Мулла Али ал-Қори XVI асрнинг энг етук алломаларидан бўлиб, муҳаддис, фақиҳ, усул олими, муфассир, мутакаллим, мутасаввиф, тарихчи, қироат, мунозара, луғат ва наҳв олими ва адиб, ўз асрининг тенгсиз намоёндаси ҳисобланади.
У кишининг исми Али, отасининг исми Султон Муҳаммад бўлган. Ҳиротда туғилгани учун “Ҳиравий”, Маккада истиқомат қилгани учун Маккий нисбалари билан аталган.
Қироат илмида моҳир бўлгани ва уни мустаҳкам эгаллаганлиги учун “Қори” номи билан машҳур. “Нуриддин” эса унинг лақаби ҳисобланади. Демак унинг тўлиқ исми Нуриддин Али ибн Султон Муҳаммад Ҳиравий Маккий Қори бўлган.
Манбаларда Алломанинг туғилган санаси ҳақида аниқ маълумот топилмагани айтилган бўлса-да, лекин баъзилар уни 930 ҳ./1524 м. санада туғилганини қайд қилишган. У Афғонистоннинг Ҳирот шаҳрида таваллуд топган ва ўша ерда улғайган. Илк таълимни туғилиб ўсган жойидаги уламолардан олган. Аввал Қуръони каримни устози Шайх Муиниддин ибн Ҳофиз Зайн Ҳиравийда ёд олган.
Исмоил ибн Ҳайдар Сафавий (1487-1524) Ҳиротни босиб олгандан сўнг, баъзилар у ерни тарк қилиб чиқиб кетишган. Шулар қаторида Али ал-Қори ҳам Маккага сафар қилган. Бу ҳақида У ўзининг “Самм ал-қавориз” асарида ишора қилиб, унда ваҳий нозил бўлган диёр – Маккада истиқомат қилганига Аллоҳга шукр айтган.
Тарихчи олимлар Мулла Алининг нечанчи йилда ўз юртидан чиққанлигини қайд қилишмаган, лекин Маккага кириб бориш санаси 952/1545 йилга тўғри келади, деб маълумот қолдиришган.
Али ал-Қори Макка шаҳрига боргач, кўплаб машойихлар ва олимларнинг илм ҳалқаларида таълим олган. У доимо бир устознинг уйида тунар, илму ҳикмат ичра сузиб юрар эди. Ўзидан кейин кўплаб асарларни қолдирди.
Мулла Али ал-Қорий жуда кўп устозлардан илм ўрганди. Жумладан, у қироат илмини маккалик мутахассис олимларда ўқиган ҳамда Шотибия асарини ёд олиб, бу бўйича етти қироатни эгаллаган. Ҳатто ушбу асарга шарҳ ҳам битган. У “Жазария” китобига ёзган шарҳида қироатдаги шажарасини зикр қилиб, бу борада катта устозларидан бири Шайх Сирожиддин Умар ал-Яманий эканини таъкидлаган.
Алломанинг ҳадис илмидаги устозларидан бири Макка муфассири ва ўз замонасининг фақиҳи Шайх Зайнуддин Атийя ибн Али ибн Ҳасан ас-Суламий ал-Маккий (ваф. 983/1575) ҳисобланади. У ўзининг “Мирқот ал-мафотиҳ” асарида ушбу устозидан кўп нақллар келтиради ва уни “шайхимиз”, “устозимиз”, “мавлойимиз” ва “муфассирлар устуни” каби номлар билан атаган.
Ундан ташқари “Ибн Ҳажар ал-Ҳайтамий” номи билан машҳур Шаҳобиддин Абул Аббос Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад (ваф. 973/1566 ҳ.й.), “Али Муттақий ал-Ҳиндий” номи билан машҳур Алоуддин ибн Ҳисомиддин Абдулмалик ибн Қозихон ал-Жунғурий ар-Раҳонфурий (ваф. 975/1568 ҳ.й.), “Мир Ғилон” номи билан машҳур Муҳаммад Саид ибн Мавлоно Хўжа Ҳанафий Хуросоний (ваф. 981/1573), Мулла Абдулло ибн Саъдиддин Умарий Синдий ал-Маккий Ҳанафий (ваф. 984/1576) каби устозлари борлиги асарларда зикр қилинган.
Ўз навбатида Али ал-Қорининг шогирдлари кўп бўлган. Сабаби, у ўз асрининг имоми, улуғ устози, муҳаддис, фақиҳ, улуғ муфассир, қори, илму маърифатда намуна киши бўлган. Уларнинг энг машҳурлари Шайх Муҳйиддин Абдулқодир ибн Муҳаммад (ваф: 1033/1624), Қози Абдураҳмон ибн Исо Маккий Ҳанафий (ваф: 1037/1628) ва Шайх Муҳаммад Абу Абдулло ибн Мунло Фаррух (ваф: 1061/1651)лардир.
Мулла Aли ал-Қорининг шуҳрати ҳаётлик чоғидаёқ тарқалган, ўзига муносиб илмий даражага эришган ва одамлар унинг вафот этгунича унинг билимлари ва дарсларидан баҳраманд бўлишган. Унда ноёб заковат, устун ақл, теран тушунча, таҳқиқ учун сабр-тоқат, содда ва тушунарли баён бор эди. Шунинг учун у барча илм-фанларга кира олди ва улкан натижаларга эришди. Катта-кичик жуда кўп фойдали асарлар битган, рисоладан тортиб, катта ҳажмга эга китобларни ҳам.
Aллома ўз даврининг илмий доираларида обрўли мавқега эга бўлган ва унинг кўплаб илм-фан соҳаларида билимларини олимлар тан олишган. Унинг шариат илмларини пухта эгаллагани боис барча илмлар бўйича китоблар ёзган. Aксинча, у таснифлаш ва муаллифлик бўйича етакчи ўринларда бўлган, ҳатто ақлий ва нақлий фанларда уни “қурувчи” деб ҳам номланган.
Алломани кўплаб олимлар, ўз асрининг ягона муҳаддислари мақтаб, унга турли сифат ва фазилатларни нисбат беришган. Уни нафақат диний арбоблар балки турли фан мутахассислари ҳам мадҳ этиб қаламлар юргизишган.
Ибн Обидин ўзининг “Танбиҳ ал-вуллот вал-ҳукком” асарида: “Унинг сўзларида у ўз замонасининг мужаддиди экани ва бунга лойиқ эканига ишора бор. Бу ҳақиқатни мутаассиблардан бошқа ҳеч ким инкор этмайди”, деган.
Абдулҳай Лакнавий “Ат-Таълиқ ал-мумажжад” асарида унинг баъзи асарларини санаб ўтгандан сўнг айтади: “Унинг бундан ташқари сон саноқсиз рисолалари мавжуд бўлиб, буларнинг барчаси фойдали. Унинг ушбу асарлари юз йилликнинг мужаддиди қаторига қўшган”.
Аллома ибни Обидин ўз рисоласида: “Мулла Али қори фақиҳлар, муҳаддисларнинг хотимаси, муҳаққиқ ва мудаққиқларнинг танлангани” – дейди.
Шайх Муҳаммад Зоҳид ал-Кавсарий “Ироқ аҳлининг фиқҳи ва ҳадиси” асарида ҳофизлар улуғи, Абу Ҳанифанинг шогирдлари ичида катта муҳаддислардан бири, деб баҳолайди.
Зириклий: “Муҳаммад Нуриддин Мулла Ҳиравий ал-Қори – ҳанафий фақиҳи, ўз замонасидаги илм пешвоси бўлган. Ҳиротда туғилиб, Маккада истиқомат қилган ва ўша ерда вафот этган” деб сифатлаган.
Аллома XVI асрнинг энг катта пешво алломаларидан бўлгани учун мазкур мақтовларда муболаға йўқ. Сабаби, у фақиҳ, усулчи, муфассир, муқриъ, мутакаллим, муҳаддис, луғатчи, наҳвий олимдир. Унга нодир заковат, китоб ёзиш қуввати, теран ақл, тадқиқот олиб боришда сабр ато қилинган эди.
Алломанинг илмий меросига назар ташлаган шахс унинг ҳар бир фанда кўплаб китобларни қолдирганини, нақлий ва ақлий илмларда маҳорат ва ихтирога эга эканини англайди. Ундаги билимларнинг кўплиги, манбалар ва маълумотномаларга кенг кириш имконияти мавжудлиги боис Ислом динининг кўплаб фанлари бўйича илмий асарлар яратди. У ақида, калом, тафсир, ҳадис, сийрат, араб тили грамматикаси ва бошқалар борасида асарлар ёзган.
Унинг таълифотлари кутубхоналарда ўз жойини эгаллаган. Унинг китоби топилмаган китобхонанинг ўзи қолмаган, ҳисоб. Қайси бир фанга қизиқсангиз Мулла Алининг ўша фанга доир таснифотларини кўрасиз. Кўпчилик олимлар унинг китоблари кўплигидан саноғида адашади. Баъзи олимлар асарлари сони 260 дан ошмаслигини айтишган.
Унинг асарлари сони борасида Исмоил Бағдодий “Ҳадиятул Орифин” асарида 107 та, “Ал-Бидоъа ал-музжат” асари муаллифи 134 та, Брокелман 185 та эканини айтганлар.
Лекин, “Ал-Ҳизб ал-Аъзам” асари шориҳларидан бири Маккада Мулла Али Қорийнинг набирасидан асарлари сонини эшитганлигини айтади: “Бобомизнинг 300 та таълифотлари мавжуд. У киши асарларини фарзандларига вақф қилган. Нусха кўчиришдан тўсмасликларини шарт қилган…”.
Унинг машҳур асарлари “Мирқот ал-мафотиҳ”, “Шарҳ ал-Фиқҳ ал-акбар”, “Фатҳ боб ал-иноя”, “Тафсири Али Қорий”, “Шифо асари шарҳи” кабилардир.
Мулла Али Қорий Маккаи мукаррамада 1014/1604 йил шаввол/феврал ойида вафот этди. У Макканинг Муъалло қабристонига дафн этилган. Шайх Абдуссаттор унинг қабрини жойлашган жойни таърифлаб: “(унинг қабри) чап томондан Ҳужун томонга чиқавериш йўлакнинг биринчидадир. Шу ерда Али ал-Қорининг қабри жойлашган”, деган.
-
Муҳаммад Абдулҳалим. Ал-Бидоъа ал-музжат лиман йутолиъ ал-мирқот. – Мултан (Покистон): Матаба Имдадидя. – Б. 2.
-
Қўлёзма: Али ал-Қори. Самм ал-қавориз фи замм ар-равофиз. Пешовар: Ал-Мактаба аш-шарқия. – Б. 300.
-
Али ал-Қори. Мирқот ал-мафотиҳ. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 2001. – Б. 17. Али ал-Қори. Ал-Минаҳ ал-фикрия. Қоҳира. – Б. 73-74.
-
Зириклий. Ал-Аълом. Дорул-илм лил малаин. Мулла Али ал-Қори мавзуси. Ж. 5. Б. 12.
-
Муҳаммад Абдураҳмон Шаммоъ. Мулла Али ал-Қори: асарлари ва у ҳақида ёзилган асарлари фиҳристи. “Офоқ ас-сақофа ват-турос” журнали. 1993, 1-сон.
-
Ибн Обидин. Танбиҳ ал-вуллот вал-ҳукком. Қоҳира: Дор ал-осор, 2007. Б. 144.
-
Шайх Абдуллоҳ Мирдод. Ал-мухтасар мин китаб нашр ан-нур ваз-заҳр фи тарожим афазил Макка. Байрут: Олам ал-маърифа, 1986. Б. 365-367.