Home / АЛЛОМАЛАР / Абулбаракот Насафий ҳаёти ва илмий мероси

Абулбаракот Насафий ҳаёти ва илмий мероси

Буюк юртдошимиз Абулбаракот Насафий Қуръон сирларининг ҳақиқатини очувчи, таъвил ҳақиқати сирларининг калити, Раҳмон ва каломининг таржимони, Маъно ва баён илмининг соҳиби, Усулу фуруъ орасини жамлагувчи дину миллатнинг ҳофизи, муҳофаза этувчи, Шайхул ислом вал муслимийн, Набию мурсаллар илмининг вориси мужтаҳидларнинг энг комили, саодат ва каромат эгаси бўлган зотниг тўлиқ исми Ҳофизуддин Абулбаракот Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Маҳмуд Насафийдир.

У зот қадимий Насаф воҳасида 1232 йилда таваллуд топган ва кейинчалик ўсиб-улғайгач ал Ҳидоя китобининг муаллифи Бурҳониддин ал-Марғинонийнинг шогирди Абдулважд Муҳаммад Шамсуддин ал-Кардарийдан таълим олган.

Абулбаракот Насафийнинг етук олим булиб етишишида устозларини меҳнати катта бўлган. Устозларидан бири таниқли олим Абулважд шамсу-л-аимма Муҳаммад Кардарийдир. У Абулбаракот Насафийга тафсир, фиқҳ ва калом каби шариат илмларини пухта ўргатади. Кардарий ҳам ўз вақтида “Ал-ҳидоя” соҳиби Бурҳониддин Марғиноний ва “Фатовои Қозихон” асарининг муаллифи Фахриддин Қозихон каби буюк устозлардан таълим олган.

Бундан ташқари, Абулбаракот Насафийнинг Ҳамидиддин Зарир Али ибн Муҳаммад ибн Али Ромиший ва Бадруддин Хавоҳирзода  Муҳаммад ибн Маҳмуд ибн Абдулкарим сингари устозлари ҳам бўлган.[1]

  Натижада Насафийнинг ўзи ҳам устозлари сингари машҳур олим бўлиб етишган ва “Ҳофизуддин” яъни динни ҳимая қилувчи номига муяссар бўлган. Абулбаракот Насафий 1310 йилда Бағдодга келиб Рабиъул аввал ойининг жума куни кечаси ўша ерда вафот этган ва Исфахон яқинидаги Изаж шаҳрида дафн қилинган[2].

Насафийнинг асарлари Ўзбекистон Рсепубликаси Фанлар Академияси Шарқшунослик институтининг қўлёзмалар жамғармасида сақланмоқда[3]. Олимнинг ҳаёти ҳақидаги маълумотлар манбаларда кам учрасада лекин унинг тафсир, фиқҳ ва калом каби исломий илмларнинг турли соҳаларида битган кўпгина асарлари ҳозирга қадар уламолар ўртасида эъзозланиб, мутолаа қилинади.

Унинг исломий  ҳуқуқи бўйича “Канзу-д-дақоиқ” (Нозик масалалар хазинаси), “ал-Вофий” (Тўлиқ) ва унинг шарҳи  “ал-Кофий” (Кифоя қилувчи) сингари йирик асарлари  мавжуд. Ҳатто, баъзи олимлар “Канзу-д-дақоиқ” ни Ҳидоядан кейинги ўринда қўйсалар, “ал-Вофий”-ни эса “Ҳидоя” қаторида кўрадилар. Абулбаракотнинг “ал-Манор” (Машъал) номли асари Усул ал-фиқҳ (фиқҳий асослар) ва унинг қоида-қонунлари ҳақидаги энг диққатга сазовор манбалардандир. Шу боис ушбу китобга ёзилган шарҳлар асосида юртимиздаги диний таълим муассасаларида “Усул ал-фиқҳдан” китоби дарслик сифатида фойдаланиб келинган.

Бундан ташқари, у калом илмига оид “Умдату-л-ақоид” (Ақидалар асоси) китобини ёзган ва калом илмининг машҳур намояндаси, Нажмуддин Абу Ҳафс Умар Насафийнинг китобига “ал-Мусаффо фи шарҳи-л-манзумати-н-насафийя” (Насафий назмининг шарҳи аниқланган китоб) номли шарҳ битган. Абулбаракот Насафий асарлари орасида энг қимматлиларидан бири тафсир илмига оид “Мадорику-т-танзил ва ҳақоиқу-т-таъвил” (Қуръон маънолари ва таъвил ҳақиқатлари) китобидир. Ушбу китоб, ҳанафий мазҳаби ва мотуридий ақидасига мувофиқ ёзилган бўлиб, бутун ислом дунёсида, айниқса Ўрта Осиёда катта шуҳрат қозонган. Китобнинг бир неча жойларида Ҳанафий мазҳаби йўлбошчилари ва Имом ал-Мотуридийнинг сўзлари ҳамда ўша даврнинг илм марказлари ҳисобланган Бухоро, Самарқанд олимларининг фикрларини ўқиш мумкин.

А. Рахимов
Имом Бухорий халқаро илмийтадқиқот маркази
Қуръоншунослик шўъбаси илмий ходими

[1] Ўрта аср шарқ алломалари Энциклопедияси Самарқанд 2016й. Б.262.

[2] Муҳаммад Ҳусайн аз-Заҳабий. Аттафсир  вал-муфассирун. -Қоҳира, 2000. -Б. 216.

[3] Имом ал-Бухорий сабоқлари 2/2008 й.

Check Also

АБУ БАКР ЖАССОС ИЛМИЙ МЕРОСИНИНГ ҲАНАФИЙ МАЗҲАБИ РИВОЖИДА ТУТГАН ЎРНИ

Абу Бакр Жассос (ваф. 370/981) қолдирган илмий мерос ҳанафий мазҳабида ўзига хос аҳамиятга эга. Аллома …