Шу йил 19 октябрь куни Бокуга ташриф доирасида Муфтий Нуриддин домла ҳазратлари Қозоғистон бош муфтийси Наврўзбай Тағанули ҳазратлари ва Туркманистон муфтийси Ялкап Хожагулиев жаноблари билан учрашув ўтказдилар. Унда Ўзбекистоннинг Бокудаги элчихонаси ва уч қардош юрт муфтийлиги вакиллари иштирок этди.
Самимий мулоқот чоғида Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасидаги ҳамкорлик диний-маърифий жабҳада ҳам изчил ривожланиб, халқларимиз ўртасидаги биродарлик янада мустаҳкамланиб бораётгани, бу икки Давлат раҳбарларининг оқилона сиёсати туфайли ўзаро муносабатлар янги босқичга кўтарилгани, уларнинг динга муҳаббатлари зиёдалиги боис мамлакатларимизда Ислом маърифатини кенг таратиш бўйича катта саъй-ҳаракатлар олиб борилаётгани алоҳида таъкидланди.
Учрашувда Қозоғистон ва Ўзбекистон Диний идоралари ўзаро ҳамкорлик қилиш, хусусан, мутахассислар касб-маҳоратини ошириш, ўзаро тажриба алмашиш, ҳамкорликда анжуманлар ўтказиш ҳамда долзарб мавзуларда замонавий фатволар ишлаб чиқиш каби муҳим масалалар яқин ҳамкорлик қилиб келаётгани, ушбу алоқаларни янада ривожлантириш бўйича келишиб олинди.
Шунингдек, Муфтий Нуриддин домла ҳазратлари Туркманистон муфтийси Ялкап Хожагулиев жаноблари билан мулоқот ўтказдилар.
Сермазмун учрашув давомида Ўзбекистон ва Туркманистон давлат раҳбарларининг саъй-ҳаракатлари, диний-маърифий соҳага қаратаётган алоҳида эътиборлари натижасида икки давлат диний идоралари ўртасидаги муносабат янада ривожланиб бораётгани, мўмин-мусулмонларнинг эҳтиёжини таъминлаш, улар ўртасида ўзаро бирдамлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш борасида қилинаётган ишлар ҳақида суҳбат қурдилар, келгусидаги ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш бўйича келишиб олдилар. Икки диндош ва қардош мамлакат диний идоралари фаолияти, ўзаро ҳамкорлик масалалари ҳақида фикр алмашилди.
Учрашувлар дўстона ва самимий руҳда ўтди.