Home / ХАЛҚАРО ЯНГИЛИКЛАР / Алломаларимизнинг хорижда сақланаётган қўлёзмалари ўрганилмоқда

Алломаларимизнинг хорижда сақланаётган қўлёзмалари ўрганилмоқда

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан Малайзия халқаро Ислом университети билан ҳамкорликда “Ўзбекистон ва Мовароуннаҳр уламоларининг Малайзияда сақланаётган қўлёзмалари” мавзусида онлайн семинар бўлиб ўтди.

Марказ раҳбарияти ва илмий ходимлари, Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчихонаси мутасаддилари ҳамда мустақил тадқиқотчилар иштирок этган семинарда Малайзия Халқаро ислом университетининг педагогика ва исломшунослик шўъбаси раҳбари, проф. др. Муҳаммад Саид маъруза қилди. 

Олим жорий йилда Марказ томонидан таъсис этилган Имом Бухорий номидаги халқаро стипендия дастурининг илк ғолибларидан саналади. Унинг “Жануби-шарқий Осиё мамлакатларида сақланаётган Ўзбекистон ва Мовароуннаҳр уламолари қаламига мансуб қўлёзмалар тадқиқи” мавзусида олиб борган илмий изланишлари натижасида араб тилида шу номдаги каталог яратилди. Истиқболда Марказ билан ҳамкорликда уни ўзбек тилига таржима қилиб, нашр этиш режалаштирилган.

Халқаро стипендия дастури асосида араб тилида ўтказилган семинарда профессор Ўзбекистон ва Мовароуннаҳр уламоларининг Жануби-шарқий Осиё мамлакатларида сақланаётган қўлёзмаларини тадқиқ этишнинг аҳамиятига тўхталиб, уларни каталоглаштириш ва факсимиле нусхаларини олиш борасида эришилган натижаларга оид маълумотлар билан ўртоқлашди. Др. Муҳаммаднинг таъкидлашича, йирик илмий лойиҳанинг бошланиши бўлган бу илмий иш Малайзиядаги Саййид Муҳаммад Нақиб Аттос кутубхонасида сақланаётган қўлёзмалар устида олиб борилган. Олим тайёрлаган мазкур каталогда Мовароуннаҳр уламолари қаламига мансуб ҳанафий фиқҳи, усулул фиқҳ, ақида, Қуръон илмлари, тафсир, сийрат, ҳадис, мантиқ, балоғат ва араб тили грамматикасига оид 20 га яқин йўналишдаги салкам 150 та қўлёзма асар тўғрисида маълумотлар келтирилган.

Келгусида Малайзиядаги бошқа кутубхоналар ҳамда Жануби-шарқий Осиё мамлакатлари, жумладан, Индонезия, Сингапур, Бруней, Филиппин, Вьетнам, Камбоджа, Таиланд кутубхоналарида сақланаётган қўлёзмаларни ҳам ўрганиб, каталогини тайёрлаш кўзда тутилган. Бу илмий ишлар мазкур мамлакатлар кутубхоналаридаги асарлар бўйича олиб борилаётган илк тадқиқот бўлиб, юртимизнинг маънавий бойликларини муфассал ўрганиш ва изчил тадқиқ этишда муҳим манба бўлиб хизмат қилади.

Семинар якунида малайзиялик олим иштирокчиларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб берди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Мағрур ҳилпирайвер, юртим байроғи!

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида 18 ноябрь куни ходимлар иштирокида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул …