Шарқ ва Ғарб инсониятнинг тарихий тараққиётини, цивилизация марказларини ўзида ифода этган. Бу заминда одамлар ўзининг ақл-заковати, фидоий меҳнати билан тарих зарварақларига олтин ҳарфлар билан ёзилган цивилизацияларни яратган. Бу ердан илм-фан, техника ва технологиялар соҳасида катта кашфиётлар қилган мутафаккирлар етишиб чиққан. Уларнинг қўлга киритган ютуқлари бугун бутун инсониятнинг мулкига айланган ва уларга хизмат қилиб келмоқда. Бу ютуқлар жамиятнинг ривожланишини янги юксак даражага кўтарилишида ўтказган таъсири билан илм-фанда цивилизациялар сифатида эътироф этилмоқда.
“Цивилизация” тушунчасига тадқиқотчилар турли хил таъриф беради. Хусусан, шотланд тарихчиси ва файласуфи А.Фергюссон (1773-1816) “цивилизация” тушунчасини жаҳон тарихий жараёнининг маълум бир босқичини ифодалаш учун ишлатади. Француз маърифатпарварлари ақл-идрок ва адолатга асосланган жамият маъносида қўллаган. Немис файласуфи О.Шпенглер (1880-1936) эса, аксинча, уни маданиятнинг антиподи маъносида, яъни маданиятнинг ҳалок бўлиш жараёни босқичини характерлаш учун, инглиз социологи ва тарихчиси А.Тойнби (1889-1975) эса ўзига хос ва нисбатан ёпиқ жамиятларни ифодалаш учун ишлатган.
Ўзбек миллий энциклопедиясида “цивилизация (лот. civilis – фуқароликка, давлатга тааллуқли) тамаддун: 1) Кенг маънода – онгли мавжудотлар мавжудлигининг ҳар қандай шакли; 2) маданият сўзининг синоними. Бу термин кўпинча моддий маданият маъносида ҳам қўлланади; 3) маданиятнинг замон ва маконда чегараланган тарихий типи (Миср цивилизацияси, Месопотамия цивилизацияси ва бошқалар); 4) ёввойилик ва ваҳшийликдан кейинги ижтимоий тараққиёт босқичи дейилган.
“Цивилизация” тушунчаси XVIII асрда “маданият” тушунчаси билан узвий боғлиқ равишда пайдо бўлган” [1:548]. Хуллас, бу тушунчага бугунги кунгача турлича таъриф бериш давом этмоқда. Ҳақиқатан ҳам унга мукаммал ва охирги илмий таъриф бериш мураккаб масала ҳисобланади. Чунки у кенг қамровли бўлиб, инсоннинг фаолияти натижасида вужудга келадиган ва айни пайтда унинг иштирокида ҳалокатга учрайдиган нодир тараққиёт кўрсаткичидир. Бугун унга илм-фан, маданият, техника, технологиянинг замон ва маконда юксак даражадаги тараққиётининг кўрсаткичи сифатида қараш мумкин. Цивилизациялар узлуксиз ва ҳар доим кечадиган жараён эмас. Улар тарихий тараққиётнинг маълум бир босқичида содир бўладиган инқирозларнинг кучайиши ва уларни бартараф этишнинг эҳтиёжи ўлароқ юзага келади.
Цивилизациялар пайдо бўлади ва айни пайтда объектив, субъектив омилларнинг таъсирида барбод бўлади. Улар “узоқ мавжуд бўла олмайди” [2:24]. Чунки улар тараққиётнинг эҳтиёжига жавоб бера олмайди. Аммо ҳар бир вужудга келган ва барбод бўлган цивилизациялар изсиз йўқ бўлиб кетмайди, балки кейингиси учун замин яратади. Шу маънода ҳам уларни ўрганиш ва имкониятларидан фойдаланиш инсониятнинг тараққиёти учун муҳим аҳамиятга эга.
Инсониятнинг тараққиёти давомида юзага келган цивилизацияларни фанда иккига – Шарқ ва Ғарбга ажратган ҳолда ўрганиш анъанага айланган. Уларни бундай ажратиш нафақат ҳудудларда содир бўлгани, шу билан бирга: а) Турли даврда шакллангани; б) минтақавий ва ўзига хос миллий хусусиятларни ўзида мужассамлаштиргани ҳам назарда тутилган. Аммо бундай қарашлар уларнинг бир-бири билан бутунлай “бегоналашган” ёки қарама-қарши эканини билдирмайди. Чунки: Биринчидан, цивилизация қайси ҳудудда ёки мамлакатда яратилишидан қатъий назар бутун инсониятга, уларнинг тараққиётига хизмат қилади; иккинчидан, цивилизация – илм-фан, техника, технология, маданият ва маърифат соҳасидаги катта кашфиётлар; учинчидан, цивилизациялар қайси даврда, қайси ҳудудда ёки мамлакатда яратилганидан қатъий назар бир-бири билан боғлиқ ва бир-биридан баҳра олади.
Албатта, цивилизациялар давлатчилик билан ҳам боғлиқ. Чунки, уларнинг шаклланиши учун зарур моддий ва маънавий шароитлар давлат ва унда олиб бориладиган сиёсатга боғлиқ бўлади.
Хусусан, қадимги Шарқ ва Ҳиндистонда, Хитой ва Марказий Осиёда юзага келган цивилизациялар мустаҳкам давлатчилик ва уларда илм-фан, маданият, маърифат ва маънавиятнинг юксалишига шароитнинг мавжудлиги туфайли ривожланган. Бу давлатларнинг ҳудудида милоддан аввалги IX-VI асрларда дунё ва жамият ҳақидаги қарашлар турли билимларнинг таъсирида ривожланган ва цивилизациялар юзага келган.
Қадимги цивилизациялар инсоният фалсафий тафаккурининг маҳсули бўлиб, улар ҳали илмга асосланмаган бўлса-да, бу даврнинг ривожланиш даражасида мифология ва илк диний қарашлар (фетишистик тафаккур) уларнинг шаклланишига замин тайёрлаган. Бу даврдаги қарашлар, таълимотлар, табиий-илмий билимлар астрономия, математика каби фанларга таянган. Бу фанларнинг ривожланиши эса давр эҳтиёжининг ифодаси бўлган. Оламда кечаётган турли ўзгаришлар ва уларнинг келиб чиқишини аниқлаш ва инсоннинг табиат билан бўладиган муносабати, ундан ўз ҳаёти учун зарур имкониятни излаб топиши ва улардан фойдаланишга бўлган эҳтиёжининг ортиб бориши ана шу табиий-илмий билимларнинг вужудга келишига ва ривожланишига сабаб бўлган.
Милоддан олдинги VII-VI асрларда Марказий Осиёда, хусусан, қадимги Хоразм заминида пайдо бўлган “Авесто”даги табиат, жамият ва инсон ҳақидаги ғоялар нафақат Ўрта Осиёга, балки Ғарбга ҳам ўз таъсирини ўтказган. Ундаги ғоялар афсона ва мифологияга асосланган бўлса ҳам, жамият ва инсон ҳақидаги қарашларнинг ривожланишида ўзига хос янги босқич сифатида намоён бўлган. Бу муқаддас китобда келтирилган тўрт унсур – тупроқ, олов, сув ва ҳаво тўғрисидаги ғоя инсоният фалсафий тафаккурининг катта ютуғи бўлган. “Авесто”да ёзилишича уларга зиён келтириш катта гуноҳ ҳисобланган ва бундай инсонлар қаттиқ жазоланган. Чунки, улар бутун борлиқнинг асоси деб қаралган. Тарихий маълумотларда дунёдаги биринчи файласуф деб эътироф этилган юнонистонлик Фалес (624-547)нинг бутун борлиқнинг манбаи – ер, сув, олов ва ҳаводан иборат тўртта унсур деган ғоясининг шаклланишида “Авесто”нинг таъсири бўлгани келтирилади.
Фалсафий тафаккурнинг маҳсули, деалектиканинг “қаймоғи” бўлган, қарама-қаршиликлар бирлиги ва кураши қонунининг илдизи ҳам “Авесто”га бориб тақалади. Чунки, унда ҳам олам нур ва зулмат, ҳаёт ва ўлим, яхшилик ва ёмонлик, эркинлик ва тобелик сингари ҳодисаларнинг азалий ва абадий курашидан иборатлиги ҳақидаги ғоя илгари сурилган. Бу кураш ёмонлик худоси Аҳриман билан яхшилик худоси Аҳура Мазда “образ”лари орқали очиб берилган. Қарама-қаршиликларда яхшилик ёмонлик устидан ғалаба қилган, бунинг натижасида инсонлар тинч, фаровон ҳаёт кечирган ва янги ҳаётни қуриш йўлида бирлашиб ҳаракат қилган.
Зардуштийлик динининг муқаддас китоби “Авесто”да илгари сурилган бу ғоялардан кўриниб турибдики, улар фалсафанинг инсон ва ижтимоий ҳаёт билан боғлиқ масалаларини ўзида ифода этган.
“Авесто”нинг Ғарб фалсафий тафаккурининг тараққиётига таъсири ҳақида фикр юритганимизда, Александр Макендонскийнинг милоддан аввалги 324 йилда Ўрта Осиёни босиб олиб, уни талон тарож қилиб, “Авесто”нинг икки қисмини ёқиб юборгани ва бир қисмини устози Арасту (Аристотель)га тақдим этгани ва бу мутафаккир уни қунт билан ўргангани ҳақидаги тарихий маълумотларни келтириш мумкин.
“Авесто”нинг Ғарб фалсафий тафаккурига таъсирини авестошунос олимлар шартли равишда учта тарихий даврга бўлади:
Қадимги авестошунослик даври деганда “Авесто” битикларини қадимги юнонлар, римликлар, яҳудийлар, сурияликлар ва бошқалар тадқиқ этган ва ўз даврининг тафаккури даражасида “Авесто”даги қимматли билимлар, фикрлар, тажрибаларни ўзлаштириб олиниши тушунилади [3.11б.].
Авестошунослар бу ноёб асарнинг илмий ва амалий аҳамияти ҳақида кўплаб тадқиқотлар олиб борган. Жумладан, “Ўрта асрлардаги Шарқ авестошунослиги арабларнинг ҳукмронлигига қарши ўз миллий қадриятларини ҳимоя қилиши, уларни чуқурроқ ўрганиши, зардуштийликка интилишнинг кучайиши билан боғлиқ ҳаракат. Бу ҳаракатнинг марказий жойлари Бухоро, Хоразм, Хуросон бўлиб, Ислом қобиғига ўралган тасаввуфнинг шаклланишига асос бўлиб хизмат қилгани таъкидланади” [4.11б.]. Яъни, айтиш мумкинки, бу даврда миллат ҳали шаклланмаган бир шароитда “Авесто” Зардуштийликка эътиқод қилган маҳаллий аҳолини ўз она юртини босқинчилардан ҳимоя қилишида ягона куч қилиб бирлаштирган.
“Авесто”нинг нафақат аҳолини бирлаштиришдаги, балки уларнинг ҳаёт кечириши учун зарур шарт-шароит ва имкониятларини шакллантиришдаги ўрни ҳам беқиёс. Яна иккита ўта муҳим жиҳатни алоҳида таъкидлаш лозим.
Улардан биринчиси, у ўз даврининг имконияти ва ривожланиш даражасига хос қарашлар, тафаккур ва ғоялар тизими, одамларнинг кундалик ҳаёти, турмуш тарзининг ифодаси сифатида намоён бўлган. “Авесто”нинг 12 мингта ошланган қора мол терисига тилла сувида ёзилган 32 китобдан иборат нусхаси бўлган. У дастлаб Хоразм, Сўғд ва Бақтрия ёзувига яқин бўлган юнон ва парфия ёзувларининг ислоҳ қилинган имлосида ёзилган. Бу “Авесто”нинг ёзуви сифатида маданиятимиз тарихига кирган [4.14 б.]. Бу даврда маданият, маърифат тараққиётнинг ўзига хос янги босқичига кўтарилган. Чунки, “Авесто” туфайли янги ёзувнинг пайдо бўлиб у орқали инсонларнинг ўзаро муносабат ўрнатиши, уларнинг ижтимоий, моддий ва маънавий эҳтиёжларининг таъминланиши тараққиётда янги босқич бошланганидан далолат беради. Одамлар кундалик ҳаётида ҳам “Авесто” ёзувидан фойдаланган. У бу жиҳатдан Шарқ халқларининг, хусусан, Марказий Осиё халқларининг маданияти ва маънавияти тараққиётида янги босқични бошлаб берган муҳим манбадир. “Авесто” инсонни барча қадриятларнинг энг улуғи эканини, эзгулик, яхшилик, меҳр-муҳаббат, бунёдкорлик, жисмоний, руҳий ва ахлоқий покликни, адолат, гўзаллик ва меҳнатни улуғлашни, табиат ва ҳайвонот оламига нисбатан меҳрли бўлишни тараннум этиши жиҳатидан нафақат Марказий Осиёда, балки бутун Шарқ заминида янги босқични ўзида ифода этган нодир ва муқаддас асардир. “Авесто”нинг ёзилишигача бўлган қарашлар тарқоқ ҳолатда бўлган ва ундаги даражада мукаммалликка эга бўлмаган.
“Авесто”даги иккинчи жиҳат шундаки, унда инсон муаммосининг мукаммал қўйилгани, тараққиётнинг қарама-қаршиликлардан иборат эканини ифодалаши (яъни, эзгулик Аҳурамазда, ёвузлик Аҳри Ман худолари орқали ифодаланиши, ҳаётнинг ер, олов, сув ва ҳаводан иборат тўртта асоси ҳақидаги ғояларнинг илгари сурилгани) билан қадимги дунё фалсафасини янги босқичга кўтарган ноёб фундаментал асардир. Унда бевосита фалсафанинг фундаментал ғояси, яъни жамият, унинг ижтимоий тузилмаси, ижтимоий ҳаёт, оила, эр, хотин, фарзандлар ўртасидаги муносабат ҳақидаги қарашлар илгари сурилган. “Авесто”да турли урф-одатлар ва уларнинг халқ, жамият ҳаётидаги ўрни, ёвузликнинг жамият ва инсонни инқирозга етакловчи куч экани асослаб берилган. Чунки, инсоннинг онгли фаолияти бошланибдики, ёвузлик у билан бирга яшаб, тараққиётга тўғаноқ бўлиб келмоқда, ундан халос бўлиш имконияти шаклланмай қолмоқда.
“Авесто”даги эзгуликка куч бағишловчи, инсониятнинг тинч ва фаровон яшаши учун зарур бўладиган ғояларни фундаментал тарзда ўрганишга эҳтиёж ошиб бормоқда. Ундаги “Эй, Аҳура Мазда! Эй гўзал Апдабиҳшит! Буни ўзимизга муносиб кўрдик: Икки оламда ҳам энг гўзал бўлган фикр, калом ва оламни танлаймиз” [5.158б.], ғояси ўз даври, шунингдек, бугунги кун учун ҳам ўзининг мазмун-моҳияти ва инсонларни эзгуликка ундаётгани билан қадриятга айланиб улгурган.
Антик даврнинг буюк намоёндалари Платон, Евклид, Фалес, Анаксимандр, Анаксимен, Гераклит, Аристотель, Эпикур каби алломалар Зардуштнинг аълимотини ўрганган ва ундан фойдаланган. Буни белгиялик авестошунос олим Жак Дюшен Гиемен бундай ёзган: “Ғарб Осиёнинг барча фарзандларидан биринчи бўлиб Зардуштни ўзига донишманд сифатида эътироф этди. Унинг таълимоти Исо алайҳиссаломдан тўрт аср олдин ҳам қадимги Макдонияни бойитган эди. Зардуштни ҳатто Афлотун ҳам билган. Будда ва Конфуцийнинг овози Овропага етиб келгунича кўп вақт талаб қилинди. Шунинг учун ҳам қадимги юнонлар Зароастр деб атаган Зардушт қадимги Шарқ донишмандлигининг ягона тимсоли сифатида асрлар мобайнида Ғарбда сақланиб қолган” [4.11 б.].
“Авесто”нинг инсониятнинг фалсафий тафаккури тараққиётидаги ўрнини алоҳида таъкидлаш лозим. Зеро, унда фалсафанинг энг муҳим қонуниятлари, хусусан, қарама-қаршиликлар бирлиги ва ўзаро кураш (эзгулик худоси Аҳура Мазда, ёвузлик худоси Аҳриман ўртасидаги кураш) ифода этилган. “Авесто”да ҳаётнинг манбаи ер, олов, сув ва ҳаво экани ғоясининг илгари сурилгани Юнонистон ва Рим мутафаккирлари фалсафий тафаккурининг шаклланиши ва ривожланишига ўзининг ижобий таъсирини ўтказганини уларнинг ўзи эътироф этган. [6.33 б.].
Зардушт ва у илгари сурган ғояларнинг бутун инсоният тафаккурининг тараққиётидаги ўрни ҳақида француз шарқшунос философи Лоуренс Милз бундай ёзган: “Зардушт бизга ҳар бир хижоси андишалар билан тўлиб-тошган сўзларни ёзиб қолдирди. Бу сўзлар қисқа, лўнда айтилгани жиҳатдан тенги йўқдир. Уч минг йил бурун изҳор этилган бу дастурлар бугун ҳам бизга нажот бахш этади. Агар бу дастурларни кўриб ўзимизни кўрмасликка олсак, ё уларни яширсак, бу бизнинг оқибатсиз ва кўрнамак эканимизнинг белгиси бўлар эди. Агар кишилик тафаккури бир достон бўлса ва унинг қадр-қиммати борасида сўз юритилса, у ҳолда Авестони бу дастурнинг энг юқори поғонаси деб билмоғимиз лозим. У маънавиятнинг энг қадимий тарғиботчисидир” [7.33б.].
Бундай эътирофларни Ғарбнинг барча авестошунос олимлари билдиргани ҳақида маълумотлар сақланиб қолган. Уларни алоҳида фундаментал тарзда ўрганиш зарур бўлади. Бу ерда биз “Авесто” ва унинг ижодкори Зардушт ҳақида фикр юритганимизда асосан иккита муҳим масалани назарда тутганмиз. Унинг биринчиси, “Авесто”нинг Шарқ халқлари, хусусан, Ўрта Осиё халқлари тафаккури тараққиётининг асосларидан бири сифатида пайдо бўлгани ва бу даврда юзага келган ренессанснинг дебочаси бўлгани; иккинчиси, унинг Шарқ ва Ғарбни боғлаган маънавий-ғоявий манба бўлгани.
Албатта, унда илгари сурилган ғояларни фундаментал тарзда ўрганиш ва уларни аждодларимиздан қолган катта маънавий бойлик сифатида халқимиз, айниқса ёшларимиз орасида оммалаштириш олимларимизнинг ва аҳолининг зиёли қатлами олдида турган муҳим вазифадир.
IX-XII асрларда Ўрта Осиёда яшаб фаолият кўрсатган мутафаккирларнинг қўлга киритган кашфиётлари ҳам Шарқ ва Ғарб цивилизациясини ўзаро туташтирган. Хусусан, Хоразмда туғилган Муҳаммад ал-Хоразмий (783-850)нинг математика ва астрономия соҳасидаги кашфиётлари, нафақат шарқ ва ғарбни, балки бутун дунё халқларини ўзаро боғлаган. “Хоразмий яшаган ва ижод қилган давр Марказий ва Ғарбий Европадаги “уйғониш” давригача бўлган “қоронғу тун”га тўғри келади. Уйғониш даврига ўтиш арафасида Европадаги биринчи математиклар Аделард Бот, Реберт Иестер, Леонардо де Ризе фан оламида кўрина бошлади. Уларнинг зиммасига шу давргача қўлга киритилган математик асарларни ўрганиш, уларни эгаллаш ва ривожлантириш вазифаси тушди. XII аср Европа математикаси учун Хоразмийнинг асарлари хазина бўлиб хизмат қилди, мустаҳкам замин ва озуқа берди [8.36 б.]. Бугунги кунда математика, астрономия, кибернетикадан тортиб, дунё аҳолисининг 4 миллиарддан ортиғининг қўлидаги мобил телефонигача бўлган барчаси буюк ватандошимиз ал-Хоразмийнинг математика соҳасидаги кашфиёти билан боғлиқдир. “Хоразмийнинг «Китоб мухтасар мин ҳисоб алжабр валмуқобала» («Алжабр валмуқобала ҳисоби ҳақида қисқача китоб») асари ҳам “Арифметика”си сингари жуда машҳур бўлиб, у ҳам XII асрда лотин тилига бир неча марта таржима қилинган. Бу таржималарнинг дастлабкисини 1145 йили честерлик Роберт, кейингисини эса Герардо ва сивилиялик Иоанн амалга оширган” [9.12 б.]. Хоразмийнинг “Зиж ал-Хоразмий” асари Европада XII асрнинг ўзида оммалашиб кетган. Унинг барча асарларининг дунёга тарқалгани умуман инсониятга хизмат қилгани ва бугун ҳам қилаётгани қувонарли ҳолат. Бу бугунги кунда халқимизда, айниқса, ёшларимизда миллий ғурур ва ифтихор туйғусини уйғотади. Аммо, Хоразмийнинг асарлари Буюк Британия, Франция, Испания ва бошқа мамлакатларнинг кутубхоналарида сақланаётгани ва давлатимиз айнан уларнинг ўзини эмас нусхаларини сотиб олишга мажбур бўлаётгани ачинарли ҳолдир.
Шарқ ва Ғарбни илм, маданият, маърифат ва маънавият соҳасидаги кашфиётлари билан туташтирган алломалардан яна бири Абу Райҳон Беруний (973-1048)дир. У қадимий Хоразмнинг пойтахти Қиёт шаҳрида туғилиб, 150дан баъзи манбаларда 160дан ортиқ асарлар яратган. Унинг бутун инсониятга қилган хизматларини икки гуруҳга ажратиб ўрганиш тўғри бўлади. Чунончи, унинг “Ҳиндистон”, “Минерология”, “Геодезия”, “Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар”, “Фойдали саволлар ва тўғри жавоблар” ва бошқа асарларида қилган кашфиётларини биринчи гуруҳга киритиб, уларнинг дунё фани, маданияти, маърифати ва маънавиятининг тараққиётидаги ўрнини алоҳида ўрганиш мумкин. Бу асарларида у астрономия, математика, геология, тарих, фалсафадаги кўплаб масалаларнинг ечимларини кашф қилган десак хато бўлмайди. У ўз асарларида исломгача бўлган даврда Шарқ халқларининг урф-одатлари, расм-русумлари, байрамлари, вақтни ҳисоблаши ва тақвим хронология тўғрисида фундаментал маълумотларни берган. Берунийнинг “Авесто”ни Искандар уни ёқиб юборгани ва бундан кўзланган мақсад ҳақидаги фикрлари халқимиз ва дунё маданияти ва тарихи учун муҳим манба ҳисобланади.
Берунийнинг Шарқ ва Ғарбни туташтиришдаги иккинчи хизмати унинг Хоразм Маъмун академиясини ташкил қилиши ва у ерда шарқ дунёсининг машҳур олимларини тўплаб илм-фан, маданият ва маърифатни ривожлантиришда карвонбошилик қилганидир. Унинг бу хизматлари натижасида Марказий Осиёда Иккинчи уйғониш даври юзага келди. Бу даргоҳда қўлга киритилган кашфиётлар нафақат Шарқ, балки Ғарб тараққиётини ҳам янги босқичга кўтарилишига сабаб бўлди. Унинг жаҳон халқларига қилган хизматлари ҳақида Франциянинг собиқ президенти, марҳум Француа Миттеран қуйидаги фикрларни айтган эди: “Ғарбда “Ал-Барон” деб ном олган Шарқнинг буюк мутафаккир олими Абу Райҳон Берунийнинг инсоният олдидаги хизмати шу қадар буюкки, унинг ёнига бошқа биронта миллатнинг вакилини қўйиб бўлмайди. У фаннинг барча соҳасида биринчи эди. Жаҳон илм-фанининг тарихини Абу Райҳон Берунийнинг илмий ишларисиз тасаввур қилиб бўлмайди” [10.33 б].
Ҳақиқатдан ҳам Берунийнинг фаннинг барча соҳасида қилган кашфиётлари ниҳоятда кенг қамровли бўлиб, уларнинг барчаси ўз давридан то ҳозирга қадар фанлар тараққиётига, халқларнинг фаровонликка эришишига хизмат қилиб келмоқда. Унинг бу хизматлари нафақат ўз даври, балки бугунги кунда ҳам Шарқ, хусусан, Марказий Осиё халқларининг ўзаро ҳамкорликда ривожланишига, интеллектуал ва маънан бойишига хизмат қилиб келмоқда. Дунё олимлари Абу Райҳон Берунийнинг дунё фани, маданияти ва маърифатининг ривожланишига қўшган буюк хизматларини эътироф этиб, XI асрни “Беруний асри” деб номлади. Беруний Шарқ, хусусан, Марказий Осиёни Ғарб билан туташтиришда қилган улкан хизматлари эвазига дунё илм-фани, маданияти, маърифат ва маънавияти тарихида муносиб ўрин эгаллаган.
Шарқ ва Ғарбни ўзининг кашфиётлари билан ўзаро туташтирган алломаларимиздан яна бири буюк бобомиз Абу Али Ибн Синодир. У Бухорода (980-1037 йй.) туғилиб, ўзининг биргина “Тиб қонунлари” асари орқали нафақат Шарқни, балки илм-фан ва маърифат марказларидан бири бўлган Марказий Осиёни Ғарб, қолаверса бутун ер юзи билан туташтирган аллома десак муболаға бўлмайди. Тиббиёт назарияси ва амалиёти учун муҳим манба бўлган бу асар ёзилганига минг йилдан ортиқ вақт ўтганига қарамасдан бутун инсониятга хизмат қилиб келмоқда. Асардаги турли касалликларнинг келиб чиқиш сабаблари, уларнинг олдини олиш ва даволашга доир аниқ кўрсатмалардан бугун ҳам дунё тиббиётида фойдаланиб келинмоқда.
Ибн Сино Беруний билан ҳамкорликда Маъмун академиясида самарали меҳнат қилган ва унинг ривожланишига салмоқли ҳисса қўшган. Ибн Синонинг Шарқни Ғарб билан туташтиришдаги ўрнини Ғарб олимлари ҳам эътироф этган. Жумладан, 1501-1576 йилларда яшаган италиялик файласуф, математик ва шифокор Джироламо шундай ёзган: “Менинг ҳамма ғояларим ўзимга эмас, балки Ибн Синога тааллуқлидир, чунки унинг назариялари философик қарашларнинг орасида ҳақиқатга яқин ягона ғоялардир” [10.34 б.]. Ибн Синони Ғарб олимлари, давлат ва жамоат арбоблари ҳам эътироф этгани ва Ғарб унинг ғояларидан фойдаланиб кўп соҳаларни ривожлантиргани ҳақида маълумотлар сақланиб қолган. У дунёда биринчи бўлиб, одамлар дардини енгиллаштириш йўлида ҳозирги фармакология ва тиббиётга асос солган мутафаккир. Унинг бу соҳада амалга оширган кашфиёти XI асрдан буён дунё халқларининг саломатлигига хизмат қилиб келмоқда.
Шарқни Ғарб билан туташтирган алломаларимиздан яна бири – Абу Наср Форобий (873-950 йй.)дир. У “Юнон фалсафасини чуқур билгани, унга шарҳлар битгани ва жаҳонга тарғиб қилгани ва замонасининг илмини пухта ўзлаштириб, фанларнинг ривожига улкан ҳисса қўшгани учун “Ал-Муаллим ас-соний” (“иккинчи муаллим”, Аристотелдан кейин), “Шарқ Арастуси” номларига сазовор бўлди” [11.288 б.]. Форобий 160дан ортиқ асар ёзган. У фалсафа, мусиқа, медицина ва бошқа фанлар билан шуғулланган. Унинг илмларни таснифлаш, “Фозил шаҳар аҳолисининг фикрлари” ва бир қатор асарлари нафақат Шарқда, балки Европада ҳам шуҳрат қозонган. Форобийнинг мантиқ фанини ривожлантиришдаги хизматларини жаҳон файласуфлари эътироф этган.
Форобийнинг илмий меросини ўрганиш 20 асрнинг биринчи ярмида бошланган. Европа олимлари Карра Де Во Хортен, М.Алонса, Д.М.Донлан, А.Штекл, Т.У.Буур, Б.М.Штренштейдер, Г.Лей, Р.Хаммонди, Р.Де Эрланжер, И.Гольдциер, Ф.Детерици, Г.Фармер, Н.Ришар ва бошқалар [9.202 б.] томонидан ўрганилган. Форобийнинг кўп соҳаларда янгиликлар яратган аллома экани ўз даврида ва ҳозирги кунда ҳам Шарқ ва Ғарбда эътироф этилган. Форобий фан, маданият, маърифат ва маънавият соҳасида қўлга киритган ютуқлари билан Шарқни, хусусан Марказий Осиёни Ғарб билан туташтиришга ўзининг салмоқли ҳиссасини қўшган. Буни унинг илмий меросини Ғарб ва Шарқ олимлари бугунги кунгача ўрганиб келаётгани ҳақидаги маълумотлар ҳам тасдиқлаб турибди. Давоми бор…
-
Ўзбекистон миллий энциклопедияси. 9-жилд. Т.: “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” давлат илмий нашриёти. 2005. 548-б.
-
Е.Абромян. Цивилизация в XXI веке. Глобальные кризисы. Четвертое издание. М.: 2009. стр-24.
-
Фалсафа қомусий луғат. Тошкент, “Шарқ”, 2004. 11-б.
-
Ҳ.Бобаев, Т.Дўстжонов, С.Ҳасанов. “Авесто” – Шарқ халқларининг бебаҳо ёдгорлиги. Тошкент, 2004, 14-б.
-
Авесто: Тарихий-адабий ёдгорлик (Н.Жўраев: таржимон А.Маҳкам). Тошкент, “Ғофур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи”, 2005, 32-б.
-
Тоҳир Карим Миллий тафаккур тараққиётидан. Тошкент, “Чўлпон”, 2003, 33-б.
-
Ш.И.Хаитов. Ўзбек философия тарихининг идеографик луғати. Тошкент, “Имом Бухорий халқаро маркази”, 2015, 34-б.
-
О.Файзуллаев. Муҳаммад Ал-Хоразмий ва унинг илмий мероси. Тошкент, “Фан”, 1983, 36-б.
-
А.Ахмедов. Муҳаммад Ал-Хоразмий. Тошкент, “OʻZBEKISTON”, 2011, 12-13-б.
-
П.Шермуҳаммедов. Даҳонинг туғилиши ёҳуд Абу Райҳон Беруний қисмати. Илмий-маърифий қисса. Тошкент, 2009, 336-б.
-
Ўзбекистон миллий энциклопедияси. Тошкент, “Ўзбекистон миллий энциклопедияси”, 9-жилд, 2005, 288-б.