикоф ўтирган ҳолларида менга бошларини чиқарар эдилар, мен эса ҳайзли ҳолимда уни ювиб қуяр эдим”. Эътикоф деб Аллоҳга яқинлик ҳосил қилиш ниятида маълум шартларга амал қилган ҳолда ибодатда машғул бўлиш учун масжидда қолишга айтилади. Эътикоф ўтирган одам бошини масжиддан чиқариб турса, ҳайз кўрган хотини ювиб қўйса жоиз экан.  

Кўриниб турибдики, исломда ҳайз кўрган аёлдан жирканиш, уни четлатиш, камситиш каби муомала йўқ.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбалнинг Анас ибн Моликдан ривоят қилган ҳадисида: “Яҳудийларнинг аёллари ҳайз кўрса, бирга овқатланмай ва бирга ётмай қўяр эди. Саҳобалар бу ҳақда Пайғамбар алайҳиссаломдан сўрадилар. Аллоҳ таоло “Сиздан ҳайз ҳақида сўрарлар” оятини нозил қилди. Шундан кейин Пайғамбар алайҳиссалом: “Жинсий алоқадан бошқа ҳамма нарсани қилсангиз бўлади”, дедилар”.

Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 222-оятида бундай деган:

وَيَسْأَلُونَكَ عَنِ الْمَحِيضِ قُلْ هُوَ أَذًى فَاعْتَزِلُوا النِّسَاءَ فِي الْمَحِيضِ وَلَا تَقْرَبُوهُنَّ حَتَّى يَطْهُرْنَ

“Сиздан ҳайз ҳақида сўрарлар. Айтинг: “У азиятдир. Ҳайз чоғида аёллардан четда бўлинг! Пок бўлмагунларича, уларга яқинлашмангиз!”.

Оятнинг тафсирига юзланадиган бўлсак, Ибн Аббос бундай деган: “Бу оят ансорлардан Амр ибн Даҳдоҳ исмли бир киши ҳақида нозил бўлди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: “Эй Аллоҳнинг Расули, агар аёллар ҳайз бўлса, – яъни ҳайз кўрган аёллар ҳақида – қандай йўл тутамиз? Уларга яқинлик қилаверамизми ёки йўқ?” деди. Шунда “Сиздан ҳайз ҳақида сўрарлар”, ояти нозил бўлди”. Баъзи муфассирлар: “Сиздан ҳайз пайтида аёллар билан жимо қилиш ҳақида сўрайди”, деб тафсир қилган. “Айтинг: “У азиятдир”, яъни қон ҳаром ва нажасдир. “Ҳайз чоғида аёллардан четда бўлинг!”, яъни ҳайз пайтида улар билан жимо қилманг! “Пок бўлмагунларича, уларга яқинлашмангиз!”, яъни улар ҳайз бўлса, пок бўлмагунларича жимо қилманглар!  

Баъзи кимсалар юқоридаги ҳадисни нотўғри тушуниб, Имом Бухорий ва бошқа муҳаддисларнинг шаънига доғ туширмоқда. Қолаверса, зимдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга туҳмат қилмоқда. “Саҳиҳул Бухорий”да яна бир ҳадис Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Бирортамиз ҳайзли бўлганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у билан мубошарат қилишни истасалар, унга шу ҳайзли ҳолида изор ўpaб олишни буюрар, cўнг у билан мубошарат қилар эдилар. Қай бирингиз Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз шаҳватларини ушлай олганларидек ушлай олардингиз”. Мана шу ҳадиснинг охирги қисмидан ҳам жинсий алоқа назарда тутилмаганини билиш мумкин.

Бирор ҳадис ёки хабарни ўқиганда унинг туб маъносини аниқ билиш зарур. Йўқса, кўплаб тушунмовчиликлар келиб чиқади. Юқорида келтирилган ҳадисда англаб бўлмайдиган ёки бошқа фикрга буриб юборадиган маъно йўқ. Ҳадис ўқиб бирор нарсага иккиланиб қолса, дарҳол биладиган одамдан моҳиятини сўраб олиш зарур бўлади.

Динимизга тош отмоқчи бўлганларнинг айтган фикрларига ишониб қолмайлик. Чунки бу дин покизадир! Баъзилар айтаётган туҳматларнинг бирортаси ҳам манбаларимизда топилмайди. Ҳар бир ўқиётган, эшитаётган ва кўраётган нарсамизга эҳтиёт назари билан қарасак, адашмаймиз.

Қодирхон МАҲМУДОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …