Home / МАҚОЛАЛАР / Кибермаконда дин ниқобидаги киберҳужумлар таҳдидига қарши кураш

Кибермаконда дин ниқобидаги киберҳужумлар таҳдидига қарши кураш

Кибермакон интернет тармоқлари орқали амалга ошириладиган мулоқот майдонини ифодаловчи воқелик сифатида 1990 йилдан бошлаб кенг миқёсида ривожланиб, такомиллашиб келмоқда. Кибермакон тушунчасини дастлаб канадалик ёзувчи Уилям Гибсон 1982 йил «Burning Chrome» номли ҳикоясида ёзади.

Кейинчалик, Гибсоннинг 1990 йилда ёзиб тугатган «Neuromancer» номли техно-утопик фантастик трилогиясида қўллаган. Асардаги кибермакон тушунчаси миллионлаб одамларнинг жамоавий сароб, хаёлпарастликнинг ўзига хос кўриниши сифатида тасвирланган. Бу ерда жамоавий сароб ёки хаёлпарастлик инсон онгида субъектив психологик ҳолат сифатида намоён бўлади.

Ижтимоий нуқтаи-назардан кибермакон деганда интернет тармоғи орқали бир-бири билан боғланган ва бир вақтнинг ўзида турли географик нуқтада кесишувчи ҳар қандай мавжуд компьютернинг график сифатидаги маълумотларига ўралашиб қолган кишилар жамоаси тушунилади.

Ҳозирги даврда фан, техника ва асосан интернет тараққиёти маҳсули бўлган кибермакон ва унинг бошқарувчи қиёфаси «суперкорпорация» технологияларнинг инсонийликдан бегоналашуви натижасида дин ниқобидаги ижтимоий ва маданий бузғунчиликни содир этишга бўлган уринишлар тобора кучайиб бормоқда. Жумладан, бугунги кунда кибертеррорчилик тузилмалари ўз ғаразли мақсадлари йўлида ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланишга уринмоқда.

Бугунги кунда дунёда энг катта хавф солиб турган ИШИД гуруҳининг интернет кибермаконидаги ахборот ҳужуми ва таҳдиди тўғрисида Айдарбек Тулепов ўзининг «ИШИД фитнаси» китобида қуйидаги маълумотларни беради. ИШИД ўзининг интернет орқали гўё Ислом йўлида «қурбон» бўлаётгани акс этган видеолавҳалари ва фотосуратлари «ал-Ҳаёт» медиа студиясида тайёрланади ва интернетга жойлаштирилади. 

Террорчиларнинг тарғибот-ташвиқотлари кун сайин авж олиб бормоқда. Жумладан, «Odnoklassniki», «Facebook», «Instagram», «Twitter», «VKontakte» ижтимоий тармоқларида бузғунчилик ва ёт ғояларни тарғиб қилувчи юзлаб гуруҳлар мавжудлиги фикримизнинг яққол далилидир. Шунингдек, Ислом динини нотўғри, қабиҳ мақсадларда талқин этиш, динга сиёсий тус бериб, ҳокимиятни қўлга киритишдир. Китобда дин ниқоби остидаги «раҳнамолар» ҳақида ҳам ёзилади. 

Табиийки, тармоқнинг барча фойдаланувчилари каби экстремистлар ҳам турли хил сайтлар ва форумларга кириб кўради. Мудом шакллантирилиб бориладиган дастурли таъминотдан фойдаланади, тармоқли таъминот шу жумладан интернет орқали махфий мулоқот тарқатмоқда. «Ал-Қоида»нинг биринчи расмий сайти 2001 йил 11-сентябрь воқеаларигача ҳам мавжуд бўлган. «Ал-Қоида» сайти ўша вақтлардаги веб-ресурслардан фарқ қилмаган, унинг катта қисмини статик (турғун, мувозанат ҳолатидаги) тасвирлар ва турлича матн, эълонлар (асосан араб тилида), шунингдек, бир нечта қисқа видеороликлар ташкил қилган.

«Ал-Қоида»нинг расмий ташкилоти пайдо бўлиши, сайтда бошқа дин ниқобидаги «диндор»ларнинг ўзини ошкор қилиши тезлик билан кенгайиб борди. Ёмғирдан кейинги қўзиқоринлар каби, уларни қўллаб-қувватловчи кўплаб саҳифалар, турли хил кўринишдаги форум ва ижтимоий тармоқлар «болалаб» кетди. Аммо унинг дин ниқоби остидаги экстремистларнинг диний мафкураси билан таниш бўлган ҳар қандай одам, кичик деталлар воситасида гўёки «ҳамфикр биродарлар»и орасида экани – бугунги куннинг хавфидир. Бу ўз вақтида «Ал-Қоида» томонидан эмас, балки унинг тарафдорлари томонидан яратилган эди ва ўз навбатида, тўлақонли ижтимоий тармоқларни яратишда «асқатадиган» замонавий технологиялар дунёсида билим даражасини намойиш этиб, бу гуруҳнинг ҳақиқий аъзолари диққатини ўзига жалб қилган.

Шу нуқтаи назардан қараганда, бугунги кунда ёшлар онги ва руҳиятида диний экстремизм ва терроризмга қарши мафкуравий иммунитетни шакллантириш асосий масалалардан бири ҳисобланади.

Экстремистик мафкура таъсирига тушиб қолган ёш йигит-қизлардаги асосий белгилар кузатилади:

–  Унинг хатти-ҳаракатлари кескин ёки қўпол бўлиб қолади, ноодатий ёки жаргон лексика шаклланади;
– маълум бир субмаданият қоидаларига мос равишда бирдан кийиниш услуби ва ташқи кўриниш ўзгаради;
– компьютерида сиёсий-экстремистик ёки ижтимоий-экстремал мазмундаги файллар, ролик ёки тасвирлар кўпайиб боради;
– хонадонда тушунарсиз ёки ноодатий тимсол ва атрибутлар, қурол сифатида фойдаланиш мумкин бўлган совуқ предметлар пайдо бўла бошлайди;
– компьютерда кўп вақт ўтказиб, мактаб, олий таълим, бадиий адабиётга, фильм, компьютер ўйинларига алоқадор бўлмаган таълим билан шуғулланади;
– сиёсий ва ижтимоий мавзуларда кўп гапира бошлайди, бунда сабрсизлик ҳамда кескин мулоҳазалар кузатилади;
– интернетдаги тахаллус, пароль ва ҳоказо экстремал-сиёсий характер касб этади.

Маълумки, бола тарбияси ота-она, маҳалла, мактаб гарданига тушади. Бунда ёшларни кескинлик ёки тазйиқ ўтказиб тўғри йўлга солиб бўлмайди. Ҳеч бир зўравонликсиз ва асосли фикр-мулоҳазалар билан тушунтириш ишлари олиб борилиши зарур. «Контрпропаганда» ишлари бош тезиси – инсон оламни ўзгартириш учун мукаммал билим ва чуқур мулоҳаза юритса, жамиятда мутахассис ва авторитетга айланса, унинг эргашувчилари табиийки кўпроқ бўлади. Шунда яхши мақсадларга эришиши муқаррарлиги таъминланган бўлади, деб босим ўтказмай, қалбан ёндашиб боланинг онгига «етказиш» лозим. Боланинг хатти-ҳаракатларини мутлақо қоралаш керак эмас. Бу унинг қарши реакция – ҳимоя позициясини қўллашига олиб келади.

Ҳеч қачон экстремизм – ижтимоий хасталик эканлигини унутмаслик лозим. Шунинг учун унга жарроҳнинг эмас, психолог қуроллари билан ёндашиш керак. Бундай «романтика»га асосан ёшлар ишониб, бу улар энергиясини деструктив йўналишга буриб юборади. Шундай тарғибот ва ташвиқот асосида шаклланиш босқичидаги ёшлар ва таъсирчан ижтимоий қатлам вакилларида табиий равишда оламни адолатлироқ қилиш (масалан элиталар шаклланиши, ночорлик, меҳнат ҳаққи ва карьера ўсишидаги адолатсизлик, жиноятчиликнинг юқори даражадалиги, оддий фуқаро ҳуқуқини ҳимоялашда адолатсизлик, ишсизлик, қонуний идоралар томонидан сиёсий тизимга таъсир сустлиги каби масалалар юзасидан) хоҳиши юзага келиб, умуминсоний қадриятларни рад қила бошлайди, ўзини ижтимоий фикрга қарши тута бошлайди, таълим олишда мутахассис сифатида шаклланиш ўрнига, келажаги йўқ йўналишга тушиб қолади.

Интернетда экстремизм бу аввало, тарғибот-ташвиқотдир. Экстремистлар эътиқод қиладиган бир қатор мақсад ва қарашлар, қадриятлар тарғиб қилинади, уларнинг «илғор», «муқаррар»лиги исботи келтирилади, қаршилар ва душманлар аниқланади. Агарда ташкилот маълум бир субмаданиятга эътиқод қилса, ўзларининг тарғибот ва ташвиқотида «киберҳужум механизми»ни ишга солади. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2005 йил 28-сентябрдаги «Ўзбекистон Республикасининг жамоат таълим ахборот тармоғини ташкил этиш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ таълим ва ёшлар бўйича яратилаётган ахборот ресурслари ягона «ZiyoNET» миллий таълим тармоғи ташкил этилгани ахборот хуружларига қарши туришда бир «механизм» экани, «Кибер жиноятлар тўғрисида» Конвенция, «Вояга етмаганлар учун хавфсиз Интернет ва онлайн ресурсларни жорий қилиш тўғрисида» Европа Иттифоқи Парламенти Ассамблеясининг тавсиялари, «Бола ҳуқуқлари тўғрисида» БМТ Конвенцияси каби қонунлар ва Халқаро Конвенцияларни юқорида кўрсатилган таълим муассасаларига фан соҳаларининг мазмунларидан келиб чиқиб ўргатишимиз лозим деб ҳисоблаймиз.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, бугунги кунда ахборот майдонидаги «инқилобий янгилик» сифатида эътироф этилаётган «кибермакон» аста-секин жаҳон жамоатчилиги учун тобора жиддий хавф туғдириб бормоқда. Халқаро хавфсизликка нисбатан илгари кўрилмаган дин ниқобидаги таҳдидлар ортаётгани, кибержиноятчилик, киберҳужум, кибертаҳдид каби тушунчалар ҳаётимизга кириб келаётгани кишини хавотирга солмоқда.

Ҳозирча бу хуружга қарши турадиган қурол йўқ. Ахборотга бўлган эҳтиёж бор экан, кибержиноятчилик турли шакл ва усулларда бўй кўрсатаверади. Биз, бугунги авлод, жаҳонда «киберкуртак» отаётган ва жаҳон геосиёсий жараёнларига ўз таъсирини кўрсатаётган кибермакон ва кибертерроризмга лоқайд бўлмай, келажак ва келгуси авлод олдида нима деб жавоб беришимиз ҳақида доимо ўйлашимиз зарур.

Мўминжон ХЎЖАЕВ, 
Ўзбекистон халқаро ислом академияси 
«Халқаро муносабатлар ва ижтимоий фанлар» кафедраси ўқитувчиси, 
фалсафа доктори PhD
Манба: iiau.uz

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …