Имом Бухорий номидаги халқаро стипендия дастурининг жорий йилдаги илк ғолиби Др. Дерйа Идикурт ўз илмий изланишлари тақдимотини ўтказди.
Марказ илмий ходимлари учун ташкил этилган тадбирда туркиялик тадқиқотчи “Истанбулдаги бухоролик олим Шайх Сулаймон Афанди” мавзусидаги илмий ишининг мазмун-моҳияти ва мақсадлари билан ўртоқлашди.
1821 йилда туғилган атоқли тилшунос, дипломат ва шоир Хожи Шайх Сулаймон Афанди Ўзбакий Бухорий 23 ёшида Бухородан зиёрат учун йўлга чиқади ва орадан 22 йил ўтиб Истанбулдаги Ўзбеклар ложасининг шайхига айланади. Бу ҳақда тарихчи Шаҳобиддин Маржоний ўзининг “Риҳлатул Маржоний” асарида батафсил маълумот бериб, Шайхни “Луғати чиғатой ва турки усмоний” китобининг муаллифи сифатида келтиради.
У китоб асосида венгриялик олим И.Кунош 1902 йилда илк бор ўзбекча-туркча-немисча луғат тузган ва Будапештда чоп эттирган. Луғат ҳануз илмий-амалий аҳамиятини йўқотмаган.
Таъкидлаш лозимки, Шайх Сулаймон усмонийларнинг иккита: III даражали “Мажидия” ва IV даражали “Усмония” орденлари билан тақдирланган ягона ватандошимиздир.
Стипендиат илмий ишининг ҳозирги босқичи, амалиёт давомидаги режалари ва юртимиз бўйлаб кўзда тутаётган сафарлари хусусида маълумот берди.