Home / МАҚОЛАЛАР / ЖОҲИЛЛИКНИНГ ДАВОСИ

ЖОҲИЛЛИКНИНГ ДАВОСИ

Жаҳолат ва жоҳилликнинг энг асосий давоси китоб ўқишдир. Зеро, китоб инсоннинг энг яқин дўсти ва маслаҳатчиси, ақл қайроғи ва билим манбаидир. Унга ошно киши дунё ва охират шарифи бўлган илмни эгаллайди.

Алҳамдулиллаҳ, юртимизда барча соҳаларга оид бўлган китоблар ва адабиётлар кун сайин ортиб бормоқда. Биргина диний йўналишда тафсир, Қуръони карим маънолар таржимаси, ҳадис, ақида ва бошқа фанларга оид кўплаб китоблар она тилимизда нашр этилмоқда. Уларни мутолаа қилиш керак, холос.

Ўтмишда ота-боболаримиз Қуръон, ҳадислар билан биргаликда «Хамса», «Бобурнома», «Ўтган кунлар», «Меҳробдан чаён» сингари бадиий адабиётлар ва халқ оғзаки ижоди намуналарини ўқиб-айтиб улғайишган. Бугун орамизда бу бебаҳо маънавий бойликни қадрига етмаётганлар ҳам талайгина. Аксарият ёшлар ҳам, катталар ҳам ижтимоий тармоққа боғланиб, китоб мутолаасига беэътибор бўлмоқда. Натижада уларнинг маънавияти, тафаккур қуввати заифлашди. Ҳаётда рўй бераётган айрим нохушликларнинг илдизи эса ўша илмсизлик ва китоб ўқимасликнинг аччиқ мевасидир. Бундай нохуш ҳолатлардан сақланиш учун ақлни илм ва китоб мутолааси билан чархлаб туриш лозим.

Ҳар қандай янгилик ҳам бир кун келиб эскиради, бироқ инсониятнинг минг йиллар давомида қўлга киритган дурдоналарини ўзида жамлаган китоблар асло эскирмайди. Буни улуғ зотлардан бизгача етиб келаётган бебаҳо асарлардан англаш мумкин.

Имом Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний китоб ўқиш асносида мураккаб бир масалага ечим топганларидан хурсанд бўлиб: «Бундай лаззатни подшоҳларнинг болалари ҳам кўрмаган», деганлар.

Буюк муҳаддис Имом Абу Довуд Сижистоний ўзига кийим тиктирганида, унинг енгини кенг қилиб тиктирар, қаерга борса, ўша енгларида китоб бўлар экан. Бўш вақт топилди дегунча, китоб мутолаасига киришар экан.

Машҳур уламолардан Абул Фараж ибн Жавзий бундай дейди: “Мен китоб мутолаасидан ҳеч тўймаганман. Агар ўзим ўқиб кўрмаган бирорта китобни кўриб қолсам, гўёки хазинанинг ичига тушиб қолгандек бўлардим. Агар, «йигирма минг мужаллад китоб ўқиб чиққанман», десам ҳам, муболаға қилмаган бўламан, лекин китоб ўқишда давом этаман”, деган экан.

Ҳасан ибн Саҳл айтади: “Маъмун ухлаганда атрофида китоблар турар эди. Ухлашдан олдин ҳам китоб ўқир эди. Уйқудан уйғониб кетганда ҳам китоб ўқир эди. У инсон шундай васият қилар эди: «Ёлғизлик ваҳшатини китоб ўқиш билан енггин. Албатта, китоблар сўзловчи тиллар ва тикилиб турувчи кўзлардир».

Ҳусайн Воиз Кошифий: «Ахлоқи Муҳсинин» асарида бундай дейди: «Энг яхши суҳбатдош ва энг мақбул дўсти улфат улуғларнинг китобидир». Жалолиддин Румий маснавийларида келадики: 

Излама китобдан яхшироқ ҳамдам,
Чунки суҳбатдошдир ҳар қачон, ҳар дам.
У дилга роҳату жонга ородир,
Сен неки истасанг, унда пайдодур.
Бундоқ латиф ҳамдам ким кўрмиш, эй ёр,
Ундан ранж ҳам етмас, ранжитмас зинҳор.

Китоб илму дониш ва маънавий озуқа ҳосил қилишнинг асосий манбаидир. Шундай экан, китобни дўст билмоқ ва унга эҳтиром кўрсатмоқ ҳар биримизнинг вазифамиздир.

Отабек ЮЛДОШEВ,
Арнасой тумани бош имом-хатиби
Манба: muslim.uz

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …