Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / ОЛИЙ ФАЗИЛАТЛАР ТАРҒИБ ҚИЛИНДИ

ОЛИЙ ФАЗИЛАТЛАР ТАРҒИБ ҚИЛИНДИ

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги Фармони билан тасдиқланган “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид давлат дастури ижроси юзасидан Швейцариядаги Базель университетининг тарих ва этнография факультетида “Имом Бухорий асарлари мисолида ислом санъати” кўргазмаси ташкил этилди.

   

Кўргазмада Базель университети педагог ва талабалари, исломшунос олим ва мутахассислар, давлат ва жамоат арбоблари, санъат соҳаси вакиллари ва ихлосмандлари иштирок этди.

   

Ислом дини равнақи ва ислом цивилизацияси ривожида беназир аҳамиятга молик Имом Бухорий асарларида тараннум этилган юксак одоб-ахлоқ, илмга муҳаббат, Ватанга садоқат сингари эзгу умуминсоний қадриятларни санъат орқали кенг тарғиб қилиш мақсадида ташкил этилган кўргазма ишида таниқли миниатюрачи Давлат Тошев, хаттотлик санъати бўйича тажрибали рассом Камолиддин Абдуллаев, ёш ва истеъдодли ижодкорлар – хаттот Шейха Абдуллаева, графикачи рассом Ёқуб Бекназаров ва фотосуратчи Муҳиддин Али каби таниқли маданият намоёндалари асарларидан фойдаланилди.

Асарлар ҳадислар ёрдамида тавсиф талқин қилинди. Бу эса кўргазма иштирокчилари учун исломнинг асосий манбалари билан яхшироқ танишиш имконини берди. Иштирокчилар шунингдек, Ўзбекистоннинг энг ёрқин ва халқаро миқёсда тан олинган, ислом санъатига профессионал жиҳатдан ёндошган, унга маънан ва руҳан яқин ва содиқ санъаткорлар ижоди орқали халқаро ҳамжамиятни буюк муҳаддис Ватанининг маданий мероси билан таништирилди.

   

Кўргазмада санъатнинг миниатюра, хаттотлик, китобга безак бериш, тасвирий санъат, графика санъати, замонавий санъат инсталляциялари каби турларига оид асарлар намойиш этилди.

Имом Бухорийнинг саҳиҳ ҳадисларни тўплаш борасидаги изланишлари ва саёҳатларини ўзида акс эттирган тадбирда тинчлик, илмга интилувчанлик ва бағрикенглик каби фазилатларни ўзида мужассам этган эзгу дин – муқаддас ислом ғояларини умуминсоний қадриятлар сифатида тарғиб қилинди.

Маълумот ўрнида: мазкур университет Европанинг қадимий мустақил олий таълим муассасаларидан бири бўлиб, 1460 йилда фаолият бошлаган. Айни пайтда унинг мавжуд еттита факультетида 13 мингга яқин талаба таҳсил олади. Университет ҳузурида 1919 йилда Қўшимча таълим коллежи, 1997 йилда Қариялар университети, 2004 йилда Болалар университети ташкил қилинган. Унинг қошида бугунги кунда 40 дан ортиқ тарихий музей фаолият олиб бормоқда.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Мағрур ҳилпирайвер, юртим байроғи!

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида 18 ноябрь куни ходимлар иштирокида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул …