Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Туркияда малака ошириш дастурини ўтаб келган ходимлар томонидан “Памуккале университетида малака ошириш: кўникма ва натижалар” мавзусида семинар ўтказилди.
Марказ илмий ходимлари учун ташкил этилган семинарда илмий-тадқиқотлар бўлими ходимлари, Памуккалле университетининг Ислом илмлари институти курс тадқиқотчилари Ҳусан Мирзаҳмадов ва Баҳодир Мирзаев маъруза қилди.
Маърузачилар даставвал йиғилганларга университет ҳақида тўлиқ маълумот бериб, тадқиқот ишлари учун яратилган шароитлар ҳақида сўзлади. Таъкидланганидек, Туркиянинг энг яхши 20 та олий таълим муассасалари рўйхатидан ўрин олган Памуккале университети раҳбарияти Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази билан ўрнатилган ҳамкорлик алоқаларини юксак қадрлайди. Мазкур алоқалар 2021 йил ноябрь ойида Марказ директори Шовосил Зиёдовнинг мазкур университетга қилган ташрифи давомида бошланиб, 2022 йил августда имзоланган ўзаро ҳамкорликка оид англашув меморандуми билан мустаҳкамланди. Фаолият йўналишлари бўйича ҳамкорликнинг кенг истиқболлари тўғрисида университет ректори, профессор Аҳмат Қутлихон ҳам Марказ расмий веб-сайти учун берган интервьюсида илиқ фикрлар билдирган.
Семинарда маърузачилар малака ошириш курси давомида мустаҳкамлаган билим ва орттирган кўникмалари билан ўртоқлашди. Тадқиқотчилар 2022 йил декабрь ойининг иккинчи ярмида ислом тарихи, илмий-тадқиқот ишлари ва методологияси, ақоид, араб тили, замонавий фиқҳ масалалари, илоҳиёт, ҳадис ва тасаввуф йўналишлари бўйича ташкил этилган курсларда олган сабоқларининг асосий жиҳатларига тўхталди.
Марказ директори Шовосил Зиёдов малака ошириш дастури ҳамкорликдаги фаолиятнинг муҳим бўғини эканини таъкидлади ва бу каби ўзаро тажриба алмашув давомий тус олишига ишонч билдирди.
Семинар якунида Памуккале университети олимлари тортиқ қилган адабиётлар Марказ кутубхонаси учун тақдим этилди.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати