Башариятни зулматдан нурга, залолатдан ҳидоятга олиб чиққан зот – Пайғамбаримиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Абдулмутталиб соллаллоҳу алайҳи васаллам Макка шаҳрида, Абдулмутталиб хонадонида милодий 571 йил тўртинчи ойининг иккинчи душанба куни эрталаб таваллуд топдилар. Бу тарихий ҳодиса қамарий ҳисобида рабиул аввал ойининг ўн иккинчи (баъзи манбаларда эса тўққиз, ўн, ўн биринчи) кунига тўғри келади. Шунга кўра рабиул аввал ойида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туғилган кунларини нишонлаш, “Мавлидун Набий” маросимларини ўтказиш ва у зоти шариф ҳақларига дуои салавотлар айтиш дунё мусулмонлари орасида кенг тарқалган анъанадир. Мавлидун Набий учун ислом уламолари махсус китоблар ҳам тасниф этилган. Шундай китоблардан бири XIII асрда яшаб ўтган араб олими Имом Жаъфар Барзанжийнинг қаламига мансуб “Мавлидуш шариф”дир. Китоб наср ва назмдан иборат бўлиб, уни уламолар ёддан билган, маросимларда ўқиб берган.
Лекин туркий халқларнинг кўпчилигига араб тилидаги “Мавлидуш шариф”ни маъноларини тушуниш бироз қийинчилик туғдирган. Шунинг учун улар аксар ҳолларда мавлид маросимларида Пайғамбаримизга салавотлар айтиб, Аҳмад Яссавийнинг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақидаги ҳикматларини, Расули акрам тарихи ҳақидаги ривоятларни ва туркий назмий мавлидларни ўқишган. Туркий аҳоли орасида Хилватий қаламига мансуб назмий “Мавлид” кенг тарқалган.
Асарнинг ёзилиш тарихи бундай: XIX аср охири XX аср бошларида яшаб ижод қилган шайх Лангарий шогирдларидан бири Мулла Йўлдош Хилватийга туркий тилда Пайғамбаримиз таваллудлари ҳақида бир китоб ёзишни топширади. Хилватий 1912 йилда Пайғамбаримиз таваллудлари ҳақидаги “Мавлид” назмий асарини ёзиб тугатади. Бу китоб халқ орасида “Мавлидун набий” ва “Мавлиди шариф туркий” номлари билан шуҳрат топади.
Аммо ҳозирги кунда мазкур маросимга қарши туриб, уни бидъатга чиқарадиган кишилар ҳам йўқ эмас. Шуни ҳисобга олиб, мавлид маросимлари ва уларни ўтказиш тартиби ҳақида далилларга суянган ҳолда баҳоли қудрат ўз фикримизни эътиборингизга ҳавола қилсак.
Биз Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам сабабли, жаҳолатдан маърифатга, зулматдан нурга, залолатдан ҳидоятга чиқишга муяссар бўлдик. У зоти муборак туфайли имон билан зийнатланиб, инсон деган номга лойиқ бўлик. Демак, Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг таваллуд айёмларини байрам сифатида нишонлашимизни ҳамда у зоти шарифга ҳурмат кўрсатиб, салавоту саломлар айтишни шариатга ҳеч қандай хилофлик томони йўқ. Шунингдек, фикримиз исботи ўлароқ, бу тўғрида оят ва ҳадисларга мурожаат қилсак;
Аллоҳ таоло Аҳзоб сурасининг 56-оятида бундай марҳамат қилган: “Албатта, Аллоҳ ҳам, Унинг фаришталари ҳам пайғамбарга дуою салавот[1] айтурлар. Эй мўминлар! Сизлар ҳам у зотга салавот ва саломлар айтинглар!”.
Жумладан, Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламдан салавот ва саломга оид: “Ким менга битта салавот айтса, Аллоҳ таоло унга ўнта салавот айтади”, “Ким менга жума куни бир салавот айтса, Аллоҳ таоло унга етмиш марта салавот айтади”, “Аллоҳга қасамки, мен сизларга ўзингиздан ҳам, фарзандларидан ҳам, молу давлатингиздан ҳам ва дунёдаги барча инсонлардан ҳам маҳбуброқ бўлмаганумча сизлар ҳақиқий мўмин бўлолмайсизлар”, “Ким жума куни менга юз марта салавот айтса, Аллоҳ таоло уни охират ишларидан етмиштасини ва дунё ишларидан ўттизтасини равон қилади. …”, “Ким менга жума куни салавот айтса, қиёматда у менинг шафоатимдан насибадор бўлади”, “Менинг таваллудимга алоҳида эътибор ила қараган киши учун қиёматда шафоатчи бўламан” мазмунидаги бир қанча ҳадислар ворид бўлган.
Шу боис ҳар йили Робиул аввал ойида юртимиздаги барча масжидларда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллуд айёмлари алоҳида эътибор билан кенг миқёсда нишонланиб, жойларда мавлид маросимлари ўтказилади. Уларда башариятга юксак намунани тақдим қилган зот – Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тарихлари, хулқлари, сийратлари тўғрисидаги маълумотлар берилиб, ўтганлар ҳаққига хатми Қуръон ва у зоти бобаракотнинг ҳақларига салавоту саломлар айтилади.
Ҳар бир маросим ва ибодатда муайян тартиб бўлганидек, Мавлид маросимларининг ҳам ўзига хос мақсади, тартиб ва талаблари мавжуд. Мавлид маросимларини ўтказиш ёки унда иштирок этишдан кўзланган савобга эришмоқ учун уларга алоҳида эътибор бериш лозим бўлади. Шулардан;
- Бошқа ибодатларни адо этишда шарт қилингани каби мавлид маросимини ўтказувчи (ёки маросимга борувчи) киши ниятини холис қилмоғи даркор. Маросимни ўзини кўз-кўз қилиш учун ёки бошқалардан уялганидан ўтказиши ёки шундай мақсадлар билан Мавлидга бориши нотўғридир.
- Мавлидга Аллоҳ таолодан савоб умидида ўтганлар ҳаққига хатми Қуръон бағишлаш ва Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳақларига салавоту саломлар айтиш учун бориш.
- Маросимда дабдабабозликка ва исрофга йўл қўйилмаслик.
- Мавлид маросимини ўтказишдан (ёки унга боришдан) мақсад Расулу акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларидан хабардор бўлиш ҳамда буни бошқаларга ҳам сўзлаб бериш ва қалбимизда у зотга меҳр-муҳаббатни янада зиёда қилиш.
- Маросимда ёши улуғларга алоҳида ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш.
- Бошқаларга халақит берадиган, чалғитадиган ишларни қилмаслик, зарурат бўлмаса, сўзламасдан жим туриш.
- Маросимда Аллоҳ таоло ва Унинг Расули айтганидек у зот ҳақларига дуои салавотлар айтишга кўпроқ эътибор бериш.
Мана шундай далиллар ва шариат илми пешволари бўлган имом-хатибларимиз тавсияларига таяниб, бажараётган ҳар бир ибодатимиз ва маросимларимизни аҳли илм билан маслаҳат қилган ҳолда бажарсак, албатта амалларимиз чиройли ва мақбул бўлғусидир.