Иккинчи шарқ ренессанс даврининг энг машҳур қомусий олимларидан бир сифатида Саъдуддин Тафтазоний эътироф этилган. Алломанинг тўлиқ исми Масъуд ибн ал-Қози Фахруддин Умар ибн ал-Мавло ал-Азим Бурҳонуддин Абдуллоҳ ибн ал-Имом ар-Раббоний Шамс ал-Ҳаққ, ад-Дин ал-Қорий ас-Самарқандий ал-Ҳаравий ат-Тафтазоний ал-Хуросоний ал-Ҳанафий(722-792/1322-1390) бўлиб, у Хуросоннинг Насо шаҳрига яқин Тафтазон қишлоғида туғилган.
Саъдуддин Тафтазоний Соҳибқирон Амир Темурнинг алоҳида таклифи билан Самарқандда ижод қилган. У араб, эски туркий ва форс тилларида илмий фаолият юритган бўлиб, тафсир, фиқҳ, калом, наҳв, балоғат, мантиқ ва бошқа соҳаларда элликдан ортиқ асар тасниф қилган ҳамда инсонлар унинг илмий меросидан манфаат топган олимлар сирасидан ҳисобланади[1]. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, аллома ўзининг шоҳ асарларини Мовароуннаҳр шаҳарларида битган. Хусусан, унинг қаламига мансуб асарларни илм соҳаларига ва уларнинг ёзилган йилига кўра, қуйидагича таснифлаш мумкин:
Ақоид илмига оид:
- Шарҳ ал-Ақоид ан-насафия. Бу асар 768/1367 йили Хоразмда ёзиб тугатилган.
- Китоб ал-Мақосид. Унинг тўлиқ номи “Мақосид ат-толибин фи илм усул ад-дин” бўлиб, 786/1384 йили Самарқандда ёзиб тугатилган.
- Шарҳ ал-Мақосид. Бу асар 786/1384 йили Самарқандда ёзиб тугатилган бўлиб, у “Китоб ал-Мақосид” асарининг шарҳи ҳисобланади.
- Ғояту таҳзиб ал-калом фи таҳрир ал-мантиқ ва-л-калом. Асар 789/1387 йили Самарқандда ёзилган. Асар таркибий жиҳатдан икки қисмдан иборат бўлиб, унинг биринчи қисми мантиқ ва иккинчи қисми калом илмига бағишланган.
- Рисола фи таҳқиқ ал-имон. Ушбу рисола ва “Шарҳ ал-Мақосид”дан Абдулҳаким ибн Шамсуддин Муҳаммад Сиялкутий Ҳиндий Ҳанафий Саъдуддин Тафтазонийнинг “ал-Мутаввал”га битган ҳошиясида иқтибос келтириб ўтган.
- Ар-Рисола фи ал-калом. Саъдуддин Тафтазоний ушбу рисоласини Хоразмда 768/1367 йили ёзган бўлиб, лекин тадқиқот жараёнида унинг қўлёзмаси ва нашри топилмади.
Усул ал-фиқҳ илмига оид:
- Талвиҳ фи кашф ҳақоиқ ат-танқиҳ. Ушбу асар Саъдуддин Тафтазоний томонидан Убайдуллоҳ ибн Масъуд ибн Тож аш-Шариа (ваф. 747/1346) нинг “ат-Тавзиҳ фи ҳалл ғавомиз ат-танқиҳ” номли асарига ёзилган машҳур шарҳдир.
- Ҳошия ало Шарҳ ал-Мухтасар ало Китоб Мунтаҳо ас-суъл вал-амал фи илмай ал-усул вал-жадал. Ушбу асар 770/1368 йил Хоразмда ёзилган.
- Шарҳ ал-Вароқот фи уcул ал-фиқҳ. Ушбу асар “Имом ал-Ҳаромайн” номи билан танилган шофиий мазҳаби олими Зиёуддин Абулмаолий Абдулмалик ибн Абдуллоҳ ибн Юсуф ибн Муҳаммад Жувайний Насобурий (419-478/1028-1078) нинг асарига ёзилган шарҳ бўлиб, унинг қўлёзма нусхаси сақланиб қолган бўлса-да, бугунги кунгача нашр этилмаган.
- Рисола ал-ҳудуд. Фиқҳий атамалар изоҳига оид ушбу асар “Рисола фи ҳудуд ал-алфоз ал-мустаъмала фи усул ал-фиқҳ” номи билан маълум.
Фуруъ ал-фиқҳ илмига оид:
- Ал-Фатово ал-ҳанафия. Бу асарида аллома Саъдуддин Тафтазоний Ҳиротда қози бўлган пайтда ҳанафий мазҳаби бўйича чиқарган фатволарини жамлаган ва ўша ерда 759/1358 йили ёза бошлаган.
- Шарҳ ал-Фароиз ас-сирожия. У Муҳаммад ибн Маҳмуд Сажовандийнинг (ваф. тах. 600/1204) “Фароиз ас-Сирожия” асарига ёзилган шарҳ.
- Ал-Мифтоҳ фи фуруъ ал-фиқҳ. Бу асар шофиий мазҳаби фуруъ ал-фиқҳига оид китоб бўлиб, 782/1380 (ёки 791/1389 йили) йили Самарқандда ёзилган. Лекин у бугунги кунгача топилмаган.
- Шарҳ Фиқҳ ал-Кайдоний. Мазкур асар Лутфуллоҳ Насафийнинг (ваф. 750/1349) “Фиқҳ ал-Кайдоний” асарига ёзилган шарҳ. У нашр этилган.
- Китоб ал-Иҳзор. Тафтазоний мазкур асарини Ғиждувон вилоятида 753/1352 йили ёзган. Аммо, асар бугунги кунгача топилмаган.
- Рисола ал-икроҳ. Алломанинг бу китоби 778/1376 йилда ёзилган.
Ҳадис илмига оид:
- Арбаун фи ал-ҳадис. Бу алломанинг мавзулаштирилган “қирқ” ҳадисга бағишланган асари бўлиб, у бугунги кунгача топилмаган.
- Шарҳ ал-аҳодис ал-арбаин ан-нававия. Ушбу асар бир неча бор нашр қилинган.
- Ал-Муътақодот. Асар ҳали ҳануз нашр этилмаган бўлса-да, унинг қўлёзма нусхалари мавжуд.
Тафсир илмига оид:
- Талхис ал-Кашшоф. Бу асар Абул-Қосим Маҳмуд ибн Умар ибн Муҳаммад ибн Умар Хоразмий Замахшарий (467-538/1074-1143) нинг “Кашшоф” асарига ёзилган ҳошия.
- Кашф ал-асрор ва удда ал-аброр фи тафсир ал-Қуръон. Ушбу асар Қуръони каримга ёзилган форсча тафсир бўлиб, унинг қўлёзма нусхалари бугунги кунгача сақланиб қолган.
Тажвид илмига оид:
- 1. Рисолати тажвид. Ушбу асар форс тилида.
Сийратга оид:
Шарҳ ал-Кавакиб ад-дуррия фи мадҳ хойр ал-бариййа. Бу асар Имом Муҳаммад Саъид Бусирий (ваф. 696/1297) нинг “Қасидат ал-Бурда” номи билан машҳур асарига ёзилган шарҳ ҳисобланади.
Араб тили грамматикасига оид:
- Шарҳ ат-Тасриф ал-Иззий. Ушбу асар Аздуддин Абдулваҳҳоб Иброҳим Занжонийнинг “ат-Тасриф” асарига ёзилган шарҳ бўлиб, аллома уни ўн олти ёшида 738/1338 йили ёзиб тугатган.
- Иршод ал-Ҳодий. Бу асар Хоразмда 778/1376-1377 йили ёзиб тугатилган.
- Ат-Таркиб ал-жалил фи илм ан-наҳв. Бу асар эъробнинг барча қоидаларини ўзида жамлаган.
- Ал-Исбаҳ. Бу асар Носир ибн Абдуссаййид Мутарризий (ваф. 610/1213) нинг “ал-Мисбаҳ” номли асари муқаддимасига ёзилган шарҳ.
- Қованин ас-сарф.
- Ҳалл ал-мавоқид фи Шарҳ ал-Қоваид ли Ибн Ҳишом ал-Ансорий.
- Шарҳ Ҳикмат ал-Ишроф.
Луғатшуносликка оид:
- Ниам ас-савобиғ фи шарҳ ал-калим ан-навобиғ. Бу асар Абул-Қосим Маҳмуд ибн Умар Замахшарий (467-538/1074-1143) нинг “Китаб ал-калим ан-навабиғ” асари шарҳи бўлиб, у 755/1354 йили ёзилган.
- Муслиҳуддин Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Мушрифуддин Саъдий Шерозий (ваф. 691/1292) нинг “Бўстон” (“Саъдийнома”, 655/1257 йил Димашқ) номли зарбулмасал жанрида ёзилган машҳур девонининг туркий тилдаги насрий таржимаси бўлиб, у 755/1354 йили ёзилган.
Балоғат илмига оид:
- Ал-Мутаввал. Бу асар Шайх Жалолуддин ибн Абдураҳмон Қазвиний Шофиийнинг (666-739/1268-1338) “Талхис ал-мифтоҳ фи ал-маоний ва ал-баён” асарининг шарҳи бўлиб, у Журжония шаҳрида 748/1347 йили ёзилган.
- Мухтасар ал-маоний. Бу шарҳ “Талхис ал-мифтоҳ” асарига битилган иккинчи машҳур шарҳ бўлиб, у 755-756/1355-1356 йиллар орасида Ғиждувонда ёзилган.
- Шарҳ мифтоҳ ал-улум. Ушбу асар аллома Сирожуддин Абу Яъқуб Юсуф ибн Абу Бакр Саккокий (ваф. 626/1229) қаламига мансуб “Мифтоҳ ал-улум” рисоласига 787/1385 йили Самарқандда ёзилган шарҳдир.
- Шарҳ ал-қисм ас-солис мин ал-мифтоҳ. Бу рисола 787/1385 йили Самарқандда ёзиб тугатилган.
Мантиқ илмига оид:
- Шарҳ ар-рисола аш-шамсия. Бу асар Нажмуддин Али ибн Умар Қазвиний Котибий (ваф. 693/1294) нинг рисоласига Жом вилоятида 753/1352 йили ёзилган шарҳдир.
- Ғояту таҳзиб ал-калом фи таҳрир ал-мантиқ ва-л-калом. Асар 789/1387 йили Самарқандда ёзилган.
Арифметика ва геометрияга оид:
- Шарҳ ар-рисола аш-шамсия фи ал-ҳисоб.
- Рисола фи завоё ал-мусаллас. Асарнинг қўлёзма нусхалари бугунги кунгача етиб келган
- Тасовий аз-завоя. Асарнинг қўлёзма нусхалари бугунги кунгача етиб келган.
Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки, Саъдуддин Тафтазоний ўз даврининг деярли барча фан соҳаларига оид қимматли асарлар ёзиб қолдирган ҳанафий-мотуридий олимидир. Хусусан, ушбу тадқиқот жараёнида алломанинг жами 41 та асари борлиги аниқланиб, улар 12 та фан соҳасига таснифланди. Улардан йигирматаси нашр этилган бўлса, саккизтасининг қўлёзма нусхалари топилди ва ўнтаси аниқланмади. Лекин бу алломанинг улардан бошқа китоблари йўқ деган хулосани бермайди. Шунингдек, унинг “Шарҳ ақоид ан-насафия”, “Ғояту таҳзиб ал-калом”, “Шарҳ ар-рисола аш-шамсия” ва “Ал-Мутаввал” каби асарлари Мовароуннаҳрдаги ва Усмонли турк империяси ҳудудидаги мадрасаларда XX асрнинг биринчи чорагигача ҳамда бутун дунёга машҳур Дор ал-улум Деовбанд каби халқаро таълим даргоҳларида эса бугунги кунгача асосий дарслик, қўлланма сифатида фойдаланилган ва фойдаланиб келинмоқда. Қолаверса, уларнинг бир нечтаси инглиз, турк, урду каби тилларга ҳам таржима қилинган.